Банкротликка оид қонунчилик такомиллаштирилди
  • 28 Октябрь 2014

Банкротликка оид қонунчилик такомиллаштирилди

Юртимизда иқтисодиётни барқарор юксалтириш, янги иш ўринлари яратиш ҳамда аҳоли даромадини оширишнинг муҳим омили бўлган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, ўрта мулкдорлар синфини шакллантириш бўйича қулай ишбилармонлик муҳити ҳамда ишончли ҳуқуқий кафолатлар яратилди.

Натижада кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг ишлаб чиқаришдаги улуши йилдан-йилга ортмоқда. Уларнинг ялпи ички маҳсулотдаги ҳиссаси қарийб 55,8 фоизни ташкил этаётгани ҳам шундан далолат беради.
Жорий йил 5 сентябрда матбуотда эълон қилинган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун шу соҳани янада ривожлантириш, хусусан, банкротлик ҳолатига боғлиқ қонунчиликни такомиллаштиришга қаратилганлиги билан ниҳоятда аҳамиятлидир.
Айтиш жоизки, “Банкротлик тўғрисида”ги Қонунга кўра, қарздор пул мажбуриятлари бўйича кредиторлар талабларини қондиришга ёки мажбурий тўловлар бўйича ўз мажбуриятини бажаришга қодир бўлмаса ҳамда мажбурий тўловлар юзага келган кундан эътиборан уч ой давомида қарздор томонидан бажарилмаса, бундай корхона банкрот, деб топилади.
Афсуски, кейинги йилларда банкротлик аломатлари мавжуд бўлган корхоналар сони, бюджет ва кредиторлар олдидаги қарздорлик ҳажми кўпайиб боришидан ташқари, мажбурий тўловлардан қочиш ва банкротликни сунъий равишда уюштириш ҳолатлари ҳам кузатилмоқда. Бунга амалда суд бошқарувчилари зиммасига мансабдор шахсларнинг ва қарздор мол-мулк эгаларининг ҳаракатида қасддан банкротликка олиб келиш ёки олдиндан ўйлаб содир этилган банкротлик аломати бор-йўқлигини ўрганишни юкловчи қоидалар йўқлиги сабаб эди. Шу боис юқорида номи айтилган янги Қонун билан “Банкротлик тўғрисида”ги Қонунга тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.
Унга кўра, хўжалик суди томонидан тайинланадиган суд бошқарувчиси зиммасига сохта банкротлик, уни яшириш, қасддан банкротликка олиб келиш аломатларини аниқлаш бўйича ҳаракатларни амалга ошириш вазифаси юклатилди.
Шунингдек, ишда иштирок этувчи шахсларнинг ҳам банкротлик тўғрисидаги ишда қўлланиладиган ҳар қандай тартиб-таомил жараёнида хўжалик судига сохта банкротлик, банкротликни яшириш ёки қасддан банкротликка олиб келиш аломатларини аниқлаш мақсадида экспертиза тайинлаш тўғрисида илтимоснома билан мурожаат қилиши мумкинлиги белгиланди.
Бир қатор хорижий мамлакатлар қонунчилигида ҳам суд бошқарувчисининг бундай мажбурияти белгиланган. Ҳаттоки, айрим Ҳамдўстлик давлатларида хўжалик суди кредиторлардан бирининг даъвоси билан қасддан банкротликка олиб келиш ёки сохта банкротликни аниқлаш бўйича экспертиза тайин қилиш ҳуқуқига эга. Япония қонунчилигида суд банкротлик тўғрисидаги ҳар битта ишни кўришда махсус текшириш ўтказиши, шу билан бирга, ноқонуний ҳаракатни аниқлаш учун бошқарувчига текшириш ўтказиш бўйича мажбурият юклаши мумкинлиги, унинг текшириш натижаларини судга тақдим этиши кўрсатилган.
Шу ўринда Президентимизнинг 1998 йил 4 мартдаги “Хўжалик юритувчи субъектларнинг иқтисодий ночорлиги ва шартнома мажбуриятларининг бажарилиши учун мансабдор шахсларнинг жавобгарлигини кучайтириш тўғрисида”ги Фармонида хўжалик юритувчи субъектлар раҳбарлари корхоналарнинг иқтисодий барқарорлигини таъминлаш учун шахсан жавобгарлиги, пул маблағлари ва бошқа мулкдан оқилона фойдаланилмаганлиги, тўлов интизоми бузилиши, шартнома мажбуриятлари бажарилмаслиги ва корхоналарни банкрот бўлиш даражасигача етказиш учун қаттиқ жавобгарликка, ҳатто жиноий жавобгарликка тортишгача олиб келиши кўрсатилганини ҳам таъкидлаш ўринлидир.
Шулардан келиб чиққан ҳолда, Жиноят ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларга ҳам қўшимчалар киритилди. Хусусан, Жиноят кодекси 1811-модда билан тўлдирилиб, эндиликда қасддан банкротликка олиб келиш жиноий ҳаракат сифатида баҳоланадиган бўлди. Унга кўра, якка тартибдаги тадбиркор ёки юридик шахс мансабдори, муассиси ёхуд мол-мулкининг мулкдори томонидан ўз манфаатларини ёки бошқалар манфаатларини кўзлаб содир этилган қасддан банкротликка олиб келиш энг кам ойлик иш ҳақининг юз бараваридан икки юз бараваригача миқдорда жарима ёки беш йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёхуд уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади. Ушбу моддада рағбатлантирувчи нормалар ҳам назарда тутилган бўлиб, унга мувофиқ, қасддан банкротликка олиб келган шахсга етказилган моддий зарар ўрни қопланган тақдирда, озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо қўлланилмаслиги мумкин.
Янги Қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ҳам қасддан банкротликка олиб келиш билан боғлиқ ҳаракатлар учун маъмурий жавобгарликни назарда тутувчи янги модда киритилди. Яъни қасддан банкротликка олиб келиш билан боғлиқ ҳаракат туфайли кредиторларга етказилган зарар кўп миқдордан кам бўлса, маъмурий жавобгарлик келиб чиқади. Бу ҳолатда жавобгар ҳисобланган мансабдор шахсларга энг кам иш ҳақининг ўн беш бараваридан йигирма бараваригача миқдорда жарима солинади.
Шу ўринда маъмурий ва жиноий жавобгарликнинг асосий фарқи кредиторларга етказилган зарар миқдорига қараб белгиланишини таъкидлаш зарур. Шахс ҳаракатлари натижасида етказилган зарар миқдори кўп бўлса, жиноий жавобгарликка, етказилган зарар миқдори кўп миқдордан кам бўлса, маъмурий жавобгарликка сабаб бўлади.
Хўш, қонунчиликка киритилган банкротликка оид янги нормалар ва бу борада жавобгарликнинг оширилиши қандай натижалар беради? Энг аввало, хўжалик юритувчи субъектларда ўзининг пул маблағлари, бошқа мол-мулкидан оқилона фойдаланиш ва корпоратив бошқарув сифатини оширади, хўжалик юритувчи субъектлар эгалари ва мансабдорларнинг ташкилот иқтисодий барқарорлигини таъминлаш бўйича масъулиятини кучайтиради. Айни чоғда кредиторлик қарзларининг камайиши, тўлов интизоми ва шартнома бўйича мажбурият ижросини мустаҳкамлашда қўл келади.
Умуман олганда, қонунчилигимизга киритилган бундай янгиликлар пировардида юртимиз иқтисодиётини бундан-да ривожлантириш ҳамда аҳоли фаровонлигини оширишда мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.

Нодир МУХТОРОВ,
Мардонбек БОБОЖОНОВ,
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги
Амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги институти ходимлари.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn