Олий суд Раёсати йиғилиши
  • 07 Февраль 2015

Олий суд Раёсати йиғилиши

Ўзбекистон Республикаси Олий судида умумий юрисдикция судларининг 2014 йилда одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолияти ва истиқболдаги устувор вазифаларига бағишланган кенгайтирилган Раёсат йиғилиши бўлиб ўтди.

Олий суд раиси Ш. Газиев бошқарган йиғилишда мамлакатимизда ҳаётга татбиқ қилинаётган кенг кўламли ислоҳотлар, фуқаролик жамиятини ривожлантиришга қаратилган саъй-ҳаракатлар бугун юксак самара бераётгани алоҳида таъкидланди. Хусусан, суд-ҳуқуқ тизими янада ислоҳ этилаётгани ва соҳа қонунчилиги замон талаблари асосида изчил такомиллаштирилаётгани юртимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашда муҳим роль ўйнамоқда. Суд ҳокимияти мустақиллигини мустаҳкамлаш, судьяларнинг билим ва малакасини янада ошириш, уларни ижтимоий жиҳатдан ҳимоя қилишга қаратилган изчил чора-тадбирлар бунда алоҳида аҳамият касб этаётир.
Президентимизнинг 2012 йил 2 августдаги “Суд тизими ходимларини ижтимоий муҳофаза қилишни тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ва бошқа ҳужжатлар тизим ислоҳотларида навбатдаги босқични бошлаб берди. Зеро, мазкур ҳужжатлар асосида судьялар ва суд тизими ходимларининг ижтимоий муҳофазасини кучайтириш, уларнинг малакасини ошириш, судлар моддий-техник базасини янада такомиллаштиришга қаратилган интилишлар янгича суръат олди.
Давлатимиз раҳбарининг 2013 йил 4 октябрдаги “Туман ва шаҳар умумий юрисдикция судлари фаолиятини такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига биноан, аҳолига қулайлик яратиш мақсадида қўшимча равишда фуқаролик ишлари бўйича 12 та туманлараро (туман) судлари тузилди. Айни чоғда иш ҳажми катта бўлган туманлараро (туман) судлари судьяларининг сони 71 нафар кўпайтирилди.
Йиғилишда суд-ҳуқуқ тизимига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш борасидаги ишлар хусусида ҳам сўз юритилди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 10 декабрдаги “Судлар фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан махсус дастур қабул қилинди. Мазкур ҳужжат асосида ҳозирги пайтда судлар фаолиятида компьютерлаштириш даражасини ва компьютер техникасидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, судларда ахборот тизими ҳамда ресурсларини яратиш, тадбиркорлик субъектлари ва аҳолига кўрсатилаётган интерактив хизматлар кўламини кенгайтириш, сифатини яхшилаш, электрон иш юритуви тизимини кенг жорий этиш ишлари жадал олиб борилмоқда.
Раёсат йиғилишида умумюрисдикция судлари одил судловни амалга ошириш, фуқароларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш, ижтимоий адолат ва қонун устуворлигини таъминлаш борасида самарали фаолият юритаётгани ҳам қайд этилди. Ўтган йилда фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан 217 мингдан ортиқ иш кўрилгани, шунингдек, 950 мингдан зиёд суд буйруғи чиқарилиб, 779 миллиард сўмдан ортиқ маблағни ундириш белгилангани ана шундан далолатдир. Умуман, фуқаролик ишларининг 85,6 фоизи бўйича ҳал қилув қарорлари чиқарилди.
Ярашув институтининг самарали қўлланилиши натижасида 2014 йилда 12 687 нафар шахс, мазкур амалиёт жорий қилинганидан буён эса 163 минг нафардан зиёд шахс жиноий жавобгарликдан озод этилди. Жиноий жазоларнинг либераллаштирилиши муносабати билан ўтган йили 211 миллиард сўмликдан ортиқ моддий зарарнинг ўрнини қоплаган 3 477 нафар, ушбу қоида ҳаётга татбиқ этилгандан буён эса 624 миллиард сўмликдан ортиқ моддий зарарнинг ўрнини қоплаган 29 мингдан кўпроқ шахсларга озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланди.
Танқидий руҳда кечган тадбирда судлар томонидан йўл қўйилган айрим камчиликлар таҳлил қилиниб, уларни бартараф этиш чоралари белгилаб олинди. Шунингдек, судья ва суд ходимларининг масъулияти, касб маҳорати ҳамда малакасини янада ошириш бўйича тавсиялар берилди.


Зокир ХУДОЙШУКУРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn