Сайёҳлик салоҳиятини янада юксалтиришнинг долзарб вазифалари
  • 02 Ноябрь 2015

Сайёҳлик салоҳиятини янада юксалтиришнинг долзарб вазифалари

Мамлакатимизда истиқлол йилларида барча соҳада, чунончи, ички туризмни ривожлантириш ҳамда хорижий сайёҳлар оқимини янада кўпайтириш борасида улкан ютуқларга эришилди.

Айни чоғда турли давр ва цивилизацияга оид тўрт мингдан ортиқ меъморлик ҳамда санъат ёдгорликларимиздан 140 таси ЮНЕСКОнинг муҳофазага олинган тарихий объектлар рўйхатига киритилди. Ана шу бой маданий-тарихий меросимиз, кўҳна шаҳарларимиздаги ноёб меъморий обидалар ва ҳудудларда йилдан-йилга такомиллашиб бораётган замонавий инфратузилма — Ўзбекистоннинг халқаро сайёҳлик бозоридаги юксак салоҳиятидан далолат беради.
Бинобарин, 2014 йилда Самарқанд шаҳрида ўтказилган БМТ Жаҳон сайёҳлик ташкилоти Ижроия кенгашининг 99-сессиясида иштирок этган қатор нуфузли туристик компаниялар вакиллари, олимлар, мутахассислар томонидан юртимиз ушбу соҳада улкан имкониятга эга давлат сифатида эътироф этилиб, Буюк Ипак йўлидаги туризм инфратузилмасини янада ривожлантириш бўйича халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашда республикамиз етакчи роль ўйнаётганлиги алоҳида қайд этилгани бунинг амалий тасдиғидир.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси томонидан “Туризм ва туристик фаолиятнинг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш” мавзуида ўтказилган семинарда ана шулар хусусида атрофлича сўз юритилди.
Тадбирда қуйи палата депутатлари, Маданият ва спорт ишлари ҳамда Адлия вазирликлари, “Ўзбектуризм” Миллий компанияси ходимлари, соҳага тегишли давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, шунингдек, журналистлар қатнашди.
Таъкидланганидек, мустақилликнинг илк йиллариданоқ Президентимиз раҳнамолигида мамлакатимизда туризмни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилиб, кўп минг йиллик бой ҳамда бебаҳо тарихий, маданий ва маънавий меросимизни асраб-авайлаш, уларни дунё ҳамжамиятига таништириш, сайёҳларга хизмат кўрсатиш сифатини жаҳон стандартлари даражасида ташкил этишга оид чора-тадбирлар тизимли равишда амалга оширилмоқда. Зеро, юртимиздаги 110 та халқаро сайёҳлик йўналишининг 65 таси айнан тарихий-маданий мерос объекти экани уларнинг туризмни тараққий эттиришдаги аҳамияти нечоғли юқорилигидан далолат беради.
Семинарда сайёҳлик соҳасида иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш, меҳмонхоналар тармоғини замон талаблари даражасида шакллантириш, сайр-томошалар илғор индустриясини, маданий ва спорт-соғломлаштириш марказларини барпо этиш, ноёб туризм имкониятлари ҳамда тарихий-маданий мерос кенг кўламда тарғиб қилиниши ва сақланишини ташкил этиш, сайёҳлик тизимида мувофиқлаштирилган илмий-техникавий ҳамда инвестиция сиёсатини ўтказиш, кадрлар тайёрлаш ва қайта тайёрлашни таъминлаш борасида олиб борилаётган саъй-ҳаракатларга алоҳида тўхталиб ўтилди.
Депутатлар томонидан қайд этилганидек, бугунги кунда соҳанинг ҳуқуқий базаси такомиллаштириб борилаётгани, хусусан, мамлакатда сайёҳлик фаолиятини тартибга солувчи ташкилий-ҳуқуқий асослар яратилгани ушбу жабҳада комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш имкониятини яратмоқда. Жумладан, “Туризм тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни асосида 30 дан ортиқ қонуности ҳужжатлар қабул қилинди, тизимда халқаро ҳамкорлик доирасида 50 га яқин ҳукуматлараро, 44 та ҳудудий ва 20 дан зиёд агентлик шартномалари амал қилаяпти. Бундан ташқари, туризмни ривожлантиришга оид махсус давлат дастурлари, шунингдек, ҳудудий дастурларни қабул қилиш амалиёти йўлга қўйилгани мазкур соҳани янада тараққий эттиришда муҳим ўрин тутмоқда.
Ўз навбатида, иштирокчилар туризм ва туристик фаолиятга оид маъмурий бошқарув тизимини, соҳанинг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш, олиб бориладиган тарғибот-ташвиқот ишларини кучайтириш, ушбу соҳадаги муаммоларни илмий жиҳатдан ўрганиш ҳамда тадқиқот ишларини ташкил этиш, соҳа мутахассисларини тайёрлаш ва малакасини ошириш бугуннинг долзарб масалаларидан бири эканлигини таъкидлашди.
Семинар иштирокчилари муҳокама этилган масала бўйича ўз таклиф-мулоҳазаларини билдирди.
Якунда муҳокама қилинган масала юзасидан қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.

Зиёда АШУРОВА.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn