Кучли ижтимоий сиёсат пойдевори
  • 28 Ноябрь 2015

Кучли ижтимоий сиёсат пойдевори

Ҳуқуқий-демократик давлатнинг асосий белгиси — бу, албатта, фуқароларнинг қонун олдида тенглиги, жамият ҳаётида қонунлар устуворлигини таъминлашдан иборат. Конституция барча қонунларнинг асоси сифатида юртимизда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар, янгиланиш ва демократлаштириш жараёнида муҳим аҳамият касб этмоқда.

Асосий Қонунимиз жамият ҳамда давлат, қолаверса, ҳар бир инсон, ҳар қайси оила ҳаётида муҳим ўрин тутади. Ваҳолонки, ҳеч бир давлатда ҳеч қайси фуқаро ўз ҳаётини, кундалик турмуш тарзи ва келажагини Конституция ҳамда қонунларсиз тасаввур қилолмайди. Конституциямизда жамиятнинг асосий бўғини ҳисобланган оилага алоҳида боб ажратилиши, ҳар бир оила жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эгалиги кафолатлангани, оналик ҳамда болалик давлат томонидан муҳофаза қилинишига оид меъёр қайд этилгани болажон, бағрикенг ва оилапарвар халқимизда фахр ҳиссини уйғотади. Мазкур нормалар хорижлик экспертлар томонидан ҳам юксак эътироф этилаётир. Уни Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг ўзига хос жиҳати, ўзбекона қадриятларнинг қонунчиликдаги ифодаси сифатида баҳоламоқдалар. Зеро, она ҳамда бола саломатлиги, кексаларга ғамхўрлик кўрсатиш, оилалар барқарорлигини таъминлаш истиқлолнинг дастлабки йилларидаёқ белгиланган тараққиётнинг “ўзбек модели”да мавжуд беш тамойилнинг бири — кучли ижтимоий сиёсат юритишнинг амалий ифодаси ҳисобланади.
Мамлакатимизда бундай оқилона сиёсатнинг амалга оширилиши натижасида аҳолининг ижтимоий-иқтисодий фаровонлиги юксалди, турмуш шароитлари, саломатлик кўрсаткичлари яхшиланди. Муҳими, Конституциямизда белгиланган қоида ва тамойилларнинг ижроси, ҳуқуқий асосларимизнинг миллий урф-одатларимиз, анъана ҳамда қадриятларимиз билан муштараклиги таъминланди.
Каттага ҳурмат, кичикка иззат тушунчалари асосида фарзандларини тарбиялаётган юртдошларимизнинг истак-хоҳиши давлатимиз раҳбари томонидан 2015 йилнинг “Кексаларни эъзозлаш йили” деб эълон қилинганида ҳам яққол намоён бўлди. Ўзбек халқининг кўп асрлик қадрият ва анъаналарини ўзида мужассамлаштирган Давлат дастурида нуронийлар ҳаёт даражаси ҳамда сифатини янада яхшилаш, уларни моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш кўламини кенгайтириш мақсади устувор аҳамият касб этди. Чунончи, Давлат дастури ижроси доирасида уруш ҳамда меҳнат фронти фахрийлари, шунингдек, ёлғиз ва ижтимоий кўмакка муҳтож қарияларнинг яшаш шароитлари яхшиланди, коммунал хизматлар бўйича 2,6 миллиард сўмлик компенсация тўловлари тўланди. Умуман, жорий йил бошидан буён унда белгиланган, кексаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда уларни ижтимоий ҳимоя қилишни кучайтириш билан боғлиқ тадбирларни молиялаштиришга барча манба ҳисобидан 2 триллион сўмликдан ортиқ маблағ йўналтирилгани нафақат юртдошларимиз, балки халқаро ҳамжамият томонидан ҳам юксак эътироф этилмоқда.
Халқаро “Эл Виста” тадқиқотлар маркази таҳлили натижаларига кўра, Ўзбекистон дунёда узоқ умр кўрувчилар сони бўйича Япония, Хитой, АҚШ, Буюк Британия ва Италиядан сўнг 6-ўринни эгаллагани бежиз эмас. Зеро, азалдан халқимиз жамият равнақи, эл-юрт ривожи йўлида хизмат қилган нуроний отахону онахонларимизни қадрлаб, ҳурматини жойига қўйишга одатланган. Меҳр-эътибор, эъзоз топган, ардоқланган инсон эса узоқ умр кўриши табиийдир. Айни пайтда қадрият даражасига кўтарилган ушбу анъаналар Асосий Қонунимизда ҳам ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаб қўйилган. Конституциямизнинг 66-моддасида вояга етган, меҳнатга лаёқатли фарзандлар ўз ота-оналари ҳақида ғамхўрлик қилишига оид меъёр мавжудлиги бунинг тасдиғидир.
Инсон борки, миллати, ёши, эътиқодидан қатъи назар, ўз бахтини, аввало, оиласи, яқинларининг тинчлиги, саломатлиги, хавфсизлиги билан боғлайди. Оиланинг мустаҳкамлиги, барқарорлиги эса жамият, давлатнинг тараққиётини белгилайди. Шу боис Конституциямизда, у асосида қабул қилинган бошқа қонун ва қонуности ҳужжатларида ҳам оила, инсон ҳуқуқ ҳамда манфаатлари олий қадрият сифатида эътироф этилади.
Дунёда шундай давлатлар борки, уларда ҳатто ой-куни яқинлашиб қолган аёлларга ҳам суғурта тўловисиз тиббий хизмат кўрсатилмайди. Ҳар қандай тиббий, ҳуқуқий ёрдам моддий восита орқали амалга оширилади. Кучли ижтимоий сиёсат юритилаётган юртимизда ҳар бир инсоннинг малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқи қонун билан кафолатлаб қўйилган. Нафақат болалар ва ҳомиладорларга ёки шошилинч, кечиктириб бўлмайдиган ҳолатларда, балки соғлиқни сақлаш тизимининг бирламчи бўғинларида ҳамда бир қатор давлат даволаш-профилактика муассасаларида, биринчи навбатда, қишлоқ жойлардаги тиббиёт муассасаларида тиббий ёрдам давлат томонидан бепул кўрсатилади. Бу борадаги ислоҳотлар ҳақида сўз юритилганида, кейинги йилларда мамлакатимиз давлат бюджетининг қарийб 60 фоизи ижтимоий соҳани ривожлантиришга йўналтирилаётганини алоҳида қайд этиш ўринлидир.
Мухтасар айтганда, халқимизнинг олий мақсади, иродасини ўзида мужассам этган Конституциямиз билан ҳар қанча фахрлансак, ғурурлансак, арзийди. Қолаверса, Асосий Қонунимизнинг туб моҳияти ва халқимиз ҳаётидаги аҳамиятини ўсиб келаётган баркамол авлод — ёшларимизга тарғиб қилиш, тушунтириш ҳар биримизнинг фуқаролик бурчимиздир. Зотан, жамият ҳаётининг мезони бўлган Конституцияни чуқур ҳамда ҳар томонлама ўрганиш, унинг маъносини англаш, ундаги нормаларга тўлиқ амал қилиш, ҳуқуқ ва ваколатлардан самарали фойдаланиш, дастуриламал қўлланмага айлантириш ёшларимизнинг олий мақсади бўлиши айни муддаодир.

Шуҳрат ЯКУБОВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn