Бола ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари кафолати
  • 08 Октябрь 2014

Бола ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари кафолати

Вояга етмаганлар, меҳнатга лаёқатсизлар ва ёлғиз кексаларнинг ҳуқуқлари давлат ҳимоясидадир. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 45-моддаси.

Халқимиз азалдан ўсиб келаётган ёш авлодга ҳаётимиз давомчилари сифатида алоҳида эътибор билан қараган. Бу эзгу анъана истиқлол туфайли янада кенг қулоч ёйди ва давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири даражасига кўтарилди. Натижада бугун юртимизда бола ҳуқуқлари ҳамда манфаатларини таъминлаш, ҳаёти ва соғлиғи ҳақида қайғуриш, уларнинг камситилишига йўл қўймаслик, шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш, ҳуқуқ ва имкониятлари тенглигини кафолатлашга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
Ҳар бир боланинг жисмоний, интеллектуал ҳамда маънавий жиҳатдан камол топишига кўмаклашиш, уларни ватанпарварлик, бағрикенглик ва тинчликсеварлик руҳида тарбиялаш, миллий анъана ҳамда қадриятларимиз, жаҳон маданияти ютуқлари билан таништириш, илмий ва бадиий ижодкорлигини ривожлантириш, бу борада давлат органлари ҳамда ННТ ҳамкорлигини кучайтириш, вояга етмаганлар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликлар камайишига эришиш ҳам мазкур йўналишдаги ишлар кўлами нечоғли кенг эканидан дарак бериб турибди.
Буларни муваффақиятли бажаришда соҳанинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш муҳим аҳамиятга эга. Шу боис ўтган йиллар давомида мамлакатимизда ёшларнинг мукаммал билим олишлари, ўз истеъдодини юзага чиқариши учун шарт-шароит яратиш баробарида, бола ҳуқуқларини халқаро меъёрлар даражасида кафолатлайдиган миллий қонунчилик асосини яратиш чоралари кўрилди. Аввало, Конституциямизда бола ҳуқуқлари тўлиқ кафолатланганлигини айтиш зарур. Шу асосда ўтган даврда бешта халқаро конвенция ратификация қилинди ва ўндан ортиқ қонунлар қабул қилинди. Хусусан, БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси ҳамда “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни билан болаларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари тўлиқ таъминланмоқда. “Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига биноан, васийлик ҳамда ҳомийликка муҳтож шахслар, хусусан, ота-она қарамоғидан маҳрум болаларга ҳар томонлама ғамхўрлик кўрсатилаётир. Шу билан бирга, вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси изчил амалга оширилиб, судлар ҳамда бошқа муассасаларда уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг мустаҳкам ҳимояси таъминланмоқда.
Шунингдек, Ўзбекистон Ишга қабул қилиш учун энг кичик ёш тўғрисидаги (Женева, 1973 йил
26 июнь) ҳамда Болалар меҳнатининг оғир шаклларини тақиқлаш ва йўқ қилишга доир шошилинч чоралар тўғрисидаги конвенцияларга (Женева, 1999 йил 17 июнь) қўшилган бўлиб, бу борада ўз зиммасига олган мажбуриятларини тўлиқ бажараётир. Ўрни келганда шуни айтиш жоизки, хорижлик экспертлар Ўзбекистоннинг болаларга ғамхўрлик кўрсатиш борасидаги интилишларини ижобий баҳоламоқда. Масалан, БМТнинг бола ҳуқуқлари бўйича халқаро эксперти, судья Ренате Винтер (Австрия) қуйидаги фикрни билдирган эди: “Ўзбекистонда БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси амалиётга тўла татбиқ этиб келинмоқда ва соҳада мустаҳкам ҳуқуқий база яратилган. Юртингизда бу борадаги қонунчиликни такомиллаштириш ҳамда халқаро ҳамкорликка алоҳида урғу берилаётганлиги ҳам эътиборга молик”.
2008 йил 7 январда имзоланган “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонунда илк маротаба болалар, етим бола, ижтимоий ҳимояга мухтож бола, ногирон бола каби тушунчаларнинг мазмун-моҳияти очиб берилди. Унда бола ҳуқуқларини таъминлаш ва уларни амалга ошириш учун зарур шарт-шароитларни яратиш бўйича давлат сиёсати асослари, давлат органлари ҳамда жамоат бирлашмалари ваколатлари мустаҳкамлаб қўйилди. Қолаверса, бола ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини бузганлик учун жавобгарлик кўзда тутилган.
Фуқаролик, Меҳнат, Жиноят кодекслари ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда ҳам бола ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган муҳим қоидалар ўз ифодасини топди. Масалан, 2013 йил 30 апрелда имзоланган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонунга асосан, Фуқаролик процессуал кодекси “Фарзандликка олиш” деб номланган янги боб билан тўлдирилди. Унга кўра, мамлакатимизда болани фарзандликка олиш фақат суд тартибида амалга оширилиши белгилаб қўйилди.
Мазкур Қонун ижросини таъминлаш мақсадида 2013 йил 11 декабрда “Судлар томонидан фарзандликка олиш ҳақидаги ишлар бўйича қонунчиликни қўллаш амалиёти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Пленум қарори қабул қилинди. Ушбу қарор фарзандликка олиш билан боғлиқ муносабатларни тартибга солиш жараёнида юзага келган низоларни тўғри ҳал этиш борасида ягона суд амалиётини шакллантириш имконини бериши билан бир қаторда, ота-оналарнинг болалар тарбияси учун жавобгарлигини ошириш, оила институтини мустаҳкамлаш, оилавий муносабатларда қонунийликни таъминлашга қаратилганлиги билан ниҳоятда аҳамиятлидир.
Бола ҳуқуқларини таъминлаш йўналишида Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан ҳам муайян ишлар амалга оширилаётир. Мисол учун, Республика Хотин-қизлар қўмитаси билан ҳамкорликда “Соғлом бола йили” Давлат дастури ижроси доирасида жойларда “Бола ҳуқуқлари давлат ҳимоясида” мавзуида семинарлар ўтказилди. Мазкур тадбирларда бола ҳуқуқларини ҳимоя қилишда халқаро қоидалар ва миллий қонунчилик, бола тарбияси билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик, оилада соғлом муҳитни шакллантиришда ҳуқуқий тарғиботнинг ўрни каби долзарб масалалар муҳокама қилинди.
Хулоса ўрнида айтганда, Ўзбекистон миллий қонунчилик ҳамда халқаро ҳуқуқ талаблари асосида бола ҳуқуқлари ва манфаатлари борасида ўз зиммасига олган мажбуриятларни тўлиқ бажариб келаяпти. Пировардида эса эртамиз эгалари — болаларимиз ҳар жиҳатдан баркамол бўлиб вояга етмоқдалар.


Қўчқор ТОҒАЕВ,
Ўзбекистон Республикаси
Олий суди раисининг ўринбосари.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn