Долзарб қонун лойиҳалари муҳокама қилинди
  • 19 Июнь 2014

Долзарб қонун лойиҳалари муҳокама қилинди

18 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.

Қонунчилик палатаси Кенгаши томонидан таклиф қилинган кун тартиби тасдиқланганидан сўнг депутатлар жамиятимиз ҳаётининг турли соҳаларидаги фаолиятнинг ҳуқуқий негизини янада такомиллаштиришга қаратилган қатор долзарб қонун лойиҳаларини кўриб чиқдилар.

Парламент қуйи палатаси аъзолари Президент Ислом Каримов томонидан 2010 йил ноябрь ойида бўлиб ўтган Олий Мажлис иккала палатасининг қўшма мажлисида илгари сурилган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясини рўёбга чиқариш доирасида ишлаб чиқилган «Ижтимоий шериклик тўғрисида»ги қонун лойиҳасига алоҳида эътибор қаратдилар. Қонун лойиҳаси Қонунчилик палатасининг бир гуруҳ депутатлари томонидан қонунчилик ташаббуси тартибида киритилган ва жорий йилнинг март ойида биринчи ўқишда кўриб чиқилган эди. 

Унда ижтимоий шериклик тушунчаси, унинг субъектлари, принциплари ва асосий соҳалари аниқ таърифланган, давлат органларининг ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан ҳамкорлигининг ташкилий-ҳуқуқий процессуал механизмлари, уларнинг ижтимоий ва социал аҳамиятга молик муаммоларни ҳал этишдаги, фуқароларнинг ижтимоий-сиёсий, ишбилармонлик ва социал фаоллигини оширишдаги иштироки шакллари ҳамда усуллари аниқлаштирилган.

Ижтимоий шерикликни янада ривожлантириш, мамлакатни демократик янгилаш ва модернизация қилиш бўйича ислоҳотларни муваффақиятли амалга ошириш учун ҳокимиятнинг маҳаллий вакиллик ҳамда ижро этувчи органларининг роли ва масъулиятини ошириш, шунингдек, фуқаролик институтларини тегишли ҳудудда ижтимоий аҳамиятли масалаларни ҳал этишга жалб этиш учун қўшимча қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида қонун лойиҳасида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари ҳузурида ижтимоий шериклик бўйича жамоатчилик комиссияларини ташкил этиш, шунингдек, ҳокимиятнинг тегишли минтақавий вакиллик органлари ҳузурида ижтимоий шерикликда иштирок этувчи ННТ ва фуқаролик жамияти бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш бўйича мақсадли фондларни -тузиш назарда тутилган.

Жамоатчилик комиссиялари фаолиятига Олий Мажлис ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондининг маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссиясининг фаолияти давомида ўзини оқлаган принциплар асос қилиб олинди.

Аҳолининг ижтимоий онги, ижтимоий-иқтисодий фаоллиги ўсган шароитларда қонун лойиҳаси давлат ва фуқаролик жамияти ўртасида ўзаро ҳамкорликнинг яхлит тизимини яратиш имконини беради, уларнинг амалий мулоқотда бўлишининг ҳуқуқий кафолатларини мустаҳкамлайди. Ушбу қонуннинг қабул қилиниши ННТ ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг ролини кучайтириш бўйича мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ишларнинг самарадорлигини оширишга, катта ижтимоий аҳамиятга эга бўлган ижтимоий-иқтисодий дастурларни ва қонун ҳужжатларини ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш жараёнида аҳоли кенг қатламларининг манфаатлари ҳар томонлама ҳисобга олинишига кўмаклашади.

Қонун лойиҳаси қонун ҳужжатларини ва ҳуқуқни қўлланиш амалиётини, шу жумладан, чет мамлакатлар қонун ҳужжатлари ва ҳуқуқни қўлланиш амалиётини, шунингдек, халқаро-ҳуқуқий ҳужжатларни атрофлича таҳлил қилиш асосида тайёрланди. Иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида қонун лойиҳаси барча даражадаги депутатлар, вазирликлар ва идоралар экспертлари, сиёсий партиялар, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг вакиллари иштирокида кенг муҳокамадан ўтди. Ҳужжатни такомилига етказиш чоғида унинг айрим қоидаларини янада такомиллаштириш мақсадида мамлакатнинг барча минтақаларида ўтказилган кўплаб конференциялар, давра суҳбатлари, семинарлар ва бошқа учрашувларнинг натижаларидан фойдаланилди. Энг қимматли ғоя ва таклифлар иккинчи ўқишга тайёрланган қонун лойиҳасининг матнига киритилди.

Қонун лойиҳасини ҳар томонлама моддама-модда муҳокама қилиш пайтида барча сиёсий партиялар фракцияларининг ва Ўзбекистон экологик ҳаракатидан сайланган депутатлар гуруҳининг вакиллари сўзга чиқдилар.

Қонунчилик палатаси ҳуқуқий ҳужжатнинг ҳар бир моддасини муҳокама қилиш жараёнида билдирилган барча фикрларни эшитиб ва муҳокама этиб, «Ижтимоий шериклик тўғрисида»ги Қонунни қабул қилди. 

Кун тартибидаги кейинги масала «Тижорат сири тўғрисида»ги қонун лойиҳаси эди. Ушбу қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг махфий ахборотга, шу жумладан, ҳимояланиши шарт бўлган тижорат сирига тааллуқли маълумотлар рўйхати тасдиқланган қарорларига мувофиқ тайёрланди. Ҳужжат Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, Фуқаролик кодекси қоидаларига асосланади ва тижорат сирининг ҳуқуқий мақомини белгилайди. Қонун лойиҳасида асосий тушунчалар, тижорат сирига нисбатан талаблар, тижорат сирини ташкил этмайдиган маълумотлар, тижорат сири мулкдорининг ҳуқуқлари, уни ҳимоя қилиш чоралари, бошқа ҳуқуқий нормалар ўз аксини -топган. 

Қонун лойиҳасининг мақсади ахборотни тижорат сири тоифасига киритиш, уни тизимлаштириш ва тақдим этиш масалаларини қонунчилик йўли билан тартибга солишни таъминлашдан иборатдир. Бу хўжалик юритувчи субъектларнинг иқтисодий манфаатларини бозор рақобати шароитида, айниқса, рақобат инсофсиз хусусиятга эга бўлган ҳолларда ҳимоя қилиш зарурати билан изоҳланади. «Тижорат сири тўғрисида»ги қонун лойиҳасининг таркибий тузилишини шакллантиришда амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг қоидалари тўла акс этишини инобатга оладиган, долзарб бўлмаган қоидаларни истисно этадиган ва ҳавола қилувчи нормалар сонини чеклайдиган ёндашув танланди. Қонун лойиҳасининг муфассал мазмунга эга эканлиги унинг фойдаланишга қулайлигини ва хўжалик юритувчи субъектлар, давлат ижро этувчи ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари учун бир хил тушунилишини таъминлайди.

Қонун лойиҳаси бир қанча ҳуқуқий янгиликларни ўз ичига олган бўлиб, у қабул қилинган тақдирда жамият манфаатлари соҳасидаги тижорат сири режимини белгилаш жараёнининг қонунчилик йўли билан тартибга солинишини анча яхшилайди. Мазкур ҳужжат тижорат сири эгаларининг ҳуқуқларини ушбу муносабатларни самарали норматив, шу жумладан, фуқаролик-ҳуқуқий тартибга солиш йўли билан муҳофаза ва ҳимоя қилиш бўйича чора-тадбирлар тизимини яратишга имкон беради. Тижорат сирига эгалик қилиш асослари, шарт-шароитлари ва ушбу ҳуқуқни тугатиш чегараларининг мустаҳкамлаб қўйилиши, тижорат сири эгаларининг ҳуқуқларини муҳофаза ва ҳимоя қилиш тартиб-таомилининг тартибга солиниши ушбу ҳуқуқнинг дахлсизлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.

Муҳокама иштирокчилари яна таъкидладиларки, қонун лойиҳаси қабул қилинган тақдирда унинг нормаларини рўёбга чиқариш хўжалик юритувчи субъектларнинг самарали фаолият кўрсатиши учун қулай шарт-шароит яратади, ахборот технологиялари, ишлаб чиқариш янгиликлари, ноу-хау ва инновацияларни янада ривожлантириш учун рағбатлантирувчи омилга айланади, бу эса, пировард натижада иқтисодиётнинг юксалишига ва Ўзбекистон Республикасининг равнақига кўмаклашади.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси моддама-модда муҳокамадан сўнг ушбу қонунни қабул қилди. 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Ахборот хизмати.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn