Ўзбекистон — Япония ҳамкорлигига бағишланди
  • 07 Апрель 2015

Ўзбекистон — Япония ҳамкорлигига бағишланди

Нагоя университетида Ўзбекистон — Япония академик форуми бўлиб ўтди. Унда Япониядаги Нагоя, Васэда, Цукуба, Тоёхаши, Нанзан, Рицумэикан университетларининг ўқитувчилари, талаба ҳамда тадқиқотчилари иштирок этди.

Анжуманда Ўзбекистон ва Япониянинг таълим ҳамда мутахассислар алмашиш соҳаларидаги ўзаро ҳамкорлиги масалалари муҳокама қилинди. Қайд этилганидек, сўнгги йилларда Япония олий ўқув юртлари Ўзбекистондан кўплаб талабаларни қабул қилмоқда. Юртдошларимиз ҳам илм-фаннинг барча соҳасида юксак билимларга эга эканликларини намойиш этишаётгани, шубҳасиз, қувонарлидир.
Форумнинг япониялик қатнашчилари асосий тамойиллари мустаҳкам ва узлуксиз бўлган мамлакатимиз таълим тизимини такомиллаштириш юзасидан олиб борилаётган сиёсатга юқори баҳо бердилар. Таъкидланганидек, Ўзбекистонда ёшларнинг чуқур билим олишлари ва касб-ҳунар эгаллашлари учун барча зарур шарт-шароит яратилган. Эътироф этилганидек, ёшларнинг таҳсил олиши ва амалий машғулотлари жараёнларида педагогиканинг илғор технологиялари кенг қўлланилмоқда.
Анжуман чоғида Япония ва Ўзбекистон ўртасида таълим соҳасида самарали ҳамкорлик мавжуд эканлиги, икки мамлакат олий ўқув юртларининг шериклик алоқалари тобора кенгайиб бораётгани қайд этилди.
Тадбирда “Жаҳон” ахборот агентлиги мухбири анжуманнинг айрим иштирокчилари билан суҳбатлашди.
— Япония Ўзбекистон билан таълим соҳасидаги ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратмоқда, — деди Ичиномия шаҳар мэриясининг (Аичи префектураси) таълим бўйича бўлими бошлиғи Машита Киёши. — Хусусан, Аичи префектурасининг таълим муассасалари ҳам мамлакатингизнинг қатор олий ўқув юртлари билан яқин алоқаларни ўрнатган.
Ўзбекистон улкан инсон ресурсларига эгадир. Бугунги кунда республикада баркамол авлодни тарбиялашга йўналтирилган кенг қамровли чора-тадбирлар ҳаётга татбиқ этилаётир. Япония олий ўқув юртларида таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабалар чуқур билимга эга эканликларини кўрсатишмоқда. Улар хорижий тилларни ҳам яхши билишади. Биз бундан кейин ҳам ўзбек касбдошларимиз билан ўзаро ҳамкорлик кўламини кенгайтириш ниятидамиз.
— Университетимиз Ўзбекистондаги Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети, Тошкент давлат юридик университети ҳамда Тошкент давлат шарқшунослик институти билан шериклик муносабатларини ўрнатган, — дейди Нагоя университети тадқиқотчиси Сеижи Камияма. — Ҳозирги пайтда биз Ўзбекистондаги касбдошларимиз билан биргаликда қатор қўшма лойиҳаларни амалга оширмоқдамиз. Дўстона алоқаларимиз янада ривож топишига ишончимиз комил.

«Жаҳон» АА.
Токио

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn