Депутатлар долзарб қонун лойиҳаларини кўриб чиқдилар
  • 19 Февраль 2014

Депутатлар долзарб қонун лойиҳаларини кўриб чиқдилар

18 февраль куни депутатлар Олий Мажлис Қонунчилик палатаси навбатдаги мажлисининг кун тартибига киритилган масалалар  муҳокамаcини давом эттирдилар.

Парламент аъзолари биринчи ўқишда киритилаётган “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳасини кўриб чиқишга алоҳида эътибор қаратдилар. Ушбу қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш зарурлиги 2010 йил ноябрь ойида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисида таклиф этилган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида асослаб берилган эди.
Қонун лойиҳаси фуқароларнинг ахборот олишга бўлган конституциявий ҳуқуқларини рўёбга чиқаришга қаратилган. Унда сиёсий плюрализмни, мамлакатимизда ва хорижда юз бераётган воқеалар ҳақидаги фикрларнинг хилма-хиллигини инобатга олган ҳолда, жамоатчиликни давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти тўғрисида хабардор қилиш тартиб-таомили белгилаб берилмоқда, давлат органлари фаолиятининг, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, давлат ички ва ташқи сиёсатининг очиқлиги ва ошкоралигини таъминлаш масалалари назарда тутилмоқда.   
Қонун лойиҳасида жисмоний ва юридик шахсларнинг ахборотдан фойдаланишини таъминлашдан, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг ва мансабдор шахсларининг қабул қилинадиган қарорлар учун жавобгарлигини оширишдан, шунингдек, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти тўғрисидаги ахборот тарқатиш тартибини белгилашдан иборат қонуннинг асосий вазифалари белгиланган. 
Қонун лойиҳасида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти очиқлигининг асосий принциплари тартибга солинган. Улар томонидан тақдим этиладиган ахборотнинг ҳамма учун қулайлиги ва ишончлилиги, улар фаолиятининг ошкоралиги, ахборот излаш, олиш ва тарқатиш эркинлиги, фуқароларнинг иззат-нафсига тажовуз қилинганда, шахсий ҳаётига аралашилганда уларнинг ҳимояланиш бўйича ҳуқуқлари ва манфаатларига, юридик шахсларнинг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти тўғрисидаги ахборот тақдим этишда ўз обрў-эътиборини ҳимоя қилишга оид ҳуқуқларига риоя қилиш шулар жумласидандир.
Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармойишига мувофиқ 2013 йил март — декабрь ойларида Самарқанд ва Бухоро вилоятларида парламент амалиётида илк маротаба ушбу қонун лойиҳасининг нормалари синови бўйича ҳуқуқий эксперимент ўтказилганлиги қайд этилди. Экспериментдан кўзланган мақсад қонун лойиҳасининг ҳуқуқий қоидаларини янада такомиллаштириш, қонун лойиҳаси нормалари амалга оширилишининг давлат бошқаруви тизими барқарор фаолият олиб боришига, ушбу соҳада ахборот хавфсизлигини таъминлашга кўрсатиши мумкин бўлган таъсирларини баҳолашдан иборат бўлди.
Ҳуқуқий эксперимент чоғида  қонун лойиҳаси қоидаларини амалий жиҳатдан қайта ишлаш, давлат органлари фаолиятининг очиқлиги, ошкоралигини таъминлаш бўйича унинг нормалари самарадорлигини баҳолаш, оммавий ахборот воситалари, фуқаролик жамияти институтлари, аҳолининг уларнинг фаолияти тўғрисидаги ахборотни эркин олиши бўйича талай чора-тадбирлар амалга оширилди.
Депутатлар, сиёсий партиялар, ННТ, ОАВ вакиллари ҳуқуқий эксперимент тадбирларини амалга оширишда фаол иштирок этдилар.
Ҳуқуқий экспериментнинг ўтказилиши амалиётда шуни яна бир бор ишончли тарзда кўрсатдики, “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги қонун лойиҳасининг қабул қилиниши фуқароларнинг давлат органлари фаолияти тўғрисида ахборот олишга бўлган конституциявий ҳуқуқларини рўёбга чиқариш механизмларини кенгайтиради, шу билан бир қаторда, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг қабул қилинаётган қарорлар сифати учун жавобгарлигини кўп жиҳатдан оширади. Умуман олганда, ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши жисмоний ва юридик шахсларнинг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти тўғрисидаги ахборотдан фойдаланишининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлайди.
Қонун лойиҳасини ҳар томонлама муҳокама этиш чоғида барча сиёсий партиялар фракциялари ва Ўзбекистон экологик ҳаракатидан сайланган депутатлар гуруҳи вакиллари сўзга чиқдилар. Қонун лойиҳасида очиқликни таъминлаш бўйича фаолиятни мақбуллаштириш ва бир хиллаштириш, шунингдек, ушбу соҳадаги қоидабузарлик учун юридик жавобгарлик чора-тадбирларини белгилаш жараёнларини бундан кейин ҳам ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш мақсадида раҳбарларнинг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг очиқлигини таъминлаш соҳасидаги ваколатлари рўйхатини белгилаш масаласини аниқроқ ишлаб чиқиш тўғрисида таклифлар киритилди. Сиёсий партиялар фракцияларининг аъзолари қабул қилинаётган қонун лойиҳаси жамият ҳаётини янада демократлаштириш ва эркинлаштириш жараёнлари учун ўта муҳимлигини, шунингдек, қонун лойиҳаси концепцияси мамлакатимиз сиёсий партияларининг асосий дастурий ҳужжатларига мувофиқлигини қайд этдилар. 
Барча таклифлар ҳар томонлама муҳокама этилганидан кейин Олий Мажлис Қонунчилик палатаси “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги қонун лойиҳасининг концепциясини маъқуллади ва уни биринчи ўқишда қабул қилиб, ҳужжатни иккинчи ўқишда кўриб чиқиш учун тайёрлашни масъул қўмитага топширди.
Шундан кейин депутатлар “Ўзбекистон Республикасининг Хўжалик-процессуал кодексига қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонуни лойиҳасини кўриб чиқдилар. Ушбу қонун лойиҳасида хўжалик суд ишларини  юритишни янада такомиллаштириш, одил судловни таъминлаш, тадбиркорлик субъектларининг вақтини тежаш ва харажатларини камайтириш, судлар фаолиятида замонавий ахборот-коммуникация технологиялари имкониятларидан самарали фойдаланишнинг ҳуқуқий нормалари белгилаб берилган.
Мунозараларда бугун хўжалик-процессуал қонунчилик ҳужжатларида видеоконференция-алоқа тизимларидан фойдаланиш орқали мажлислар ўтказиш имконияти ҳали ҳам назарда тутилмаганлиги билдирилди. Амалдаги нормаларга мувофиқ ишларни кўриб чиқиш ишни кўриб чиқувчи суд жойлашган ерда ўтказиладиган суд мажлисида амалга оширилади. Бундай тартиб суд жойлашган ердан бошқа ҳудудда жойлашган тарафларнинг, иш кассацион инстанция судида кўриб чиқилганда эса, иккала тарафнинг кўп вақти ва маблағлари сарфланиши билан боғлиқ. Шу муносабат билан қонун лойиҳасида назарда тутилган ўзгартишларнинг киритилиши ушбу жараён иштирокчиларига, шу жумладан, судда иши кўриб чиқилаётган, бошқа ҳудудда жойлашган тадбиркорлик субъектларига ўзлари жойлашган ҳудуддан чиқмаган ҳолда суд жараёнларида иштирок этиш, уларнинг молиявий ва вақт билан боғлиқ харажатларини камайтириш имкониятини беради.
Депутатлар таъкидладиларки, умуман, видеоконференция-алоқа тизимининг жорий этилиши суд орқали ҳимоя қилиш ҳуқуқларини амалга ошириш учун қулайроқ шарт-шароитлар яратиб беради, одил судловни таъминлайди, шунингдек, бутун хўжалик судлари тизимининг фаолиятини ташкил этиш ва бу фаолият устидан назорат қилишда Олий хўжалик суди фаолиятининг самарадорлигини оширади.
Шундан сўнг Қонунчилик палатаси мажлисида кун тартибининг кейинги банди кўриб чиқилди. Маълумки, 2013 йил 28 декабрда Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида баён этилган ташаббусларни рўёбга чиқариш доирасида ишлаб чиқилган “Экологик назорат тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни кучга кирди. Амалдаги қонун ҳужжатларини қабул қилинган Қонунга мувофиқлаштириш мақсадида Қонунчилик палатаси депутатларининг ташаббускор гуруҳи томонидан “Экологик назорат тўғрисида”ги Қонун қабул қилиниши муносабати билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси тайёрланди. Қонун лойиҳаси мамлакатимизнинг бир қатор қонун ҳужжатларига, шу жумладан, “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги, “Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги, “Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги қонунларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни назарда тутмоқда.
Умуман олганда, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши нормалар ва қоидаларнинг номувофиқлигига барҳам бериш, ҳуқуқий тартибга солишнинг, экологик назорат соҳасидаги муносабатларни тартибга солувчи атамалар ва таърифларни қўллашнинг бир хиллигини таъминлаш имконини яратади.
Саволларга жавоб берилганидан кейин ва қонун лойиҳаси ҳар томонлама муҳокама этилганидан сўнг депутатлар уни концептуал жиҳатдан маъқуллаб, биринчи ўқишда қабул қилдилар. Масъул қўмитага ҳужжатни кейинги ўқишда кўриб чиқиш учун тайёрлаш вазифаси топширилди.
Мажлисда Қонунчилик палатасининг ваколатига кирадиган бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди. Хусусан, янги таҳрирдаги “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси учинчи ўқишда қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг ахборот хизмати.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn