Барқарор ривожланиш кафолати
  • 24 Июнь 2014

Барқарор ривожланиш кафолати

Кеча Ўзбекистон Республикасининг Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан оммавий ахборот воситалари ходимлари учун “Очиқ эшиклар куни” ташкил этилди.

Бундан кўзланган асосий мақсад мамлакатимиз иқтисодиётининг муҳим бўғинларидан бири бўлган мазкур қўмита фаолияти тўғрисида батафсил маълумот беришдан иборатдир.
Маълумки, бугунги кунда иқтисодиётимизда давлат иштирокини камайтириш, хусусий мулкчиликнинг роли ва аҳамиятини янада ошириш, монополияга қарши самарали тартиботларни юритиш, ҳақиқий рақобат муҳитини шакллантириш барқарор ривожланишнинг муҳим омиллари ҳисобланади. Шу боис бир-бирига узвий боғлиқ ушбу жараёнларни янада фаоллаштириш ва бу борадаги саъй-ҳаракатларни бирлаштириш мақсадида Президентимизнинг 2012 йил 13 ноябрдаги Фармонига биноан, Ўзбекистон Республикаси Давлат мулкини бошқариш давлат қўмитаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси негизида Ўзбекистон Республикасининг Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ташкил этилди. Унинг зиммасига эса давлат мулкини хусусийлаштириш жараёнларини янада чуқурлаштириш ва хусусий мулкчилик кўламини кенгайтириш, фонд бозори, хусусан, иккиламчи фонд бозорини ривожлантириш, корпоратив бошқарув тизимини тубдан такомиллаштириш каби кўплаб вазифалар юклатилди.
Таъкидлаш жоизки, кейинги йилларда изчил амалга оширилаётган ислоҳотлар туфайли иқтисодиётимизда хусусий секторнинг аҳамияти тобора ошмоқда. Мулкчилик тузилмасида туб ўзгаришлар юз бериб, корхоналар фаолиятида давлат ўрнига аҳолининг иштироки кенгаймоқда. Давлат мулкини хусусийлаштириш, уни, асосан, хусусий мулкка сотиш бўйича кўрилган чора-тадбирлар натижасида 31 мингдан зиёд давлат корхоналари ва объектлари мулкчилик шаклини ўзгартиргани бунинг яққол тасдиғидир.
Қўмита, шунингдек, товарлар (ишлар, хизматлар) бозорларида, биринчи навбатда, ички истеъмол бозорида ва реклама соҳасида ноҳалол рақобатчиликка чек қўйиш чора-тадбирларини амалга ошириш, жамоат тузилмалари билан яқин ҳамкорликда истеъмолчиларнинг манфаатларини ҳимоя қилишга ҳам алоҳида эътибор қаратмоқда.
Паст рентабелли ва зарар кўриб ишлаётган корхоналарнинг иқтисодий ҳолати мунтазам равишда чуқур таҳлил қилинаётгани, давлат активларини самарали  бошқариш усуллари яратилгани, ишлаб чиқаришни модернизациялаш, инвестициялар жалб этган ҳолда, маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш борасидаги саъй-ҳаракатлар ҳам ўз  натижасини бермоқда. Корпоратив бошқарув, замонавий қимматли қоғозлар бозорини шакллантириш ва тартибга солиш бўйича 115 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилингани эса мазкур йўналишдаги ишларни бажаришда айни муддао бўлаётир.
Буларнинг бари пировардида мамлакатимиз иқтисодиётини тараққий эттиришдек эзгу мақсадларга хизмат қилаяпти.

Дилшод УЛУҒМУРОДОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn