Ёшларга эътибор
  • 19 Июнь 2014

Ёшларга эътибор

бу борада қабул қилинган ҳуқуқий ҳужжатларда ҳам ўз ифодасини топган

Юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнини аҳолининг асосий қисмини ташкил этувчи ёшлар иштирокисиз тасаввур қилиб бўлмайди. 

Зотан, юксак билимли, интеллектуал салоҳиятли йигит-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамиятда муносиб ўрин эгаллашларига кўмаклашиш давлатимиз сиёсатининг устувор вазифаларидан бири бўлиб, бугунги кунда ушбу йўналишда аниқ чора-тадбирлар рўёбга чиқарилмоқда.

Халқ депутатлари Хоразм вилояти Кенгашининг Ёшлар сиёсати ва соғлом авлод масалалари бўйича доимий комиссияси ўз фаолияти давомида баркамол авлодни вояга етказиш, ёшлар манфаатларини ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратиб келаётир. Доимий -комиссия томонидан, айниқса, ёшларда ватанпарварлик туйғусини шакллантириш, уларни тарихимизга ҳурмат руҳида тарбиялаш, маданий меросимизни асраб-авайлаш, кенг аҳоли қатламлари орасида мустақиллигимизни мустаҳкамлашга қаратилган тарғибот-ташвиқот ишларининг мунтазам ўтказилаётгани, шунингдек, соҳада қабул қилинаётган муҳим ҳуқуқий ҳужжатлар ижросининг назорат-таҳлил тартибида ўрганиб борилаётгани эртанги кунимиз эгаларининг ҳақиқий юрт фидойилари бўлиб камол топишларида муҳим аҳамият касб этмоқда. 

Барчага аёнки, долзарб масалаларнинг ечими ўзаро ҳамкорликдаги ишларнинг самарасига бевосита боғлиқ. Шу боис доимий комиссиянинг ўтган даврдаги ўнга яқин йиғилишларида таълим соҳасида масъулликни ошириш, “Оила — мактаб — маҳалла” ҳамкорлигини кучайтириш, ёшлар ўртасида жиноятчилик, қизларни эрта турмушга узатиш ҳолатларининг олдини олиш, маънавий-маърифий ишларни юқори босқичга кўтариш, соғлом ҳаёт тарзини шакллантириш, ёшларнинг бадиий адабиётлар ўқишига зарур шарт-шароитлар яратиш, “коллеж — мактаб” ҳамкорлигини йўлга қўйиш каби масалалар муҳокама этилди. Бу борада мавжуд муаммолар назорат-таҳлил тартибида ўрганилиб, йўл қўйилган камчиликлар ўз вақтида бартараф қилинди.   

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йил 21 сентябрдаги “Вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссиялар фаолиятини такомиллаштириш ҳақида”ги қарори қабул қилинганидан буён вояга етмаганларга оид қонунлар ижросини таъминлаш ҳокимликлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ва бошқа давлат ҳамда нодавлат ташкилотларининг фаолиятида асосий йўналишлардан бирига айланиб,  ўсмирлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш, уларнинг таълим-тарбияси, соғлиғи ҳамда ижтимоий муҳофазасига оид қонунлар ижросига доимо эътибор қаратилаяпти.

Доимий комиссия аъзолари прокуратура органлари, тегишли ташкилот ва идоралар билан биргаликда вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятлар содир этилишининг олдини олиш, назоратсизлик ҳамда уларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлашда қатор ишларни амалга оширмоқдалар. Чунончи, ўтган йили ҳудудий ҳокимликлар ҳузуридаги вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссиялар билан ҳамкорликда 37 нафар қаровсиз ва назоратсиз қолган бола аниқланди, 8 нафари васийликка берилди, 21 нафари мактабга қайтарилди, 4 нафари меҳрибонлик уйига ва 4 нафари вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказига жойлаштирилди. Ўзбекистон Республикасининг “Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисида”ги Қонуни ижросини таъминлашда, қатор маънавий-маърифий тадбирларнинг мунтазам ўтказилаётгани вояга етмаганларнинг ижтимоий-ҳуқуқий ҳимоясини муҳофаза қилишда муҳим ўрин тутмоқда.

Шу ўринда Президентимизнинг 2014 йил 6 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ушбу соҳада кечаётган босқичма-босқич, тадрижий ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлиб, бу борадаги ишларнинг янги босқичини бошлаб бераётганини қайд этиш жоиз. Мазкур қарор билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар Дастурида белгиланган устувор вазифаларни сифатли ва самарали бажариш мақсадида ишчи гуруҳи йиғилиши ўтказилди. Унда вилоятда 2014 йилда ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар дастурини амалга ошириш ҳаракат режаси тасдиқланди.

Ҳозир ҳаракат режасида Дастурда белгилаб берилган ёшларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, демократик давлат қуриш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш жараёнида уларнинг фаоллигини ошириш, юксак маънавиятли, мустақил фикрловчи, қатъий ҳаётий позиция, кенг дунёқараш ва чуқур билимга эга бўлган ватанпарвар йигит-қизларни тар-биялаш, уларда турли мафкуравий таҳдидларга қарши иммунитетни шакллантириш, ижтимоий ҳимоя қилиш, замонавий касб-ҳунар эгаллаши учун муносиб шароитлар яратиш, иш билан таъминлаш ва тадбиркорликка жалб қилиш вазифалари ижроси бўйича аниқ чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Унда белгиланган 75 та банднинг 7 таси ҳудудимиз ички имкониятларидан келиб чиққан ҳолда, ёшларимизни янада қўллаб-қувватлаш ва уларнинг таклифларини инобатга олган ҳолда амалга оширилаётган тадбирлардир. Бу борада доимий комиссия аъзолари ҳам қатор вазифаларни белгилаб олдилар. Жумладан, иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш, ижодий ва интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқаришга қаратилган ишларни тизимли йўлга қўйиш бўйича ўндан ортиқ тадбир ҳамда лойиҳалар вилоятимизнинг шаҳар ва туманларида самарали ташкил этилмоқда.

Келажак авлод вакилларининг истиқболи йўлида қабул қилинаётган қонунлар, бу борада амалга оширилаётган дастурларнинг самарадорлиги кўп жиҳатдан жамиятдаги турли қатлам вакилларининг улардан қай даражада хабардорлигига боғлиқ. Шуни инобатга олган ҳолда, ёшларга оид давлат сиёсатининг устувор йўналишларини, бу борада ҳаётга татбиқ этилаётган дастурларнинг мазмун-моҳиятини ёшларимиз онгига етказиш бугунги куннинг энг долзарб вазифаларидан биридир. Биз бу йўлда ёш авлодга камарбаста бўлишимиз, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашимиз мақсадга мувофиқдир. 

Рўзумбой ЭШЧАНОВ, 

халқ депутатлари Хоразм вилояти Кенгашининг 

Ёшлар сиёсати ва соғлом авлод масалалари бўйича 

доимий комиссияси раиси.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn