Ёш авлодни баркамол вояга етказиш — устувор вазифа
  • 17 Декабрь 2015

Ёш авлодни баркамол вояга етказиш — устувор вазифа

Мамлакатимизда мустақиллик йилларида таълим-тарбия тизими тубдан ислоҳ этилиб, ёш авлоднинг ҳар томонлама пухта билим олиши учун барча ташкилий, ҳуқуқий шарт-шароит яратилди.

“Таълим тўғрисида”ги Қонун ҳамда Кадрлар тайёрлаш миллий дастури соҳада самарадорликни оширишга, янги марраларни эгаллашга хизмат қилмоқда. Бинобарин, уларга кўра, таълим муассасалари давр талабларига мувофиқ янгиланди, замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган ўқув муассасалари ташкил этилди, энг муҳими, малакали педагог кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тизими яратилди. Буларнинг барчаси навқирон авлоднинг бахтли келажаги, ҳеч кимдан кам бўлмай вояга етишига қаратилгани билан ниҳоятда аҳамиятлидир.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси томонидан болаларни мактабгача таълим муассасаларига қамраб олиш механизмларини такомиллаштириш чора-тадбирларига бағишлаб ўтказилган давра суҳбатида ана шулар хусусида сўз юритилди.
Таъкидланганидек, юртимизда Президентимиз томонидан маънавий ва жисмоний жиҳатдан соғлом авлодни вояга етказиш масаласига давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилмоқда. Бунинг учун улкан имкониятлар яратиб берилаётир. Юртимизда узлуксиз таълим тизими йўлга қўйилгани бунинг тасдиғидир.
Тадбирда мактабгача таълим муассасалари фаолияти сифати, уларнинг моддий-техника базаси, кадрлар салоҳияти, тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда амалга ошираётган ишлари билан боғлиқ асосий йўналишлар таҳлил этилди.
— Давлат бюджетидан мактабгача таълим бўғинига ажратилаётган маблағлар миқдори изчил ошириб борилаяпти, — дейди Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси аъзоси Дилфуза Жалилова. — Зеро, фарзандларимизни ҳар томонлама соғлом вояга етказишда мактабгача таълим муассасалари муҳим ўрин тутади. Бугунги кунда улар фаолиятининг хуқуқий-меъёрий асослари такомиллаштирилиб, айниқса, нодавлат мактабгача таълим муассасалари тармоғи кенгайтирилмоқда.
Муҳокама жараёнида мазкур масканларга болаларни кўпроқ жалб қилиш ва уларни мактаб таълимига тайёрлаш мақсадида тегишли низомга мувофиқ, қисқа муддатли гуруҳлар ташкил этиш жараёнини янада кучайтириш, уларнинг фаолият самарадорлигини ошириш масалаларига урғу берилди. Қайд этилганидек, бу борада кўрилаётган тизимли чора-тадбирлар самараси ўлароқ, ҳозирги вақтда мактабгача таълим муассасаларига болалар қамровини кенгайтириш, ҳудудларда қисқа муддатли гуруҳларни йўлга қўйиш ишларига масъулият билан ёндашилаётир. Чунончи, 2015 — 2017 йилларда республикамизда 1220 та қисқа муддатли гуруҳ ташкил этиш режалаштирилган. Бугунги кунда Андижон, Бухоро, Жиззах, Сирдарё вилоятларида маҳаллий бюджет ҳисобидан маблағлар ажратилиб, қисқа муддатли гуруҳларга шарт-шароит яратилмоқда. Улар учун “Билимдон” дастури ишлаб чиқилиб, амалиётга жорий қилинди.
Давра суҳбатида сўнгги йилларда мактабгача таълим тизимининг моддий-техника базасини мустаҳкамлашга алоҳида аҳамият қаратилаётгани таъкидланди. Жумладан, 2015 йилда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги 280 та мактабгача таълим муассасасининг мукаммал таъмирланиши ва жиҳозланиши учун Давлат бюджетидан 166,7 млрд. сўм маблағ йўналтирилган. Бундан ташқари, болаларнинг мантиқий фикрлашини ривожлантирувчи 7 номдаги 3 млрд. сўмлик ўйинчоқлар барча мактабгача таълим муассасасининг тайёрлов гуруҳларига етказиб берилган.
Шу билан бирга, айрим ҳудудларда мактабгача таълим муассасаларига болаларни янада кенгроқ қамраб олиш зарурлиги қайд этилди. Депутатлар фикрича, бунда мактабгача таълим тизимининг янги шакл ва услубларидан кенг фойдаланиш, маҳаллий ҳокимликлар ҳамда мутасадди идоралар билан биргаликда ишлашни янада кучайтириш мақсадга мувофиқдир.
Давра суҳбати якунида тегишли тавсиялар ишлаб чиқилди.

Зиёда АШУРОВА.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn