Қонун устуворлигини таъминлаш — тараққиёт омили
  • 11 Декабрь 2015

Қонун устуворлигини таъминлаш — тараққиёт омили

Қонун устуворлигини таъминлаш мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий-сиёсий ислоҳотларнинг муҳим йўналишларидан бири бўлиб, у жамият ҳаётида кечаётган ўзгаришлар самарадорлигининг кафолати ҳисобланади.

Хусусан, ушбу конституциявий принцип асосида хусусий мулк дахлсизлигини таъминлаш, мулкдорларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш чора-тадбирлари изчил такомиллаштирилмоқда.
Дарҳақиқат, бугунги кунда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга қаратилаётган алоҳида эътибор ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда, аҳоли бандлиги ва турмуш фаровонлигини юксалтиришда ҳал қилувчи аҳамият касб этаётир. Айниқса, сўнгги йилларда ушбу соҳада бизнес юритиш шарт-шароитларини янада такомиллаштиришга қаратилган “Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”, “Тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги рухсат бериш тартиб-таомиллари тўғрисида”, “Оилавий тадбиркорлик тўғрисида”, “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида” (янги таҳрирда)  ва бошқа 15 дан ортиқ қонун ҳамда меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларнинг амалиётга татбиқ этилиши юртимизда қулай ишбилармонлик муҳитини яратишда айни муддао бўлди.
Халқ депутатлари Сирдарё вилояти Кенгашининг  Қонунийлик, ҳуқуқ-тартибот ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш масалалари бўйича доимий комиссияси томонидан барча соҳада, шу жумладан, хусусий сектор ривожида қонун устуворлигини таъминлаш, ҳар бир шахснинг мулкдор бўлиш билан боғлиқ конституциявий ҳуқуқини кафолатлашга оид қонун ҳужжатлари ижроси устидан депутатлик ва жамоатчилик назоратини ўрнатиш йўлида қатор ишлар амалга оширилмоқда. Доимий комиссия йиғилишларида бу йўналишдаги чора-тадбирлар таҳлил қилиниб,  иқтисодиётнинг хусусий секторида аҳоли бандлигини ошириш, тадбиркорларга ҳар томонлама кўмаклашиш, мазкур соҳада тегишли ташкилот ва муассасалар олдида турган вазифалар юзасидан таклиф ҳамда тавсиялар берилмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг шу йил 15 майдаги “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ижроси доимий комиссиямиз томонидан ўрганилганида, шаҳар ва туманларда тадбиркорларнинг эркин бизнес юритиши учун мавжуд имкониятларни янада кенгайтириш, улар фаолиятига ғов бўлаётган тўсиқларни бартараф этиш борасида салмоқли натижаларга эришилаётгани ўз исботини топди. Бу саъй-ҳаракатларнинг амалий натижасини 2015 йилнинг тўққиз ойида Сирдарё вилоятида 716 та кичик бизнес субъекти ташкил этилиб, уларнинг сони 7 минг 222 тага етгани мисолида ҳам кўриш мумкин. Ҳисобот даврида ҳудудда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми ўтган йилдагига нисбатан 8,6, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш 7,4, қурилиш-пудрат ишлари 1,3, чакана товар айланмаси 20,4, жами хизматлар 15,7, ҳудудий экспорт ҳажми 13,1 фоиз ўсди. Ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажмида кичик бизнеснинг улуши 73,7 фоизга етгани мазкур соҳа иқтисодиётимиз таянчига айланганини яна бир карра тасдиқлайди.
Вилоятда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришда хорижий инвестициялар иштирокидаги қўшма корхоналар ҳиссаси ҳам тобора ортиб бораяпти. Жорий йилнинг январь — сентябрь ойларида хорижий инвестициялар иштирокидаги 68 та қўшма корхона томонидан 204,9 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди. Ушбу даврда 123 саноат корхонаси ташкил этилиб, уларнинг сони 1 минг 126 тага етди. Доимий комиссия йиғилишларида саноат корхоналарини такомиллаштириш, улар томонидан тайёрланаётган маҳсулотлар рақобатдошлигини, экспортбоплигини ошириш юзасидан тегишли ташкилот ва муассасалар раҳбарларининг ҳисоботлари эшитиб борилаяпти. Тадбиркорлар, кичик бизнес субъектлари ҳамда саноат корхоналари мутасаддилари иштирокида учрашувлар, семинарлар ўтказилмоқда.
Шу ўринда Қонунийлик, ҳуқуқ-тартибот ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш масалалари бўйича доимий комиссия аъзолари ўз ваколатлари доирасида фуқаролар ва хўжалик юритувчи субъектларнинг мурожаатлари қонуний ечимини топишига ҳам кўмаклашиб келаётганини таъкидлаб ўтиш жоиз. Аҳоли кенг қатлами вакиллари иштирокида ташкил этилаётган учрашувларда билдирилаётган фикр-мулоҳазалар ҳамда мурожаатлар асосида ҳудудлардаги мавжуд ижтимоий-иқтисодий муаммолар ўрганилмоқда.
Хулоса ўрнида айтганда, фуқароларнинг, шу билан бирга, хўжалик юритувчи субъектларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари устуворлигини таъминлашга қаратилган фаолиятимизни бугунги кун талабларига мувофиқ такомиллаштиришга ҳаракат қилмоқдамиз. Вилоятнинг ижтимоий-иқтисодий салоҳиятини ошириш, аҳолининг турмуш фаровонлигини юксалтириш мақсадларига хизмат қилувчи дастурларнинг, меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ижро механизмига эга бўлишида депутатлар корпуси иштироки ҳамда фаоллиги ортаётгани ана шу саъй-ҳаракатларнинг ёрқин натижасидир.

Барно ИСЛОМОВА,
халқ депутатлари Сирдарё вилояти Кенгаши Қонунийлик, ҳуқуқ-тартибот ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш масалалари бўйича доимий комиссияси раиси.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn