Депутатларнинг сайловчилар билан ишларини янада такомиллаштириш — давр талаби
  • 22 Июль 2014

Депутатларнинг сайловчилар билан ишларини янада такомиллаштириш — давр талаби

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси ташаббуси билан “Депутатларнинг сайловчилар билан олиб борадиган ишларининг ташкилий-ҳуқуқий механизмларини янада такомиллаштириш” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди. Унда сиёсий партиялар фракциялари, Адлия вазирлиги, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги институти вакиллари, эксперт ва олимлар қатнашди.

Тадбирда қуйи палата депутатларининг ўз сайлов округларидаги ишларини янада яхшилаш, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси фаолияти, мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар мазмун-моҳияти ҳақида жамоатчиликни хабардор қилишни кучайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, парламент қуйи палатаси ва сиёсий партиялар фракциялари томонидан депутатларга ўз сайлов округларида мунтазам иш олиб бориш ҳамда сайловчилар билан доимий равишда алоқа боғлаб туриш имконини берувчи кенг кўламли ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Чунончи, 2010 — 2014 йилларда депутатларнинг профессионал савияси, сиёсий партияларнинг қуйи палатадаги фракциялари фаолияти самарадорлигини ошириш мақсадида 30 дан зиёд семинар ва давра суҳбатлари ўтказилди. Бу эса парламент аъзоларининг сайлов округларида тизимли фаолият юритиш, парламент назоратини амалга ошириш, жойларда ҳуқуқни қўллаш амалиётини кўриб чиқиш ва қонунчиликни такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш, сайловчилар мурожаатлари билан ишлаш каби масалаларда замонавий шакл ҳамда усулларни ўрганиб, амалиётга татбиқ этишида муҳим аҳамият касб этди. Пировардида сиёсий партиялар фракцияларининг депутатларни сайловчилар билан учрашув ўтказишларига кўмаклашиш бўйича  ташкилий фаолияти сезиларли даражада яхшиланди. Жойларга чиқишдан олдин депутатларнинг сайловчилар билан учрашувларини пухта режалаштириш, унга тайёргарлик кўриш, учрашувларни юксак даражада ўтказиш мақсадида ташкилий масалаларни ҳал этиш юзасидан сиёсий партиялар фракциялари томонидан зарур чора-тадбирлар кўриш амалиёти йўлга қўйилди. Ўз навбатида, учрашувлар натижалари ҳар бир фракция йиғилишларида кўриб чиқилиб, қонун ижодкорлиги ва назорат-таҳлил ишларини янада такомиллаштириш бўйича  аниқ таклифлар ишлаб чиқилаяпти.
Давра суҳбатида депутатлар томонидан парламентда қабул қилинаётган қонунлар аҳамиятини жамоатчилик ўртасида тушунтириш, мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли демократик ислоҳотларнинг бориши ҳақида сайловчиларни хабардор этишга алоҳида аҳамият берилаётганига тўхталиб ўтилди. Жумладан, 2012 — 2014 йиллар давомида Президентимизнинг қатор маърузалари мазмун-моҳияти, амалдаги 100 дан зиёд қонун ҳужжатлари, катта ижтимоий аҳамиятга эга давлат дастурлари, жумладан, иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш чора-тадбирлари ҳақида кенг тушунтириш ишлари олиб борилди. Айни чоғда Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясини амалга ошириш ҳақида ҳам аҳолига мунтазам ахборот бериб боришга алоҳида эътибор қаратилди. Буларнинг барчаси фуқароларнинг ҳуқуқий ва сиёсий маданияти, ижтимоий онг даражаси юксалиши, шунингдек, уларнинг депутатлар фаолиятига нисбатан  талабчанлиги ошишига кўмак берди. Хусусан, жорий йилда депутатлар билан учрашувларда 120 мингдан ортиқ сайловчилар қатнашди. Уларда юртимизда кечаётган демократик ислоҳотлар, Конституциямизга киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар моҳияти, мамлакатимиз ички ва ташқи сиёсатининг долзарб масалалари, депутатлар фаолиятига тааллуқли саволлар, фикрлар ўртага ташланди.
Муҳокамаларда сиёсий партиялар ва уларнинг парламентдаги фракциялари вакиллари ривожланган демократик давлатларда депутатларнинг сайловчилар билан олиб борадиган ишлари, миллий қонунчилик базасини таҳлил қилдилар. Эксперт ва олимларнинг фикрлари, шунингдек, депутатларнинг сайловчилар билан олиб борадиган ишларни такомиллаштириш бўйича тўплаган таклифлари эшитилди.
Якунда иштирокчилар бу борадаги қонунчилик, ташкилий-ҳуқуқий механизмларни янада маромига етказиш зарурлиги ҳақида фикр билдиришди. Бу эса депутатларга қабул қилинган қонунлар қандай ишлаётгани, хўжалик юритиш амалиёти бугунги кунда қандай қонунларга муҳтож экани, сайловчилар қандай муаммоларга дуч келаётгани ва уларни ҳал этиш бўйича нималар қилиш зарурлигини аниқлаш имконини беради. Шулардан келиб чиқиб, сиёсий партиялар фракцияларига бу борадаги ишларни сезиларли даражада яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар кўриш тавсия этилди.


Саиджон МАХСУМОВ.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn