Мухолиф “Адолат” СДП фракцияси қонун лойиҳасини муҳокама қилди
  • 12 Февраль 2016

Мухолиф “Адолат” СДП фракцияси қонун лойиҳасини муҳокама қилди

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси мухолиф фракциясининг йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда шу йил январь ойида парламент қуйи палатаси томонидан биринчи ўқишда қабул қилинган янги таҳрирдаги “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокама этилди.
Фракция аъзолари ушбу ҳужжатга меҳнат муҳофазаси соҳасида махсус ваколатли давлат органини аниқ белгилашга доир янги меъёр ҳамда меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича хизматлар бозорининг профессионал иштирокчиси тушунчасининг киритилаётганини қўллаб-қувватладилар. Шунингдек, бу Халқаро меҳнат ташкилотининг мамлакатимиз томонидан ратификация қилинган конвенцияларидаги нормаларни самарали рўёбга чиқаришга ҳисса қўшишини айтиб ўтдилар.
Депутатлар таъкидлаганидек, янги таҳрирдаги “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилиниши ҳуқуқий ҳужжатларни янги шароитларга мослаштириш, меҳнат муҳофазаси тизими самарадорлигини ҳамда соҳага доир қонунчиликка риоя этилишига бўлган муносабатни мустаҳкамлаш, ходимларнинг ҳаёти ва соғлиғини ҳимоя қилиш бўйича фаолиятни яхшилаш имконини беради. Бу эса, ўз навбатида, меҳнат унумдорлигини оширишга замин яратади.
Йиғилишда фракциянинг Демократик кучлар блоки томонидан аввалроқ эълон қилинган меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида махсус ваколатли давлат органининг талабларини бажариш юзасидан масъул шахсларнинг жавобгарлиги ҳақидаги нормани маъмурий қонунчиликда бундай фаолият учун жавобгарлик белгиланмаганлигидан келиб чиқиб, чиқариб ташлашга доир таклифга муносабати билдирилди. Фракция аъзолари қонун лойиҳасида бундай норманинг акс этиши мансабдор шахсларнинг меҳнатни муҳофаза қилиш ҳақидаги қонунга риоя этиш бўйича масъулиятини кучайтиришини, бу эса ишлаб чиқаришда бахтсиз ҳодисалар ҳамда касб касалликлари камайишига имкон беришини баён этишди. Шу сабабли қонун лойиҳасида бундай нормани инобатга олиш ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ваколатли органнинг кўрсатмаларини бажармаганлик юзасидан жавобгарликни белгилашга доир ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш масаласини кўриб чиқиш зарурлигига урғу берилди.
Йиғилиш иштирокчилари қайд этганидек, қонун лойиҳасида кўзда тутилган янги меъёрлар халқаро принцип ва стандартларга мос равишда меҳнат шароитларини янада яхшилаш ҳамда хавфсизликни таъминлаш, иш берувчиларнинг меҳнатни муҳофаза қилишга доир қонунчилик талабларига риоя этишини кучайтириш, ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалар ва касб касалликлари ҳолатини камайтиришда муҳим аҳамиятга эгадир.
Умуман, қонун лойиҳасини қўллаб-қувватлаган ҳолда, унинг алоҳида меъёрларини Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексидаги шундай меъёрларга мувофиқ қайта кўриб чиқиш лозимлиги таъкидлаб ўтилди. Бундан ташқари, унда меҳнатни муҳофаза қилишга доир қонунчилик талабларига риоя этилишини текширадиган ва назорат қиладиган махсус ваколатли органларнинг аниқ таърифини бериш зарур.
Йиғилиш сўнгида “Адолат” СДП фракциясининг масъул қўмитага қонун лойиҳасини янада такомиллаштириш юзасидан тавсияларни тақдим этиш бўйича позицияси ишлаб чиқилди.

Зиёда АШУРОВА.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn