Ўзбекистон «Kuwait Times» газетаси саҳифаларида
  • 08 Октябрь 2015

Ўзбекистон «Kuwait Times» газетаси саҳифаларида

Мамлакатимизда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти очиқлигини таъминлаш, фуқароларнинг ахборот олиш бўйича конституциявий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш юзасидан олиб борилаётган изчил ишлар натижалари яқинда “Kuwait Times” газетасида чоп этилган мақолада ўз аксини топган.

“Республикада бошқарув тизимини янада демократлаштириш ва сўз эркинлигини таъминлашга йўналтирилган қатор қонунчилик ҳужжатлари қабул қилинган, — дея ёзилади нашрда. — Оммавий ахборот воситаларининг самарали фаолият кўрсатиши учун қулай шароитлар яратилган. Уларнинг сони мустақиллик йилларида уч баравардан кўпроқ ошди. Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари том маънода мамлакатни демократик янгилаш ва модернизациялаш жараёнининг фаол иштирокчилари бўлиб қолди”.
Мазкур мақолада давлат ҳокимияти идоралари ва оммавий ахборот воситалари ўртасида ҳамкорликнинг йўлга қўйилиши бўйича Ўзбекистонда тўпланган ижобий тажриба ҳақида атрофлича фикр юритилган. “Хусусан, барча даражадаги давлат тизимларида ахборот хизматлари фаолият кўрсатади, уларнинг интернет тармоғида веб-саҳифалари мавжуд. Ўтказиладиган матбуот анжуманлари ва брифинглар чоғида журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олишади”.
Нашрда республикада нуфузли хорижлик мутахассислар иштирокида йирик тадбирлар мунтазам равишда ўтказилишига алоҳида эътибор қаратилган. “Уларда матбуот, сўз ва ахборот эркинлигини таъминлаш соҳасида Ўзбекистон ҳамда хорижий мамлакатларнинг тажрибалари муҳокама этилади. Ана шундай анжуманлардан бири — “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги — ахборот олишда фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқи таъминланишининг муҳим кафолати: Ўзбекистон тажрибаси” мавзуига бағишланган халқаро конференция жорий йилнинг сентябрида Самарқандда бўлиб ўтди”, дея ёзилади газетада.
Шу муносабат билан мазкур конференция қатнашчиларидан бири — Буюк Британиянинг Лондон университети ўқитувчиси Девид Голдбергнинг давлат органлари фаолиятининг очиқ ва ошкоралиги улар ҳақидаги маълумот, ахборотларни эркин олиш ва тарқатишда намоён бўлиши ҳақидаги фикри газета ўқувчилари эътиборига ҳавола қилинган.
— Бу вазифани бажаришни оммавий ахборот воситалари фаолиятисиз тасаввур этиб бўлмайди, — дейди Буюк британиялик мутахассис. — Шу сабабли, бугунги кунда дунёдаги ҳар бир демократик давлат мамлакатда оммавий ахборот воситаларининг эркин фаолият кўрсатиши, ахборот ва сўз эркинлигини таъминлашга жиддий эътибор қаратмоқда. Бу борада Ўзбекистонда ҳам кўплаб ижобий ишлар амалга оширилаяпти. Халқаро нормаларга мос қонун ва бошқа ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар қабул қилинаётгани Ўзбекистонда ахборот соҳаси изчил ривожланишида муҳим омил бўлмоқда.

«Жаҳон» АА.
Ал-Кувайт

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn