Мурожаат этиш ҳуқуқи кафолати
  • 07 Февраль 2015

Мурожаат этиш ҳуқуқи кафолати

Мамлакатимизда фуқароларнинг Конституциямиз асосида кафолатланган ваколатли органларга мурожаат этиш ҳуқуқи амалда тўла таъминланаётир. Жумладан, ўтган йилнинг декабрь ойида кучга кирган “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонун ҳам айни шу мақсадга қаратилган.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида ўтказилган анжуманда мазкур Қонуннинг мазмун-моҳияти, амалиётда қўлланилиши юзасидан атрофлича сўз юритилди. Унда қатор вазирлик ва идоралар вакиллари, соҳага дахлдор мутахассислар ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди. 
Маълумки, “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонун фуқароларнинг давлат органларига мурожаат этиш тартибини янада такомиллаштирди. Мазкур норматив-ҳуқуқий ҳужжат асосида юридик шахсларнинг, шунингдек, тадбиркорлар ва хўжалик юритувчи субъектларнинг давлат органлари ҳамда муассасаларига мурожаатлари соҳасидаги муносабатлар ҳам тартибга солинди. Унда замон талабларидан келиб чиқиб, электрон шаклда мурожаат қилиш ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамланди. Эндиликда жисмоний ва юридик шахслар вақтини, маблағини тежаган ҳолда тегишли идора ёки мансабдор шахсларга замонавий ахборот-коммуникация технологиялари орқали мурожаат этиши мумкин.
Янги Қонун аҳамиятини кенг жамоатчиликка етказиш, унинг самарали ишлашини таъминлаш мақсадида Адлия вазирлиги томонидан муайян ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонун китоб шаклида чоп этилди ва айни пайтда унга шарҳ тайёрланаётир. Шу билан бирга, вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларда мурожаатлар билан ишлаш амалиёти изчил ўрганилаяпти.
Анжуманда таъкидланганидек, ушбу ўрганиш натижалари айрим вазирлик ва идоралар томонидан Қонун талабларига турлича ёндашилаётганини кўрсатмоқда. Бу каби ҳолатларни бартараф этиш, мурожаатларни кўриб чиқишда қонунийликни кафолатлаш бўйича тадбир давомида таклиф-мулоҳазалар билдирилди. Мансабдор шахсларнинг мурожаатларни кўриб, ҳал этишдаги масъулиятини янада кучайтириш, қонунбузарлик учун жавобгарлик билан боғлиқ масалалар қизғин муҳокама қилинди.


Фарида МАҲКАМОВА.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn