Ахборот соҳасини ислоҳ қилишнинг муҳим босқичи
  • 17 Декабрь 2015

Ахборот соҳасини ислоҳ қилишнинг муҳим босқичи

Ахборот эркинлигини таъминламасдан, одамлар ўз фикр ва ғояларини, атрофдаги воқеа-ҳодисаларга муносабатини эркин ифода этадиган муҳитни яратмасдан туриб, ҳақиқий демократияга эришишни тасаввур қилиб бўлмайди.

Бинобарин, ахборот алмашишнинг тобора жадаллашуви, фуқароларнинг ахборотдан ҳамда масофадан туриб интерактив хизматлардан фойдаланишига кенг имкониятлар яратиб берадиган глобал телекоммуникация инфратузилмасини шакллантириш бугунги даврнинг муҳим жиҳатларидан ҳисобланади.
Ахборот-коммуникация глобаллашуви шароитида давлат, бизнес, жамоатчилик институтлари ва фуқаролар ўртасида самарали мулоқот ташкил этиш учун ушбу соҳа технологиялари салоҳиятидан кенг фойдаланиш устувор аҳамиятга эга. Бунда аҳолининг сиёсий, иқтисодий фаоллигини, уларнинг мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги реал иштирокини янада оширишга қаратилган қонунчилик базасининг ўрни ниҳоятда каттадир.
Энг муҳими, давлат органларининг жамият олдида ҳисобдорлиги, шаффофлигини таъминлаш, аҳолига тақдим қилинадиган интерактив давлат хизматларини ривожлантириш мақсадида маъмурий давлат тартиб-таомилларини қайта кўриб чиқиш замонавий ижтимоий коммуникация ҳуқуқий асосларининг муҳим тамойиллари ҳисобланади. 
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда миллий ахборот соҳасини ривожлантириш борасида катта натижаларга эришилди. Бу ютуқлар бугунги кунда халқаро ҳамжамиятнинг ҳам юксак эътирофига сазовор бўлаяпти.
Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясига мувофиқ ишлаб чиқилган ҳамда 2014 йилда қабул қилинган “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Қонун фуқароларнинг ахборот олишга оид конституциявий ҳуқуқлари  кафолатларини мустаҳкамлади. Шунингдек, мазкур ҳуқуқий ҳужжат ахборотни, аввало, фуқароларнинг бевосита ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларига дахлдор бўлган маълумотларни олиш механизмларини аниқ белгилаб берди.
Мамлакатимизда ахборот соҳасини изчил ва жадал ривожлантиришда “Алоқа тўғрисида”ги, “Электрон ҳужжат айланиши тўғрисида”ги, янги таҳрирдаги “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги қонунлар муҳим аҳамият касб этмоқда. 2013 — 2020 йилларда Ўзбекистон Республикаси Миллий ахборот-коммуникация тизимини ривожлантириш комплекс дастури амалга оширилаяпти. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ташкил этилди. Шу асосда замонавий ахборот технологиялари инфратузилмаси шакллантирилди. Бу, ўз навбатида, оммавий ахборотнинг миллий ва халқаро ахборот маконида тўсиқсиз айланишига имкон бераётир.
Ахборот-коммуникация соҳаси ривожланишида яқинда қабул қилинган “Электрон ҳукумат тўғрисида”ги Қонуннинг кучга кириши, шубҳасиз, янги босқични бошлаб беради. Мазкур ҳуқуқий ҳужжат давлат бошқаруви тизимини ислоҳ қилишни янада чуқурлаштириш, унинг самарадорлигини ошириш, фуқароларнинг ахборотга бўлган эҳтиёжларини қондиришдек аниқ натижаларга эришиш учун мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилади. Қонунда белгиланган давлат органлари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлиги, “бир дарча” принципи бўйича электрон давлат хизматлари кўрсатиш, электрон давлат хизматлари кўрсатиш тартибини мунтазам такомиллаштириб бориш каби тамойиллар инсон ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини янада мустаҳкамлайди.
Бундан ташқари, мазкур Қонун мурожаатларни кўриб чиқиш тезкорлигини оширишга, мансабдор шахслар масъулиятини ва ижро интизомини кучайтиришга, аҳоли ҳамда тадбиркорлик субъектлари билан мулоқот қилишнинг қўшимча механизмларини жорий этишга кўмаклашади. Мамлакатимизнинг барча ҳудудида ариза берувчилар билан давлат органлари ўртасида электрон ҳамкорликни амалга ошириш, улар томонидан давлат хизматлари ва ахборотнинг кенг турларидан фойдаланиш учун шарт-шароит яратиш ушбу саъй-ҳаракатларнинг амалий натижаси ҳисобланади.
Ўзбекистонда ахборот соҳасидаги муносабатларни ҳуқуқий тартибга солиш тизимининг такомиллаштирилиши демократик институтларни янада ривожлантириш, фуқароларнинг ахборотга оид ҳуқуқлари кафолатларини таъминлаш, уларнинг давлат идораларига нисбатан ишончини мустаҳкамлаш учун янги имкониятлар эшигини очади.
Хулоса ўрнида айтганда, юртимизда ҳаётга татбиқ қилинаётган тизимли ва изчил давлат ахборот сиёсати коммуникация соҳасида ҳуқуқни қўллаш амалиёти самарадорлиги гарови ҳисобланади. Бинобарин, ушбу сиёсат замирида демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, тинчлик ҳамда бунёдкорлик муҳитини сақлаш ва мустаҳкамлаш ғояси мужассамдир.

Илҳом АБДУЛЛАЕВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси раиси.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn