Матье Булег: «Ўзбекистон — Франциянинг Марказий Осиёдаги энг муҳим шериги»
  • 14 Февраль 2015

Матье Булег: «Ўзбекистон — Франциянинг Марказий Осиёдаги энг муҳим шериги»

Мамлакатимиз Ташқи ишлар вазирлиги ҳузуридаги “Жаҳон” ахборот агентлигининг мухбири Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови арафасида Франциядаги “AESMA” консалтинг компаниясининг “Евроосиё” лойиҳалари бўйича директори Матье Булег билан суҳбатлашди.

У мулоқот чоғида Ўзбекистоннинг замонавий ривожланиши борасидаги фикр-мулоҳазаларини баён этди.
— Ҳозирги кунларда республикангизда жорий йилнинг 29 март куни бўлиб ўтадиган Президент сайловига фаол тайёргарлик кўрилмоқда, — деди Матье Булег. — Мамлакатингиз 1991 йили давлат мустақиллигини қўлга киритган пайтдан буён сиёсий, демократик, ижтимоий-иқтисодий соҳаларда қамровли ислоҳотларни ҳаётга татбиқ этиб, нафақат бу борада, балки маданий ва маънавий тараққиёт, кенг кўламли халқаро ҳамда минтақавий ҳамкорликни йўлга қўйишда ҳам салмоқли натижаларни қўлга киритди.
Шу ўринда сиёсий соҳада рўй берган ўзгаришларни алоҳида таъкидлашни истардим. Зеро, улар тараққиётнинг “ўзбек модели” асосидаги босқичма-босқич ислоҳотларни муваффақиятли амалга ошириш имконини яратиб бермоқда. Кучли фуқаролик жамиятини барпо этиш йўналишида қилинаётган ишлар эса мамлакатнинг замонавий ҳаётидаги эътиборга молик яна бир босқич ҳисобланади.
Ўтган йиллар давомида Ўзбекистон иқтисодиётида бозор муносабатлари асосларини яратиш, ишлаб чиқаришни диверсификациялаш ҳамда технологик модернизациялашга йўналтирилган тизимли ислоҳотлар ҳаётга жорий этилди. Халқаро андозадаги темир йўл ва автомобиль йўлларининг замонавий тармоғи барпо қилингани транспорт инфратузилмасини такомиллаштириш ҳамда XXI аср эҳтиёжларига мувофиқлаштириш имконини берди.
Халқаро ҳамкорлик хусусида фикр юритганда, Ўзбекистон раҳбарияти олиб бораётган тинчликсевар ташқи сиёсат мамлакатингизнинг изчил ва барқарор ривожланишини ҳамда бутун минтақа тараққиётини таъминлашга хизмат қилаётганини айтиб ўтиш жоиз. Халқаро терроризм ва гиёҳвандлик моддаларининг ноқонуний савдосига қарши фаол кураш олиб бориш Ўзбекистон ташқи сиёсатидаги муҳим жиҳатлардан бири саналади.
Юртингиз ҳудудида истиқомат қилаётган 130 дан зиёд миллат ҳамда элат вакилларининг тинчлик-осойишталикда ва ўзаро аҳилликда яшашини таъминлаш Ўзбекистон ички сиёсатидаги муҳим устуворлик ҳисобланиши ҳам диққатга сазовор. Жаҳон ҳамжамиятида дунёвий давлат сифатида танилган Ўзбекистон бугунги кунда кўпгина мамлакатлар учун диний бағрикенгликнинг ёрқин намунаси ҳисобланади.
Ижтимоий тараққиёт масаласи ҳақида тўхталганда эса, Ўзбекистон раҳбариятининг мазкур жабҳага қаратаётган улкан эътиборини таъкидлаш лозим. 2015 йил мамлакатда Кексаларни эъзозлаш йили деб эълон қилиниб, бунинг доирасида ҳаётга татбиқ этилиши режалаштирилган кўплаб тадбирлар нафақат кекса авлод вакиллари, балки мамлакат аҳолисининг турмуш фаровонлигини таъминлашда катта ижтимоий самарасини кўрсатиши аниқ.
Ўзбекистон Франциянинг Марказий Осиёдаги энг муҳим шериги ҳисобланади. 2015 йил ҳам мамлакатларимиз ўртасидаги икки томонлама муносабатларда муваффақиятлар йили бўлиб қолиши, шубҳасиз.

«Жаҳон» АА.
Париж

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn