Бош прокуратурада учрашув
  • 08 Октябрь 2014

Бош прокуратурада учрашув

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасида Хитой Халқ Республикаси Бош прокурори Цао Цзяньмин раҳбарлигидаги ХХР Олий халқ прокуратураси делегацияси аъзолари билан учрашув бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Рашитжон Қодиров ва Хитой Халқ Республикаси Бош прокурори Цао Цзяньмин кўплаб йўналишлар, жумладан, ҳуқуқий соҳада Ўзбекистон билан Хитой ўртасидаги ҳамкорлик изчил ривожланиб бораётганини таъкидлади. Ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг шартномавий-ҳуқуқий асослари кенгайтирилаётгани икки мамлакат бош прокуратуралари ҳамкорлигини янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Ўзбекистон ва ХХР прокуратура идораларининг ўзаро ҳамкорлиги фуқаролик ва жиноят ишлари бўйича ҳуқуқий ёрдам бериш ва экстрадиция тўғрисидаги давлатлараро шартномалар, шунингдек, 2000 йил 11 октябрда имзоланган Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ва Хитой Халқ Республикаси Олий халқ прокуратураси ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги идоралараро шартнома асосида амалга оширилмоқда.
Учрашув доирасида 2015 — 2016 йилларда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ва Хитой Халқ Республикаси Олий халқ прокуратураси ўртасида ҳамкорлик дастури имзоланди.
— Учрашув самарали ўтди, — дейди ХХР Бош прокурори Цао Цзяньмин. — Мазкур мулоқот идораларимиз ўртасидаги ўзаро манфаатли муносабатларни янада ривожлантириш истиқболларини белгилаш имконини берди. Идоралараро муносабатларнинг шартномавий-ҳуқуқий базасини кенгайтириш ҳам муҳим аҳамиятга эга. Бугун имзоланган ҳамкорлик дастури икки мамлакат Бош прокуратуралари ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлашига ишонаман.
Шунингдек, Хитой делегацияси аъзолари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати, Ички ишлар вазирлиги ва Олий судида ҳам учрашувлар ўтказди.


Бобур ОБИДОВ,
ЎзА мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn