Меҳнат қонунчилиги ва ижро масъулияти
  • 16 Декабрь 2015

Меҳнат қонунчилиги ва ижро масъулияти

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси томонидан меҳнат ҳамда аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш истиқболларига бағишланган давра суҳбати ўтказилди.

Унда қуйи палата депутатлари, мутасадди вазирлик, идора ва ташкилотларнинг раҳбар-ходимлари, экспертлар, олимлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Тадбирда мамлакатимизда ҳар бир инсоннинг меҳнат қилиш, эркин касб танлаш, адолатли меҳнат шароитларида ишлашга оид ҳуқуқлари таъминлангани, унинг қонунчилик базаси яратилгани, фуқароларнинг меҳнат ва тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ҳамда рағбатлантиришга давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилаётгани таъкидланди. Фуқароларнинг фаровон турмуш кечиришларини таъминлаш мақсадида уларнинг унумли ва ижодий меҳнат қобилиятини ривожлантиришга кўмаклашиш, иш билан таъминлаш соҳасида ижтимоий кафолатлар бериш ҳамда меҳнат бозорида тенг шароитларда рақобат қила олмайдиган аҳоли қатламини иш билан таъминлашга кўмаклашиш чора-тадбирлари тизимли равишда амалга оширилмоқда.
Булар, ўз навбатида, Конституциямизда, Меҳнат кодексида, “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги, “Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”ги, “Ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалар ва касб касалликларидан мажбурий давлат ижтимоий суғуртаси тўғрисида”ги ҳамда “Иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида”ги қонунларда ўз ифодасини топган.
— Давлатимиз раҳбари Конституциямиз қабул қилинганининг 23 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида халқимиз турмуш фаровонлигини, аҳоли даромадларини юксалтириш, ёшлар бандлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларга тўхталиб, янги корхоналарни ишга тушириш ва фаолият кўрсатаётган объектларни модернизация қилиш, кичик бизнес ҳамда хусусий тадбиркорликни жадал ривожлантириш ҳисобидан юртимизда охирги 5 йилнинг ўзида 5 миллионга яқин янги иш ўрни яратилганини қайд этиб ўтди, — дейди Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси аъзоси Ойбек Эгамов. — Ўтказилган давра суҳбатида меҳнат муҳофазасига оид қабул қилинган қонунлар ва ҳуқуқий нормаларнинг ҳаётга татбиқ этилиши ҳолати таҳлил қилинди.
Ўз навбатида, депутатлар томонидан бу борада парламент назоратини олиб бориш, соҳага бевосита дахлдор қонунларни қайта кўриб чиқиш, айримларига давр талабидан келиб чиқиб тегишли тартибда ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш таклифи ўртага ташланди. Маълумки, парламентнинг назорат шаклларидан бири сифатида ҳар йили Иш ўринлари ташкил қилиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури қабул қилинади ҳамда унинг ижроси доирасида янги иш ўринлари ташкил этилади. Олдимизда турган вазифа эса ушбу Дастур ижроси устидан назоратни амалга ошириш, мавжуд муаммоларни аниқлаш, бартараф этиш чора-тадбирларини қонун йўли билан тартибга солишдан иборатдир.
Давра суҳбатида аҳоли меҳнат муҳофазасини кафолатлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоялаш, уларнинг бандлигини таъминлаш доимий эътиборда бўлиб келинаётгани таъкидланди.
Тадбирда, шунингдек, нодавлат секторда иш билан банд аҳолининг ижтимоий муҳофазасини таъминлаш, якка тартибда тадбиркорлик билан шуғулланаётган шахсларга янада қулай шарт-шароитлар яратиш каби муҳим масалаларнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш хусусида тўхталиб ўтилди.
Якунда аҳолини иш билан таъминлаш соҳасини тартибга солувчи қонун ва қонуности ҳужжатларини такомиллаштириш борасидаги устувор вазифалар белгилаб олинди ҳамда ушбу масалалар юзасидан тегишли тавсиялар ишлаб чиқилди.

Зиёда АШУРОВА.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn