Қишлоқ ва сув хўжалигини ривожлантиришда замонавий технологияларни жорий этишнинг ҳолати ва истиқболлари депутатлар эътиборида
  • 18 Декабрь 2015

Қишлоқ ва сув хўжалигини ривожлантиришда замонавий технологияларни жорий этишнинг ҳолати ва истиқболлари депутатлар эътиборида

Жорий йилнинг 17 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.

Депутатлар Ўзбекистон Республикаси қишлоқ ва сув хўжалиги вазирига “Ўзбекистонда сувни тежовчи технологиялардан фойдаланиш ҳолати ва унинг самарадорлигини ошириш истиқболлари, қишлоқ хўжалиги корхоналарида замонавий техника ва технологияларни жорий этиш тўғрисида”ги масала юзасидан “Адолат” социал-демократик партияси фракцияси ташаббуси билан юборилган парламент сўрови бўйича ахборотни эшитдилар.
Тадбирда Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг ҳамда бошқа манфаатдор вазирликлар, идоралар ва муассасаларнинг вакиллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этдилар.
Қонунчилик палатаси томонидан қишлоқ ва сув хўжалиги вазирига юборилган парламент сўровида “Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида”ги Қонунда белгиланган сувни тежовчи технологияларни ва илғор суғориш техникасини жорий этиш орқали суғориш воситалари ва ускуналарини такомиллаштиришга қаратилган нормаларнинг вазирлик томонидан бажарилиш ҳолати, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 19 апрелдаги “2013 — 2017 йиллар даврида суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини янада яхшилаш ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг амалдаги ижроси, шунингдек, мамлакатимизда сувни тежовчи технологиялардан самарали фойдаланиш ҳамда уларни жорий этишни жадаллаштириш мақсадида амалдаги меъёрий ҳужжатларни янада такомиллаштириш юзасидан олиб борилаётган чора-тадбирлар тўғрисида ахборот берилиши сўралган эди.
Вазирнинг ахборотини эшитиб депутатлар таъкидладиларки, ўтган йиллар мобайнида вазирлик томонидан мазкур масала юзасидан бир қатор ташкилий ва амалий ишлар бажарилган. Хусусан, сув ресурсларидан самарали ва мукаммал фойдаланиш, уларни муҳофаза қилиш, сақлаш ва истеъмолчиларга етказиб беришни ташкил этиш борасидаги вазифаларни ҳал қилишда сув хўжалигининг гидротехник ва бошқа муҳандислик иншоотларини, сув ресурсларини автоматик бошқариш каби тизимлардан кенг фойдаланилган.
Республика сув хўжалиги 180 минг километрлик суғориш тармоқларини, 160 мингта сув хўжалиги иншоотини, 800 та йирик иншоотни, йиллик электр энергияси сарфи 8 миллиард 200 миллион кВт соат бўлган 1496 та насос станциясини, 19 миллиард кубометрдан зиёдроқ ҳажмга эга бўлган 55 та сув омборини, 4124 та суғориш тик қудуғини ўз ичига олади.
Юқорида кўрсатиб ўтилган қарорни бажариш борасида 2013 — 2015 йиллар давомида 2575 километр узунликдаги коллектор тармоқлари реконструкция қилинди ва қурилди.
36 минг 957 километр узунликдаги очиқ ва 1 минг 564 километр ёпиқ горизонтал дренаж тармоқлари таъмирланди ва тикланди. “Ўзмелиомашлизинг” давлат лизинг компанияси орқали 477 дона замонавий мелиоратив техника ва механизмлар харид қилинди.
Шу билан бирга, 2013 — 2015 йилларда жами 890 километр узунликдаги каналларда, 193 километр лоток тармоқларида, 42 та гидротехник иншоотда, умумий қуввати 32,9 м3/с бўлган насос станцияларида, 323 миллион м3 сиғимли сув омборларида қурилиш ва реконструкция ишлари амалга оширилди.
Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирининг ахборотида қайд этилдики, замонавий суғориш техника ва технологияларини жорий этиш борасида ўтган йиллар давомида республика бўйича 18,5 минг гектар майдонга томчилатиб суғориш тизими, 18,4 минг гектар ерга эгилувчан қувурлар ёрдамида суғориш тизими, 16,3 минг гектар майдонда эгатларга плёнка тўшаб суғориш усуллари жорий этилиб, улардан самарали фойдаланиб келинмоқда.
Депутатлар вазирликнинг мазкур соҳадаги фаолиятини амалга оширишда мавжуд имкониятлардан янада кенгроқ фойдаланиш, вазирлик тизимидаги мутасадди идораларнинг масъулиятини ошириш лозимлигини, давлат бюджети ҳисобидан ажратилаётган маблағлардан тўлиқ ва самарали фойдаланишга эришиш, соҳага чет эл инвестицияларини кенгроқ жалб қилиш, шунингдек, мамлакатимизда сувни тежайдиган бошқа замонавий суғориш технологияларини ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилаётган амалий ишларни янада кучайтириш, мазкур соҳанинг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш зарурлигини  қайд этдилар.
Муҳокама давомида билдирилган фикр-мулоҳазалар инобатга олинган ҳолда, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси қишлоқ ва сув хўжалиги вазирининг ахборотини маълумот учун қабул қилди.
Парламент сўрови якунлари бўйича Қонунчилик палатасининг тегишли қарори қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг
Ахборот хизмати.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn