Замон талабларига муштарак қонун
  • 08 Октябрь 2014

Замон талабларига муштарак қонун

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан илгари сурилган ва имзоланган “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни давлат ҳамда жамият ҳаётининг барча соҳаларида изчил амалга оширилаётган демократик, ижтимоий-иқтисодий ўзгаришларнинг яна бир яққол ифодасидир.

Бошқача айтганда, мазкур ҳуқуқий ҳужжат Ўзбекистонда фуқаролик жамиятини ривожлантириш жараёнининг янги босқичини бошлаб беради. Бу эса аҳолининг ижтимоий-сиёсий ва ҳуқуқий фаоллиги ошиб бораётгани самарасидир.
Мазкур Қонун ноёб ҳужжат бўлибгина қолмасдан, муҳим сиёсий-ҳуқуқий дастуриламал ҳамдир. Чунки у фуқароларнинг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги, шаффофлиги ҳамда самарадорлиги, давлатнинг жамият олдида ҳисоб бериб бориши, аҳоли кенг қатламлари, биринчи навбатда, фуқаролик жамияти институтларини ижтимоий-сиёсий аҳамиятга эга бўлган қарорлар қабул қилиш жараёнига кенг жалб этиш бўйича ўсиб бораётган эҳтиёжларига жавоб беради. Шу билан бир қаторда, фуқаролик институтларининг жамият ва давлат бошқарувидаги иштирокига оид конституциявий ҳуқуқлари ҳаётга янада кенг татбиқ этилади.
Тегишли қонунчилик ҳужжатлари ҳамда ҳуқуқни қўллаш амалиёти, жумладан, дунё тажрибаси, халқаро ҳуқуқий ҳужжатларнинг ҳар томонлама чуқур таҳлили шуни кўрсатадики, “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги Қонун нафақат юртимиз учун ўз вақтида қабул қилинди, балки дунё ҳамжамияти учун долзарб маъно-мазмун касб этади.
Хусусан, Қонунда ўз аксини топган “ижтимоий шериклик” институти бугунги кунгача мавжуд бўлган ижтимоий шериклик атамасига янгича мазмун бағишлаб, ўзаро шериклик муносабатлари иштирокчилари доирасининг тенг ҳуқуқли субъектларини касаба уюшмалари қаторида жамоат бирлашмалари, фондлар, муассасалар, ҳаракатлар ва бошқа нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳисобидан кенгайтиради. Маълумки, улар ҳозирги вақтда фуқаролик жамияти негизини ташкил қилиб, мазмун-моҳиятини белгилаб бераётир.
Буларнинг барчаси замонавий жамият ижтимоий тузилмаларида содир бўлаётган ўзгаришларга ҳар жиҳатдан муштаракдир. Айтиш жоизки, ҳаётимиздаги мазкур ўзгаришлар аҳоли кенг қатламлари томонидан қўллаб-қувватланаётган, уларнинг манфаатларини илгари сураётган, жамоатчилик фикри ҳамда тафаккурини шакллантираётган фуқаролик жамияти институтлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ривожида намоён бўлмоқда.
Шундай экан, уларнинг жамиятни демократлаштириш ва модернизация қилишдаги роли халқаро ҳамжамият томонидан ҳам кенг эътироф этилиб, расман тан олинмоқда. Жумладан, фуқаролик жамияти институтлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари билан шерикликнинг муҳимлиги БМТнинг Иқтисодий ва ижтимоий кенгаши, Европа Иттифоқи Комиссияси, Европа Кенгаши ҳамда бошқа нуфузли ташкилотларнинг қатор халқаро ҳужжатларида ўз ифодасини топган. Уларда ННТ билан мулоқот, маслаҳат воситасида ҳамкорликни йўлга қўйиш, демократик принциплар асосида шерикликни шакллантириш белгиланган, нодавлат нотижорат ташкилотларига давлат томонидан муайян кўринишда қўллаб-қувватлаш механизмларини жорий этиш, уларни ижтимоий-сиёсий ва социал-иқтисодий ривожланиш масалалари ечимига жалб қилиш тавсия этилган.
Таъкидлаш лозимки, қатор ривожланган демократик мамлакатларда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш, ахборот олиш, давлат органларига мурожаат қилиш ҳуқуқи, ижтимоий таъминот масалалари, давлат ва фуқаролик жамияти институтлари, қарорлар қабул қилиш жараёнидаги ННТнинг ўзаро ҳамкорлиги механизмлари айрим қонунчилик ҳужжатларида белгилаб қўйилган. Йиллар давомида қарор топган демократик давлат бошқаруви қадриятлари билан бирга, ушбу механизмлар давлат ва фуқаролик жамияти институтлари манфаатлари уйғунлигининг яхлит тизимини шакллантиришга ҳамда уларнинг изчил фаолиятига хизмат қилмоқда.
Шундай бўлса-да, ривожланган демократик мамлакатларда ҳанузгача давлат билан ННТнинг ижтимоий шериклиги аниқ тартибга солинган ягона қонунчилик ҳужжати йўқ.
Ўтган асрнинг 90-йиллари охирига келиб, қатор ривожланган демократик мамлакатларда ижтимоий-иқтисодий муаммоларнинг чуқурлашуви, глобаллашув жараёнининг жадаллашиши, маънавий-ахлоқий инқироз ва жамиятда тарқоқлик тенденциялари кескинлашуви туфайли давлат ҳамда жамиятнинг саъй-ҳаракатларини ва имкониятларини ижтимоий, социал-иқтисодий, гуманитар ривожланишнинг долзарб масалалари ечими йўлида бирлаштириб, сафарбар этишга йўналтирилган чора-тадбирлар қабул қилинди. Жумладан, давлат ҳокимиятининг фуқаролик жамияти ролига оид сиёсатини белгилаб берадиган ҳамда жамоатчилик ташкилотлари билан конструктив ҳамкорлик асосига қурилган икки томонлама расмий келишувларни имзолашга бўлган уринишлар кузатилмоқда.
Шулар баробарида, айрим мамлакатларда нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари ҳукумат ва фуқаролик жамияти ўртасидаги шериклик масалаларини қонун йўли билан тартибга солишни янада фаол талаб қилмоқдалар. Чунки ўзаро имзоланган келишувлар сиёсий аҳамият касб этиб, етарли даражадаги ҳуқуқий кучга эга эмас. Шунинг учун улар ҳамиша ҳам давлатнинг кенг қамровли мажбурияти сифатида қабул қилинмаяпти.
Бинобарин, ижтимоий шерикликни аҳоли турли ижтимоий қатламлари манфаатларининг самарали келишувини, мамлакатни ижтимоий, социал-иқтисодий ривожлантириш масалалари ечими йўлида саъй-ҳаракатларни бирлаштиришни таъминлайдиган тизим сифатида, янги ва замонавий тушунчага мос равишда қонуний тартибга солиш ҳамда институтлаштириш муҳимдир. Бу эса, энг аввало, фуқаролик жамияти интилишларига жавоб беради ҳамда келажакда бошқа мамлакатлар учун намунавий қонун вазифасини бажариши мумкин.
Айтиш лозимки, Ўзбекистонда истиқлолнинг илк йилларидан бошлаб давлат ва ННТ ўртасидаги ҳамкорлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилиб келинмоқда. “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги Қонун қабул қилингунга қадар 30 дан ортиқ қонунлар ва 100 дан зиёд меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларда шерикликнинг айрим жиҳатлари ўз ифодасини топган эди.
“Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида”ги, “Жамоат фондлари тўғрисида”ги, “Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунлар ҳамда бошқа қонун ҳужжатларида ННТни ташкил этиш ва унинг фаолиятини олиб бориш, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, уставдаги мақсад ҳамда вазифаларини амалга оширишга кўмаклашиш тартиби белгилаб берилди, ННТнинг ижтимоий ҳаётнинг турли масалалари бўйича ташаббус кўрсатиш, давлат органлари қарорларини ишлаб чиқишда иштирок этишга бўлган ҳуқуқлари мустаҳкамлаб қўйилди. Шундай бўлса-да, уларда давлат органлари билан ҳамкорликка оид ҳуқуқларни амалга оширишнинг аниқ процессуал механизмлари очиб берилмаганди.
Юқорида зикр этилган қонунчилик ҳужжатларида давлат органлари билан ННТ ўртасидаги шерикликни амалга оширишнинг умумий жиҳатларигина мустаҳкамланган. Масалан, “Жамоат фондлари тўғрисида”ги, “Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида”ги, “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги, “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги қонунларда давлат органлари ва ННТ ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни ижтимоий шериклик асосида ташкил этишга оид бандлар кўрсатиб ўтилган. Лекин ушбу қонунларда мазкур ҳамкорлик ҳаволаки хусусиятга эга, холос.
Яъни амалдаги қонунчиликда ушбу муносабатларнинг аниқ шакллари ва процессуал механизмлари назарда тутилмаган, ННТнинг ҳуқуқлари етарли даражада очиб берилмаган, биринчи навбатда, давлат органлари томонидан нодавлат нотижорат ташкилотларининг давлат ва жамият бошқарувида иштирокига оид ҳуқуқларини рўёбга чиқаришга кўмаклашиш бўйича мажбуриятлар аниқлаштирилмаган эди. Бу эса ННТни муҳим ижтимоий, социал-иқтисодий вазифалар ижросига жалб этиш, уларнинг аҳоли билан мулоқот қилишнинг муҳим воситаси сифатидаги салоҳиятини юзага чиқариш, жамиятда манфаатлар мувозанатини таъминлаш ва фуқаролик фаоллигини оширишга тўсқинлик қилаётганди.
Шу маънода, ҳокимият, фуқаролик жамияти институтлари, ННТ ўртасидаги ҳамкорликнинг қатъий, тизимли шакллари, принциплари, механизмлари, шунингдек, ҳар икки томоннинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари акс эттирилган ягона қонун ҳужжатининг қабул қилиниши ҳар тарафлама долзарбдир. Чунки бу фуқаролик институтларининг жамият ва давлат бошқарувида самарали ҳамда фаол иштирок этишига туртки беради, қолаверса, у катта сиёсий-ҳуқуқий маънога ҳам эга.
“Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги Қонун давлатимиз конституциявий қурилишининг “Кучли давлатдан — кучли фуқаролик жамияти сари” тамойилини рўёбга чиқаришнинг яққол ифодаси, мамлакатимизни модернизация қилиш ҳамда демократик янгилашда фуқаролик жамияти институтлари, ННТ ролининг муҳим омил сифатида яна бир бор амалда эътироф этилишидир. У давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари ўртасидаги амалий мулоқотнинг мустаҳкам ҳуқуқий ҳамда қонуний кафолатларини яратади.
Шу ўринда алоҳида урғу бериш керакки, қонун давлат тузилмалари ва фуқаролик жамияти институтлари ўртасидаги алоқаларни янги босқичга кўтаришга йўналтирилган. Яъни бу тенг ҳуқуқли субъектлар томонидан ўзаро ҳурмат асосида мамлакат фаровонлиги йўлидаги ҳамкорликнинг тан олинишидир. Ва ниҳоят, Қонун ҳуқуқий-амалий нуқтаи назардан, давлат органларининг ННТ ҳамда фуқаролик жамияти бошқа институтлари билан ҳамкорлигига доир аниқ, бир хил ташкилий-ҳуқуқий механизмларни яратади. Бу мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларининг янада самарали амалга оширилиши, аҳоли турли қатламлари ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлайди.
Мухтасар айтганда, “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги Қонун ҳокимиятнинг аҳоли билан самарали мулоқотини мустаҳкамлайди ва кенгайтиради. Бу эса фуқароларнинг ҳуқуқлари, қонуний манфаатларига дахлдор муҳим қарорларни қабул қилиш жараёнида уларнинг эҳтиёжлари, интилиш ва манфаатларини янада тўлиқ, холис кўрсатиш имконини беради, ижтимоий муносабатларни уйғунлаштириш, фуқаролар ўртасида ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга ижобий таъсир кўрсатади, мамлакатнинг барқарор ва изчил тараққиётини кафолатлайди.


Гулрухсор ХАТАМОВА,
Фуқаролик жамияти шаклланишини
мониторинг қилиш мустақил институти бош мутахассиси.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn