Инсон саломатлиги — устувор мақсад
  • 12 Февраль 2016

Инсон саломатлиги — устувор мақсад

Мамлакатимизда инсон манфаатларини таъминлаш, хусусан, фуқароларнинг малакали тиббий хизматдан фойдаланишига оид конституциявий ҳуқуқини кафолатлаш саъй-ҳаракатлари босқичма-босқич амалга оширилмоқда.

Аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш борасидаги комплекс чора-тадбирлар эса халқимиз турмуш даражасининг юксалишига хизмат қилаётир.
Бинобарин, мустақиллик йилларида одамларимизнинг ўртача умр кўриш кўрсаткичи 1990 йилдаги 67 ёшдан 73 ёшга, аёллар ўртасида эса 75 ёшга етгани, оналар ва гўдаклар ўлими уч баробардан кўпроқ камайгани соғлиқни сақлаш тизимидаги чуқур ислоҳотлар натижасидир.
Республикамизда фуқаролар саломатлиги муҳофазасида сифатли ва кафолатланган дори-дармон воситалари ҳамда тиббий буюмлар таъминотининг барқарорлиги ҳам муҳим ўрин тутади. Бу, ўз навбатида, соҳага қонун ҳужжатлари изчил татбиқ этилишини талаб қилади.
1997 йили “Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида”ги Қонуннинг аввалги таҳрири қабул қилинган вақтда мамлакатимизда атиги иккита фармацевтика корхонаси фаолият юритар ва уларда ўттизга яқин турдаги дори-дармонлар ишлаб чиқарилар эди. Бугунги кунга келиб эса Маҳаллийлаштириш дастури асосида фармацевтика корхоналари сони 117 тага етди. Уларда 1 минг 655 турдаги дори воситаси, 175 турдаги тиббий буюм ва 44 номдаги тиббий техника тайёрланмоқда. Шу билан бир қаторда, республикамизда дорилар сифатини назорат қилиш тизими яратилган бўлиб, уларнинг таркибида 8 та тиббий маҳсулотни сертификатлаштириш органи, 15 та назорат-таҳлил лабораторияси иш олиб бораяпти.
Умуман, фармацевтика соҳасининг жадал ривожланаётгани, тизимда рўй бераётган янгиланишлар туфайли бундан 18 йил аввал қабул қилинган қонун бугунги давр талабларига тўла жавоб бермай қолди. Дори воситалари ва фармацевтика фаолиятини мувофиқлаштириш борасида Вазирлар Маҳкамаси, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, маҳаллий ҳокимлик идоралари томонидан амалга оширилаётган қатор ваколатлар эски таҳрирдаги қонунда ўз ифодасини топмаган. Шунингдек, баъзи моддалар халқаро стандартларга мос келмасди. Ушбу жиҳатлар инобатга олинган ҳолда, “Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида”ги Қонун янги таҳрирда қабул қилинди, 2016 йил 5 январдан эса кучга кирди.
Мазкур янги таҳрирдаги Қонунни тайёрлаш жараёнида дори воситалари ва фармацевтика фаолияти бўйича Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти стандартлари, ривожланган хорижий давлатлар қонунчилиги таҳлил этилди, соҳадаги муносабатларни тартибга солиш бўйича илғор тажрибалар ўрганилди.
Шунингдек, ушбу ҳужжатда Вазирлар Маҳкамаси, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг дори воситалари ҳамда фармацевтика фаолиятидаги ваколатлари янада кенгайтирилди. Хусусан, Қонунда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ваколатларида бу йўналишдаги ҳудудий дастурларни тасдиқлаши ва амалга ошириши, жойлардаги давлат даволаш-профилактика муассасалари, аҳолини дори-дармон, тиббий буюмлар билан таъминлашда иштирок этиши белгиланди.
Аввалги таҳрирдаги Қонунга асосан, дорихоналарни фақатгина олий маълумотли фармацевт бошқаришига рухсат этиларди. Бугунги амалиётдан келиб чиқиб, дорихона филиалларини олий ёки ўрта махсус маълумотга эга фармацевт ҳам бошқариши мумкинлиги ҳақида қоида киритилди. Бу тиббиёт коллежларининг мазкур йўналишларини битираётган ёшларимизнинг бандлигини таъминлашда муҳим аҳамиятга эгадир.
Маълумки, дори препаратлари йўриқномаларига риоя этилмаса, нохуш оқибатлар келиб чиқиши мумкин. Таҳлилларга кўра, дунё бўйича дори воситаларининг ножўя таъсири натижасида юзага келадиган ўлим ҳолатлари юрак-қон томир, саратон, сил касалликларидан кейин тўртинчи ўринда туради.
Шу маънода, қонунчиликка “ножўя реакция” тушунчаси киритилиб, Соғлиқни сақлаш вазирлигига дори воситаларининг ножўя таъсирини аниқлаш, баҳолаш ва олдини олиш билан боғлиқ фаолиятни амалга ошириш вазифаси юклангани айни муддао бўлди. Бу тиббиёт тизимида, соҳага алоқадор барча юридик шахс билан қонуний иш олиб бориш, ножўя реакцияларни ўз вақтида аниқлаш ҳамда инсон саломатлигини сақлаш йўлида тегишли қарорлар қабул қилиш учун ҳуқуқий асос бўлади.
Бундан ташқари, Қонунга мувофиқ, жисмоний шахслар томонидан дори воситаларини ва тиббий буюмларни давлат рўйхатидан ўтказмасдан ҳамда божхона расмийлаштирувисиз олиб кириш ва олиб чиқишга рухсат берилиши мумкинлиги белгилаб қўйилди.  Аниқроғи, дори воситалари ҳамда тиббий буюмлар жисмоний шахслар томонидан шахсий фойдаланиш учун мўлжалланган бўлса, бу қоида амал қилади. Шунингдек, дипломатик ваколатхоналар ва уларга тенглаштирилган ваколатхоналарнинг дипломатик ҳамда маъмурий-техник ходимлари, шу жумладан, улар билан бирга яшаб турган оила аъзоларининг шахсий фойдаланиши ҳамда Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кириб келаётган ёки унинг ҳудудидан чиқиб кетаётган транспорт воситасининг йўловчиларига биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш учун мўлжалланган ҳамда тиббий дорилар қутичаси таркибига киритилган тақдирда божхона расмийлаштирувисиз олиб кирилишига рухсат берилади.
Хулоса ўрнида айтганда,  янги таҳрирда кучга кирган “Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида”ги Қонун аҳоли саломатлиги муҳофазасини янада кучайтиришда, фармацевтика соҳасини бугунги тараққиёт суръатларига мос равишда ривожлантириб, фуқароларга хавфсиз, сифатли ва кафолатланган дори воситалари ҳамда тиббий буюмлар етказиб бериш тизимини такомиллаштиришда мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлади.

Отабек МИРЗАЕВ,
Ўзбекистон Республикаси Президенти
ҳузуридаги Амалдаги қонун ҳужжатлари
мониторинги институти бош мутахассиси.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn