Долзарб лойиҳалар молиявий қўллаб-қувватланади
  • 13 Март 2014

Долзарб лойиҳалар молиявий қўллаб-қувватланади

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссиясининг йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда Парламент комиссияси аъзолари, вазирлик ва идоралар вакиллари, ННТ ассоциациялари ҳамда бирлашмалари раҳбарлари, шунингдек, ОАВ ходимлари қатнашди.
Йиғилишда ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий, гуманитар муаммоларини ҳал этишга йўналтирилган, демократик қадриятларни ҳимоя қилиш, аҳолининг ҳуқуқи, эркинлиги ва қонуний манфаатларини таъминлаш, фуқароларнинг ижтимоий фаоллигини оширишга қаратилган долзарб ижтимоий аҳамиятга эга дастур ва лойиҳаларни давлат субсидияси, давлат ижтимоий буюртмаси ҳамда давлат гранти шаклида молиялаштириш масалалари муҳокама этилди.
Таъкидланганидек, Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси доирасида ушбу йўналишда босқичма-босқич рўёбга чиқарилаётган чора-тадбирлар ННТ, ОАВ ва фуқаролик жамияти институтларининг ривожланишида, жамиятда ижтимоий шериклик тамойилларини кучайтиришда, жамият ва давлат ўртасида самарали алоқа ўрнатилишида муҳим омил бўлаётир.
Ўз навбатида, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди ҳамда Парламент комиссияси ушбу жараёнда фуқаролик жамияти институтлари томонидан ижтимоий, долзарб лойиҳа ва дастурлар амалга оширилишини доимий ҳамда кенг қўллаб-қувватлаб келмоқда. Чунончи, 2014 йилда Давлат бюджети ҳисобидан ННТ ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг долзарб лойиҳа ҳамда дастурларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг фаоллигини ошириш учун 8,2 миллиард сўм маблағ ажратилгани бунинг ёрқин далилидир. Унинг 3,8 миллиард сўмдан зиёди ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини “Соғлом бола йили” Давлат дастурининг муҳим масалаларини ҳал этишга кенг жалб қилиш, “Келажаги буюк — соғлом авлод” мавзуидаги грант танловларини ташкил этиш ҳамда ўтказиш, лойиҳаларни молиялаштиришга йўналтирилади.
Давлат гранти танловларининг яна бир муҳим мавзуси — мамлакатнинг чекка ҳудудларида ёшларнинг ижодий ва интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, болалар, айниқса, қиз болаларнинг жисмоний тарбия ҳамда спортга меҳрини уйғотиш, соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилишдан иборат эканлиги йиғилишда алоҳида қайд этилди. Шунингдек, танловлар ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларини амалга ошириш, аҳоли турмуш тарзини яхшилаш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига ёрдам кўрсатиш, фуқаролар ва ННТнинг шаҳар, маҳалла ҳамда кўчаларни ободонлаштиришдаги фаоллигини ошириш, атроф-муҳитни ҳимоя қилиш, шунингдек, болалар соғлиғини мустаҳкамлашга йўналтирилган фуқаролик жамияти институтлари ва давлат тузилмалари ўртасида ижтимоий шерикликни ривожлантиришга қаратиш мавзуларида ҳам ўтказилишига қарор қилинди.
Тадбирда ОАВ томонидан аҳолининг ҳуқуқий маданияти ва онгини юксалтириш, соғлом турмуш тарзини, айниқса, ёшлар орасида кенг тарғиб этишга, демократик ислоҳотларнинг амалга оширилиши ҳамда фуқаролик жамиятининг барпо қилиниши жараёнларини мустақил ОАВда ёритишга қаратилган танловларнинг ўтказилишига алоҳида аҳамият берилди. Шу билан бирга, ННТ, ОАВ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари орасида катта ижтимоий аҳамиятли муаммоларни ҳал этишни кўзда тутадиган давлат ижтимоий буюртмаларини жойлаштириш масаласи ҳам кўриб чиқилди. Таъкидланганидек, жорий йилда ННТ ҳамда фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари орасида давлат ижтимоий буюртмаларини жойлаштириш учун 1,4 миллиард сўм миқдорида маблағ ажратилади.
Давлат ижтимоий буюртмаларини жойлаштиришда “Соғлом бола йили” Давлат дастурида назарда тутилган, ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари, ОАВнинг соғлом ҳамда баркамол авлодни шакллантириш, мустаҳкам оила асосларини юксалтиришдаги фаол иштирокини таъминлашга қаратилган масалаларни ҳал этишга алоҳида эътибор берилгани диққатга сазовор.
Бундан ташқари, ҳудудий ННТ, ОАВ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларининг лойиҳа ҳамда дастурларини шакллантириш, жойларда ижтимоий шерикликнинг амалий ютуқларини янада кучайтириш, жамоатчилик назорати ва ижтимоий шерикликнинг турли шакл ҳамда механизмларини кенгайтириш мақсадида қатор тадбирлар ўтказиш белгиланди.
Йиғилишда, шунингдек, 2014 йилда амалга ошириладиган икки мингдан зиёд лойиҳалар ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари иштирокини таъминлаши, Жамоат фонди томонидан давлат гранти, давлат ижтимоий буюртмаси ҳамда давлат субсидияси шаклида молиялаштирилишига урғу берилди.
Йиғилишда яқин кунларда Жамоат фондининг 2013 йилдаги фаолияти ҳамда жорий йилдаги вазифаларига бағишланган матбуот анжумани ташкил этилиши айтиб ўтилди.
Якунда Парламент комиссияси ва Жамоат фондига тааллуқли бошқа ташкилий-ҳуқуқий масалалар ҳам муҳокама этилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.

Зиёда АШУРОВА.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn