Қонун устуворлигини таъминлаш — пировард мақсад
  • 13 Декабрь 2015

Қонун устуворлигини таъминлаш — пировард мақсад

Президентимизнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 23 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасини ўқиб, чуқур мушоҳада қилар эканмиз, унда белгилаб берилган вазифалар ҳуқуқий демократик давлат, кучли фуқаролик жамияти қуриш, энг муҳими, бугунги ҳаётимизни янада фаровон қилиш, одамлар турмуш даражасини изчил юксалтириш, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини қонун асосида ҳимоя этиш ҳамда бу борада ҳуқуқий кўмак кўрсатиш тизимини янада яхшилашга қаратилгани билан ниҳоятда катта аҳамиятга эгалигига амин бўлмоқдамиз.

Дарҳақиқат, мамлакатимизда мустақилликнинг илк йилларидан бошлаб, барча жабҳада қонунийликни таъминлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш, уларнинг жамият ҳамда давлат ишларида фаол иштирок этишига зарур шарт-шароит яратиш ва буни қабул қилинаётган қонунлар, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда тўла-тўкис акс эттиришга алоҳида эътибор қаратиб келинаяпти. Ушбу мақсадда амалдаги қонун ҳужжатлари изчил такомиллаштирилиб, халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган тамойиллари миллий қонунчиликка имплементация қилинди. Фуқароларнинг ҳуқуқий онги ҳамда маданиятини юксалтириш, аҳоли, айниқса, ўсиб келаётган ёш авлодни қонунга ҳурмат руҳида тарбиялаш, қисқача айтганда, ҳуқуқий таълим-тарбияни
янги босқичга кўтаришга қаратилган чора-тадбирлар тизимли равишда рўёбга чиқарилаётир.
Бунга жойларда олиб борилган назорат-таҳлил фаолияти давомида кўп гувоҳ бўлганмиз. Пировардида одамларнинг жамият ва давлат ишларини бошқаришдаги фаоллиги ошди, қонунга итоаткорлиги кучайди, давлат институтларига ишончи юксалди.
Маълумки, фақатгина ҳуқуқий давлат шароитида демократик тартибга эришилади ҳамда ана шундай тартиб сақланади, демократик институтлар ва қадриятлар ҳаётга татбиқ этилади, инсон ҳуқуқ ҳамда эркинликлари, энг асосийси, уларнинг ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимояси амалда таъминланади. Бинобарин, дунёда тараққиётнинг “ўзбек модели” деб тан олинган дастурнинг беш тамойилидан бири қонун устуворлиги принципидир.
Давлатимиз раҳбари маърузасида кундалик ҳаётимизда ҳали-бери қонунга риоя қилмаслик, қонун ҳамда қонунийликнинг, адолат мезонларининг амалда қўпол равишда бузилиши, ҳуқуқни муҳофаза этувчи ва назорат органлари томонидан ўз бурчига совуққонлик билан қараш қонунбузарликка олиб келиши билан боғлиқ ҳолатлар мавжудлигига алоҳида тўхталиб ўтилди.
Бу борада келтирилган таҳлиллар парламент олдига ҳам долзарб вазифаларни қўяди. Булар, айниқса, фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш, ариза ва шикоятларни таҳлил қилиш, уларни тўлиқ, сифатли ҳамда ўз вақтида кўриб чиқиш бўйича амалга ошираётган ишларимизни янада такомиллаштиришимиз зарурлигини англатади. Тадбиркорлик фаолияти бўйича асоссиз текширувлар ўтказилишига йўл қўймаслик, аввало, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, қонун устуворлигини таъминлаш учун ҳали кўп ишлар қилишимиз, фуқаролик институтлари билан ҳамкорлигимизни кучайтиришимиз керак. Шунингдек, парламент ва жамоатчилик назорати амалиётини янада ривожлантириш долзарб бўлиб қолмоқда. Бунда асосий эътибор қонунни бажармаслик билан боғлиқ ҳар бир конкрет ҳолат бўйича тегишли ҳуқуқий таъсир чоралари қўлланишини таъминлашга ҳам қаратилиши зарур. Шу маънода айтганда, маърузада қайд этилган “Парламент назорати тўғрисида”ги, “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги қонунларни қабул қилиш ушбу соҳадаги фаолиятнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашга имкон яратади. Вакиллик органлари ва фуқаролик жамияти институтларининг ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар самарадорлигини оширишдаги ролини кучайтиради.
Энг муҳими, мазкур саъй-ҳаракатлар пировардида юртимизда қонунийликни янада мустаҳкамлаш, қонун устуворлигига эришишга хизмат қилади.

Гулшана ХУДОЁРОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn