Демократик ислоҳотларнинг муҳим таркибий қисми
  • 02 Декабрь 2015

Демократик ислоҳотларнинг муҳим таркибий қисми

Шу кунларда парламент қуйи палатаси қўмиталарида мамлакатимиз Конституцияси қабул қилинганининг 23 йиллиги муносабати билан қатор тадбирлар ўтказилмоқда. Хусусан, Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси томонидан “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси — демократик ислоҳотларнинг ҳуқуқий асоси” мавзуида давра суҳбати ташкил этилди.

Унда депутатлар, ҳуқуқшунос олимлар, суд ҳамда ҳуқуқ-тартибот органлари, қатор вазирлик ва идоралар, олий таълим муассасалари, жамоат ташкилотлари вакиллари қатнашди.
Таъкидланганидек, Асосий Қонунимиз инсон ҳуқуқлари, эркинлиги ҳамда манфаатлари устуворлигини таъминлаш, барқарор бозор иқтисодиёти ва кучли фуқаролик жамиятига асосланган демократик ҳуқуқий давлат қуриш йўлидаги кенг кўламли ислоҳотларнинг мустаҳкам пойдевори ҳисобланади. Мамлакатимизда ҳукм сураётган тинчлик-осойишталик, аҳолининг турмуш даражаси ҳамда онгу тафаккуридаги ўсиш суръатлари — Конституциямизда белгиланган қоида ва тамойиллар шарофатидандир. Унда мустақил юртимиз равнақи ҳамда фаровон ҳаётимиз асослари мустаҳкамлаб қўйилган.
Мамлакатимизда Асосий Қонунимиз қоида ва тамойилларини барча соҳада изчиллик билан татбиқ этишга қаратилган ислоҳотлар ҳаётга татбиқ этилмоқда.
— Ҳокимият тармоқлари бўлинишига оид конституциявий принципнинг амалга оширилиши, ўзаро тийиб туриш ҳамда манфаатлар мувозанатининг самарали механизмлари жорий қилиниши демократик ўзгаришларнинг муҳим таркибий қисми бўлди, — дейди Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси аъзоси Владислав Цветков. — Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, фуқаролик жамиятини шакллантириш ҳамда давлат ҳокимияти ва бошқарувини демократлаштиришга қаратилган ўзгартиш ҳамда қўшимчалар киритилгани яна бир аҳамиятли жиҳатдир.
Тадбирда олимлар ва ҳуқуқшунослар конституциявий ислоҳотлар, қабул қилинган қонунлар Олий Мажлиснинг давлат ҳокимияти органлари тизимидаги ўрни ҳамда аҳамиятини сезиларли равишда кучайтириб, қонун чиқарувчи органнинг давлат ички ва ташқи сиёсатидаги ролини кенгайтирганини таъкидладилар. Бу эса қонун ижодкорлиги жараёнини такомиллаштириш билан бирга, қабул қилинаётган қонунлар сифатини оширишга хизмат қилмоқда. Эътироф этилдики, ушбу жараёнда сиёсий партиялар фракцияларининг иштироки ҳам фаоллашиб бораяпти.
Қатнашчилар мамлакатимиз Конституциясининг мазмун-моҳиятини аҳоли, айниқса, ёшларга чуқур етказишга оид тарғибот ишларини кучайтириш лозимлигига урғу бердилар.
Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси томонидан ўтказилган давра суҳбати “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси — мамлакат тараққиёти ва жамият фаровонлигининг ҳуқуқий кафолати” мавзуига бағишланди. Унда сиёсий партиялар фракциялари аъзолари, ҳуқуқшунос олимлар, сиёсатшунослар, талабалар ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.
Давра суҳбатида таъкидланганидек, демократик ҳуқуқий давлат ва кучли фуқаролик жамиятини қуриш, инсон манфаатларини таъминлаш бугун мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг асосий негизидир. Конституцияда давлат ҳоқимиятининг бирдан бир манбаи Ўзбекистон халқи эканлиги, инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ҳамда бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланиши белгилаб қўйилган. Шу билан бирга, Конституцияда фуқаролар ўз ҳуқуқ ва эркинликларини амалга оширишда бошқа шахсларнинг, давлат ҳамда жамиятнинг манфаатларига путур етказмаслиги шартлиги тўғрисидаги қоида ҳам ўз ифодасини топган.
Асосий Қонунимизда давлатчилигимизнинг бой анъаналари, миллий ва умуминсоний қадриятлар, халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган қоидалари мужассамлаштирилган.
Тадбир қатнашчилари томонидан Конституция мамлакат парламентаризмининг ҳуқуқий асоси эканлиги, олиб борилаётган конституциявий ислоҳотларнинг давлат ҳамда жамият қурилишини янада демократлаштиришдаги аҳамияти хусусида тўхталиб ўтдилар. Қолаверса, хорижий давлатлар конституциявий тажрибаси ҳам таҳлил этилди.
— Асосий Қонунимизда парламент ва жамоатчилик назорати институти, уни амалга ошириш механизмлари мустаҳкамлаб қўйилган. Бу, ўз навбатида, мамлакатни демократлаштириш, давлат ҳокимияти органлари тизимида парламентнинг ролини кучайтириш, шунингдек, миллий қонунчиликни такомиллаштириш орқали фуқароларнинг ҳуқуқ ҳамда манфаатларини кафолатлашда алоҳида ўрин тутади, — дейди Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси аъзоси Абдулла Ҳамроқулов.
Давра суҳбатида Конституцияда белгиланган тамойилларнинг устуворлигини таъминлаш, унинг асосида қабул қилинаётган, мамлакат тараққиёти ҳамда жамият фаровонлигини мустаҳкамлашга қаратилган қонунларнинг таъсирчанлигини ошириш орқали демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, бу жараёнда фуқаролар ва жамоатчиликнинг иштирокини фаоллаштириш каби муҳим вазифалар муҳокама қилинди.

Зиёда АШУРОВА.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn