Давлат органлари фаолияти очиқлиги фуқароларнинг ахборот олишдаги ҳуқуқини кафолатламоқда
  • 22 Декабрь 2015

Давлат органлари фаолияти очиқлиги фуқароларнинг ахборот олишдаги ҳуқуқини кафолатламоқда

Фуқароларнинг ахборот соҳасидаги ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш юртимизда демократик жамият барпо этишнинг муҳим шарти ҳисобланади. Давлат ҳокимияти ҳамда бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги бунда алоҳида ўрин тутади.

Бу, ўз навбатида, ушбу органлар фаолияти устидан самарали жамоатчилик назорати амалга оширилишини таъминлашга, уларнинг фаолияти, қабул қилган қарорлари тўғрисида аҳолининг хабардорлигини кенгайтиришга имкон яратади. 2014 йилда қабул қилинган “Дaвлaт ҳoкимияти вa бoшқaруви oргaнлaри фaoлиятининг oчиқлиги тўғрисидa”ги Ўзбекистон Республикаси Қoнуни бу борада муҳим ҳуқуқий асос бўлмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси томонидан мазкур Қонун ижросига бағишлаб ўтказилган йиғилишда шулар хусусида сўз юритилди. Унда ушбу ҳуқуқий ҳужжат талабларининг Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги ҳамда Фарғона вилоятидаги давлат органлари тизимидаги ижросини ўрганиш якунлари муҳокама этилди.
Таъкидланганидек, мамлакатимизда фуқароларнинг ахборот олиш конституциявий ҳуқуқларини рўёбга чиқариш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги ҳамда ошкоралигини таъминлашга оид механизмларни ҳаётга изчил жорий этишга барча ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароит яратилган. Булар аҳолининг, жамоат бирлашмаларининг давлат ҳокимияти органлари томонидан қабул қилинаётган қарорлар ҳақидаги ахборотлардан кенг хабардор бўлиб боришини таъминламоқда.
Тадбирда Қонун нормалари ижросини таъминлаш мақсадида Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги ҳамда Фарғона вилоятидаги давлат органлари томонидан муайян ишлар амалга оширилаётгани қайд этилди.
Парламент қуйи палатаси депутатлари, ахборот соҳаси мутахассислари, оммавий ахборот воситалари, фуқаролик жамияти институтлари вакилларидан иборат ишчи гуруҳининг аниқлашича, интернетда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг расмий веб-сайтлари фаолияти йўлга қўйилган ҳамда тизимли равишда маълумотлар билан тўлдириб борилаяпти. Зарур ахборотларни ҳамма кириши мумкин бўлган жойларга жойлаштириш, архив ҳамда ахборот-кутубхона фондлари орқали тақдим этиш тизими жорий қилинган. Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти тўғрисида ахборотлар тайёрлаш, уларни оммавий ахборот воситаларида чоп этиш, жамоатчилик билан ишлаш мақсадида ахборот хизматлари фаолияти йўлга қўйилаётир.
— Мазкур Қонун журналистлар томонидан ахборот олиш, тўплаш ҳамда тарқатиш масалаларида тезкорлик ва холисликни таъминлашга, фуқароларнинг давлат ҳокимияти ҳамда бошқаруви органлари фаолияти тўғрисида аниқ ахборот олишга, қисқача айтганда, давлат органлари ва жамоатчилик ўртасида самарали ахборот алмашиш механизмини рўёбга чиқаришга хизмат қилмоқда, — дейди Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси аъзоси Расул Кушербаев. — Ўрганилган субъектларда бу бўйича бир қатор ижобий ишлар амалга оширилган бўлса-да, айрим камчиликлар мавжудлигини ҳам айтиб ўтиш жоиз. Шу боис муҳокама жараёнида мазкур субъектлар фаолияти очиқлигини таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатларни янада яхшилашга алоҳида эътибор қаратилди. ОАВ ходимларини аккредитациядан ўтказиш, ахборот хизматларига соҳа мутахассисларини жалб этиш, веб-сайтларни зарур маълумотлар билан вақтида тўлдириб бориш, давлат органлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш механизмини ривожлантириш мақсадга мувофиқлиги кўрсатиб ўтилди.
Йиғилишда, шунингдек, ушбу Қонунни амалиётга татбиқ этиш самарадорлигини оширишга қаратилган чора-тадбирларни кучайтириш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг қабул қилаётган қарорлари бўйича масъулиятини янада кучайтириш юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Якунда муҳокама этилган масала юзасидан қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.

Зиёда АШУРОВА.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn