Аҳоли турмуш фаровонлигини янада ошириш кенг кўламли бунёдкорлик ишларидан кўзланган пировард мақсаддир
  • 17 Декабрь 2015

Аҳоли турмуш фаровонлигини янада ошириш кенг кўламли бунёдкорлик ишларидан кўзланган пировард мақсаддир

Президентимиз Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 23 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида дунёдаги саноқли давлатлар қаторида Ўзбекистонда мустақил тараққиёт йилларида иқтисодиёт қарийб 6 баробар, аҳоли жон бошига тўғри келадиган реал даромадлар 9 баробардан зиёд ўсганини алоҳида таъкидлади.

Дарҳақиқат, жаҳонда глобал молиявий-иқтисодий инқироз ҳали-бери давом этаётганига қарамай, юртимиз иқтисодиётининг барқарор ривожланиб бораётгани ижтимоий йўналтирилган сиёсатни изчил амалга ошириш, одамлар турмуш даражасини янада яхшилаш, инсон манфаатлари устуворлиги тамойилининг ҳаётийлигини таъминлаш мақсадларига хизмат қилмоқда.  Хусусан, аҳолимизнинг салмоқли қисми яшайдиган қишлоқ ҳудудларида намунавий лойиҳалар асосида якка тартибдаги уй-жойларни қуриш, энг чекка, олис манзилларда ҳам замонавий инфратузилмани шакллантириш юзасидан комплекс чора-тадбирлар рўёбга чиқарилаётир.
Айниқса, давлатимиз раҳбарининг 2009 йил 3 августда қабул қилинган “Қишлоқ жойларда уй-жой қурилиши кўламини кенгайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига кўра, олис, чекка ҳудудларда ҳам ҳозирги архитектура талабларига жавоб берадиган, шинам ва барча қулайлик муҳайё қилинган тураржойлар барпо этишга киришилгани, ҳар йили кўплаб оилалар ана шундай уйларга эга бўлаётгани эътирофга лойиқ.
Жумладан, Бухоро вилоятида 2009 — 2014 йиллар мобайнида барча тумандаги 149 та массивда намунавий лойиҳалар асосида 3 минг 354 та уй-жой қурилиб, фойдаланишга топширилди. Ушбу мақсадлар учун 374,8 миллиард сўм йўналтирилгани бунёдкорлик ишлари нақадар кенг кўламда эканидан далолат беради.
Қишлоқ аҳолисининг муносиб турмуш кечиришига кўмаклашишдек эзгу ниятга қаратилган бу саъй-ҳаракатлар жорий йилда ҳам изчил давом эттирилмоқда. 2015 йилда 24 массивда 923 та намунали уй-жой қурилиши режалаштирилган бўлиб, 1 ноябрь ҳолатига кўра, уларнинг 838 таси бунёд этилиб, эгаларига топширилди. Қолган 85 уй-жой объектининг қурилишини ҳам йил якунигача тугатиш ишлари қизғин тус олган.
Албатта, муайян ҳудуднинг ўзига хос табиий ва иқлим шароити, миллий анъаналаримизни ҳисобга олиб, пухта ишлаб чиқилган намунавий лойиҳалар асосида барпо этилаётган бу тураржойларга аҳоли ўртасида қизиқиш ортиб бораётгани бежиз эмас. Тасдиқланган меъёрий ҳужжатларга мувофиқ, уй-жойлар билан биргаликда муҳандислик-коммуникация, ижтимоий ва бозор инфратузилмаси объектлари ҳам қад ростлаётгани қишлоқларда турмуш шароитининг замон талаблари даражасида юксалиб боришига хизмат қилаётир.
Аёнки, янги қишлоқларни барпо этишда аҳоли учун барча зарур шароитни яратиш — бош мезон этиб белгиланган. Шу боис уларни муҳандислик-коммуникация тармоқлари — электр энергияси, табиий газ, ичимлик суви, иситиш, канализация билан таъминлаш, йўллар, кўприклар қуриш ишларига ҳам алоҳида эътибор қаратилаётир.
Бухоро вилоятида ўтган йиллар мобайнида бунёдкорлик ишлари олиб борилган 149 массивнинг барчасида йўллар қурилиши тўлиқ якунланди, ичимлик суви, электр энергияси ва табиий газ таъминоти йўлга қўйилди. Мактаблар, қишлоқ врачлик пунктлари, маҳалла гузарлари, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари бунёд этилди.
Эътиборли жиҳати, қишлоқларда бундай кенг кўламдаги  бунёдкорлик ишларида мамлакатимиз корхоналарида ишлаб чиқарилган қурилиш материалларидан фойдаланилмоқда.  Ўтган йиллар мобайнида бу борада катта тажриба тўплангани, намунавий лойиҳалар асосида уй-жойлар қурилиши яхлит индустрияга айлангани қурилиш ишларини ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш имконини бераяпти.
Халқ депутатлари Бухоро вилояти Кенгашининг Саноат, транспорт, қурилиш, коммунал хўжалиги масалалари ва аҳолига хизмат кўрсатиш бўйича доимий комиссияси томонидан мазкур долзарб ижтимоий аҳамиятга молик йўналишдаги ишлар мунтазам ўрганиб борилмоқда. Туман ҳокимликлари, тегишли корхона ва ташкилотлар раҳбарларининг ахборотлари тингланиб, тавсиялар берилмоқда ҳамда ижроси назорат қилинаяпти.
Жумладан, жорий йилда доимий комиссиянинг ушбу масалага бағишлаб ўтказган йиғилишида “Қишлоқ қурилиш инвест” инжиниринг компанияси Бухоро вилояти филиали томонидан бажарилган бунёдкорлик ишлари муносиб баҳоланди. Шу билан бир қаторда, намунавий лойиҳалар асосида уй-жойлар қурилиши сифатини янада ошириш,  қишлоқлардаги янги массивларда аҳоли сонидан келиб чиққан ҳолда, чиқиндихоналар қуриш, шаҳар ва туман марказларига қатновчи транспорт хизматини ривожлантириш каби масалаларни ҳал қилиш  бўйича тавсиялар берилди.
Бундан ташқари, қишлоқ жойларда коммунал хизмат даражасини кўтариш, ўз навбатида, истеъмолчиларнинг кўрсатилган хизматлардан қарздорлигини камайтириш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирлар ҳақида Бухоро вилояти “Электр тармоқлари” акциядорлик жамияти, вилоят “Сувоқова” ишлаб чиқариш бошқармаси раҳбарларининг ҳисоботлари тингланди. Келгуси йилда ҳам қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар асосидаги уй-жойлар, ижтимоий инфратузилма тармоқларини барпо қилиш, аҳолига хизмат кўрсатиш даражасини юксалтириш борасидаги саъй-ҳаракатлар самарадорлигини ошириш учун мавжуд имкониятларни сафарбар этиш чоралари белгиланди. Бу эса 2016 йил — Соғлом она ва бола йилида олис ва чекка ҳудудларда истиқомат қилаётган аҳоли, аввало, аёллар учун ҳар томонлама муносиб шароитни яратишда, уларнинг турмушини енгиллаштиришда айни муддаодир.
Мухтасар айтганда, амалга оширилаётган мана шундай янгиланиш ва бунёдкорлик ишлари туфайли нафақат қишлоқларимиз обод, кўркам манзилларга айланаётир, балки оилаларнинг  фаровонлик даражаси ошиб, фарзандларимизнинг баркамол, ҳеч кимдан кам бўлмай вояга етиши учун пухта замин яратилмоқда.

Тоҳир БАҲРОНОВ,
халқ депутатлари Бухоро вилояти Кенгаши Саноат, транспорт, қурилиш, коммунал хўжалиги масалалари ва аҳолига хизмат кўрсатиш бўйича доимий комиссияси раиси.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn