Навқирон авлод камолоти йўлида
  • 23 Апрель 2015

Навқирон авлод камолоти йўлида

Ёшларга эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш истиқлолнинг дастлабки кунларидан бошлаб давлатимиз сиёсатининг энг муҳим устувор йўналишларидан бирига айланди. Худди шу мақсадда мамлакатимизда қабул қилинган умуммиллий дастурлар, амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар бугун ўзининг юксак самараларини бермоқда.

Ўғил-қизларимизнинг дунёда ҳеч кимдан кам бўлмай вояга етишларини таъминлашга қаратилган хайрли ишлар кўлами тобора кенгайиб бораётир.
Бу борада халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгашининг Ёшлар сиёсати ва соғлом авлод масалалари бўйича доимий комиссияси зиммасига ҳам катта вазифалар юкланган. Бинобарин, Президентимизнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг 2015 йил 23 январдаги қўшма мажлисидаги маърузасида маҳаллий Кенгашлар ҳамда уларнинг доимий комиссиялари фаолиятини янада самарали ташкил қилиш бўйича белгилаб берилган комплекс чора-тадбирлар ишимизни принципиал жиҳатдан қайта кўриб чиқишимизда муҳим аҳамият касб этди.
Айни чоғда доимий комиссиямизнинг жорий йилдаги иш режасида бу вазифалар тўла-тўкис ўз ифодасини топган. Чунончи,  ҳудудларда ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш, бу борадаги қонун ҳужжатлари ижроси устидан депутатлик назоратини ўрнатиш, депутатлик сўровидан фойдаланган ҳолда, жойларда учраётган айрим муаммолар ечимига мутасаддилар эътиборини қаратиш, қисқача айтганда, ёшлар манфаатини таъминлаш бўйича аниқ манзилли дастурлар асосида  фаолият юритмоқдамиз. Шу билан бирга, халқ депутатлари шаҳар ва туман Кенгашлари доимий комиссиялари билан ҳам ўзаро ҳамкорлигимиз йўлга қўйилган, уларга ҳуқуқий ҳамда амалий жиҳатдан кўмаклашаяпмиз.
Таъкидлаш лозимки, бугун вилоятимиз аҳолисининг 1,5 миллион нафардан зиёдини, яъни қарийб 57 фоизини ёшлар ташкил қилади. Улар ҳар жабҳада ташаббускор, интилувчан, фаол. Интеллектуал салоҳияти юқори. Буни қуйидаги рақамлар ҳам яққол ифода этади. Чунончи, вилоятимиз спортчи ёшларининг 350 нафарга яқини жаҳон, Осиё ва мамлакат чемпиони ҳисобланади. Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирланган истеъдодли қизларимиз сони 15 нафарга етган бўлса, санъат йўналишидаги изланишлари ва ёрқин ижоди билан кўзга кўринган 10 га яқин иқтидор соҳиби “Ниҳол” мукофотини қўлга киритди. Илмий-ижодий фаолият олиб бораётган ёш олимларимиздан ўн нафардан зиёди нуфузли илмий даражалар соҳибига айланди. Кейинги йилларда 2 мингга яқин ёш тадбиркор, фермер ва ҳунармандларимиз имтиёзли кредитлар ҳисобидан бизнес фаолиятини кенгайтирган бўлса, 3 мингдан ортиқ ёш оила молия муассасаларининг кўмаги билан уй-жой, маиший шароитларини яхшилаб олди.
Айтиш мумкинки, бугунги давр тақозоси, ёшларимиз дунёқараши ва талабидан келиб чиққан ҳолда, доимий комиссиямиз ўзининг ҳаракат дастурини шакллантирди. Ёшларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш, қабул қилинаётган қонунларни улар орасида кенг тарғиб этишдан тортиб, эртамиз давомчиларининг турли мафкуравий таҳдидларга қарши иммунитетини мустаҳкамлаш, уларни спортга кенг жалб қилиш, бандликни таъминлаш, истеъдод эгаларини қўллаб-қувватлаш каби муҳим вазифалар фаолиятимиз мезонини ташкил этади.
Албатта, режалаштирилган ҳар бир чора-тадбир аниқ манзилли асосга эга, энг муҳими, ҳаётга яқин, ён-атрофда кечаётган жараёнлар билан ҳамоҳанг бўлсагина, бекаму кўст рўёбга ошади. Шундан келиб чиқиб, режаларимизни белгилашда вилоятимизнинг ўзига хос хусусиятлари, ёшларимиз ҳаёти, ўй-кечинмалари, мақсад-муддаолари ва уларни ўйлантираётган муаммолар ечимлари билан боғлиқ жиҳатларга алоҳида эътибор қаратганмиз. Қолаверса, иш режамиз ҳар бир бандининг ижро муддатини жамиятда кечаётган ўзгаришлар, кундалик воқеликлар ҳамда муҳим саналар билан боғлаган ҳолда қўйганмиз. Масалан, яқинда нишонланган Наврўз байрами муносабати билан ҳамкор ташкилотлар кўмагида эртамиз эгалари учун азалий ва боқий қадриятларимизни эъзозлаш, халқимизга хос удум ҳамда анъаналарни тарғиб қилишга қаратилган маърифий тадбирлар, бадиий-мусиқий кечалар ташкил этдик.
Умуман, юртимизда кенг нишонланадиган ҳар бир умумхалқ байрамининг аҳамиятидан келиб чиқиб, бундай тадбирларни йил бўйи ўтказишни режалаштирганмиз. Бундан ташқари, касб-ҳунар коллежлари  битирувчиларининг иш билан таъминланиши аҳволи, таълим муассасаларида ўқитиш сифати, шунингдек, вояга етмаганлар ўртасидаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, махсус ихтисослаштирилган мактабгача таълим муассасаларида ногирон болаларни соғломлаштиришга йўналтирилган моддий-техник базани мустаҳкамлаш каби масалаларни атрофлича ўрганиб, бу борадаги мавжуд муаммоларга тезкор ечим топишга кўмаклашишни мақсад қилганмиз. 
Бунинг учун доимий комиссиямиз аъзолари билан йиғилишиб, тааллуқли масала ва таклифларни, жойлардан тушган ариза ҳамда шикоятларни муҳокама этишга, долзарб  муаммоларни вилоят Кенгаши сессияси муҳокамасига олиб чиқишга ҳаракат қилаяпмиз.
Кексаларни эъзозлаш йилида эса мақсад ҳамда вазифаларимиз янада кенгайди. Маълумки, кўпни кўрган нуроний отахону онахонларимизнинг ибратли ҳаёт йўллари ёш авлод учун ҳамиша катта мактаб вазифасини ўтаб келган. Жойларда ёшлар қалбида Ватанга меҳр-муҳаббат, бугунги тинч ҳамда осойишта кунларга шукроналик туйғусини шакллантириш, улар ўртасида соғлом маънавий муҳитни қарор топтириш, ёшларни “оммавий маданият”нинг салбий таъсирларидан асраш мақсадида уч авлод учрашувларини ташкил этаяпмиз. Шу билан бирга, оилада ўзаро ҳурмат, меҳр-муҳаббат каби юксак ахлоқий-маънавий қадриятларни қарор топтириш мақсадида “Оила — жамиятнинг муҳим бўғини”, “Инсон маънавияти манбаи — она муҳаббати, отанинг муносиб ибрати ва аждодлар донишмандлиги”, “Баркамол авлодни тарбиялашда оила, маҳалла ва таълим муассасасининг ҳамкорлиги” сингари маънавий-маърифий тадбирларни ўтказиш ҳам алоҳида изчиллик касб этмоқда.
Мухтасар айтганда, бугунги давр эртанги кунимизнинг давомчилари бўлган ёшларимизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамиятда муносиб ўрин эгаллашларига кўмаклашиш, бу борадаги мавжуд муаммоларни чуқур ўрганиш, таҳлил қилишни тақозо этаётир. Мазкур жараёнда, айниқса, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатлари фидойилик ва ташаббускорликни ўз фаолиятининг бош мезонига айлантириб олишлари шарт, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз.

Марҳабо ҚУРБОНОВА,
халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгаши Ёшлар сиёсати ва соғлом авлод масалалари
бўйича доимий комиссияси раиси ўринбосари.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn