Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2015 йил 9 ойидаги ижроси кўриб чиқилди
  • 28 Ноябрь 2015

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2015 йил 9 ойидаги ижроси кўриб чиқилди

27 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда депутатлар, тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари, экспертлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Депутатлар мамлакатимиз Конституциясида Қонунчилик палатасига берилган ваколатларга мувофиқ, Вазирлар Маҳкамасининг Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2015 йил 9 ойидаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботини батафсил кўриб чиқдилар.
Тақдим этилган ҳисобот Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг қўмиталарида Вазирлар Маҳкамаси, вазирликлар ва идоралар, нодавлат нотижорат ташкилотларининг вакиллари, соҳа экспертлари, ОАВ вакиллари иштирокида дастлабки тарзда кўриб чиқилди. Сиёсий партиялар фракцияларида кенг таҳлилий ишлар ўтказилиб, бу депутатларга электорат манфаатлари ҳамда дастурий мақсадларидан келиб чиққан ҳолда, мамлакатимиз бош молиявий ҳужжати ижросининг боришига нисбатан ўз қатъий нуқтаи назарларини ишлаб чиқиш имконини берди.
Мажлисда Ўзбекистон Республикаси молия вазирининг ўринбосари М. Мирзаев Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2015 йил 9 ойидаги ижроси тўғрисида маъруза қилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан мамлакатимиз Ҳукуматининг жорий йил 16 январида бўлиб ўтган мажлисида белгиланган 2015 йилги иқтисодий дастурнинг энг муҳим вазифалари ва устувор йўналишларининг амалга оширилиши, шунингдек, иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларини ривожлантиришнинг ўрта муддатли дастурларини амалга оширишни давом эттириш асосий макроиқтисодий кўрсаткичларнинг ижобий динамикаси сақлаб қолинишини ҳамда иқтисодиётнинг янада мутаносиб ривожланиши учун мустаҳкам асос яратилишини таъминлаганлиги таъкидлаб ўтилди.
Чунончи, жорий йилнинг 9 ойи якунлари бўйича мамлакат ялпи ички маҳсулотининг ўсиши 8,0 фоизни ташкил этди, саноат маҳсулоти ишлаб чиқариш ҳажми ҳам 7,3 фоиз ошди. Инфляция даражаси прогноз кўрсаткичларидан ошмади. Бунда макроиқтисодий барқарорлик янада мустаҳкамланиб, ташқи савдо айланмасининг ижобий сальдоси кузатилди.
Чуқур ўйланган, пухта пул-кредит ва солиқ-бюджет сиёсатининг амалга оширилганлиги Давлат бюджети даромад қисмининг прогноз кўрсаткичларига нисбатан 100,2 фоизга ижро этилишини таъминлади, бу ЯИМга нисбатан 22,4 фоизни ташкил этди. Давлат бюджетининг харажатлари ЯИМга нисбатан 22,3 фоизни ташкил этиб, бу Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетини ЯИМга нисбатан 0,1 фоиз профицит билан ижро этиш имконини берди.
Бюджет харажатлар қисмининг 58,7 фоизи ижтимоий соҳани ривожлантиришга сарфлангани бюджет сиёсатининг ижтимоий йўналтирилганлигидан далолат беради.
Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2015 йил 9 ойидаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботни ҳар томонлама муҳокама қилиш чоғида Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракциялари, Ўзбекистон экологик ҳаракати депутатлар гуруҳи вакиллари томонидан ҳисобот юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.
— Жорий йилнинг 9 ойи мобайнида иқтисодиётда эришилган ижобий-таркибий силжишлар, сифатли ўзгаришлар ва тенденциялар унинг барқарор ҳамда мутаносиб ривожланишини таъминлади ва Давлат бюджетини профицит билан ижро этиш имконини берди, — дейди Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитасининг аъзоси  С. Намозов. — Таъкидлаш лозимки,  мамлакатимиз иқтисодиётида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг самарадорлиги, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг роли тобора ошиб бораётганлиги иқтисодиётнинг барқарор суръатларда ўсишини таъминлади. Шунингдек, солиқ юки сезиларли камайиб бораётганлиги шароитида кичик корхоналар ва микрофирмалардан ягона солиқ тўлови тушумлари ўтган йилнинг тегишли давридагига нисбатан 22,9 фоиз, савдо ва умумий овқатланиш корхоналаридан эса 25,4 фоиз ошди. Бу татбиқ этилаётган солиқ имтиёзлари ва преференцияларнинг самарадорлигидан далолат беради.
Таъкидландики, жаҳон бозорларида сақланиб турган беқарорлик шароитида рақобатдош маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмлари ва номенклатурасини кенгайтириш юзасидан кўрилган чора-тадбирлар товарлар ва хизматлар экспортининг ошишига хизмат қилди. Ишлаб чиқаришни диверсификациялаш ва унинг рақобатдошлигини ошириш, ташқи бозорларда харидоргир бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқарадиган янги қувватларнинг ишга туширилишини рағбатлантириш борасида кўрилган чора-тадбирлар натижасида йил бошидан буён экспорт фаолиятига яна 830 та корхона жалб этилди. 
Мажлисда ижтимоий соҳа харажатлари таркибининг катта қисмини ҳамон таълим ва соғлиқни сақлаш харажатлари ташкил этаётганлиги алоҳида таъкидлаб ўтилди.
— Давлат бюджетининг 9 ойлик ижроси давомида ижтимоий соҳага алоҳида эътибор қаратилган, — дейди Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитасининг аъзоси С. Арзиқулов. — Давлат бюджети маблағларининг қарийб 60 фоизи айнан аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашга ва унинг фаровонлигини оширишга йўналтирилганлигининг ўзиёқ ана шундан далолат беради.
Ҳисобот даврида таълим тизимидаги ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, таълим жараёнининг даражаси ва сифатини такомиллаштиришга қаратилган таълим стандартлари ҳамда дастурларини такомиллаштириш, шунингдек, ўқув муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлашни давом эттириш масалаларига биринчи даражали эътибор қаратилди. Бунда ижтимоий соҳа харажатларининг 56,3 фоизи таълим тизими муассасаларини сақлаш ва уларни ривожлантиришга йўналтирилди.
Жорий йилнинг 9 ойи мобайнида соғлиқни сақлаш тизимини янада ислоҳ қилиш ва ривожлантириш борасидаги ишлар изчил ва тизимли асосда олиб борилди. Ҳисобот даврида Давлат бюджетидан ижтимоий соҳага ажратилган маблағларнинг 24 фоизи соғлиқни сақлашни ривожлантиришга йўналтирилди. Бу эса 2014 йилнинг худди шу давридагига нисбатан 17,1 фоиз кўп демакдир.
Мажлис давомида депутатлар жойларда хўжалик юритувчи субъектлар томонидан солиққа оид қонун ҳужжатларига риоя этилишини ҳамда берилган имтиёзлар ва преференциялардан самарали фойдаланилишини таъминлаш, бюджетлараро муносабатларни янада такомиллаштириш асосида маҳаллий бюджетларнинг даромад қисмини мустаҳкамлаш, шунингдек, тегишли ҳудудларнинг молиявий имкониятларидан самарали  фойдаланиш масалаларига алоҳида эътибор қаратдилар.
Депутатлар марказда ва жойларда давлат бошқаруви органларининг, бюджет ташкилотларининг бюджет маблағларидан самарали ва мақсадли фойдаланилишини, молиявий интизомга риоя этилишини таъминлаш бўйича масъулиятини оширишга, шунингдек, Бюджет кодекси нормалари ва қоидаларининг ижро этилиши устидан назоратни янада кучайтиришга доир бир қатор таклифлар билдирдилар.
Муҳокама чоғида билдирилган фикр-мулоҳазаларни ҳисобга олган ҳолда, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2015 йил 9 ойидаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботни тасдиқлади ҳамда тегишли қарор қабул қилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси
Қонунчилик палатасининг Ахборот хизмати.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn