Ўзбекистон — Корея Республикаси: стратегик шерикликнинг янги қирралари
  • 13 Июнь 2014

Ўзбекистон — Корея Республикаси: стратегик шерикликнинг янги қирралари

Жорий йил 16 июнь куни Корея Республикаси Президенти Пак Кин Хэнинг Ўзбекистон Республикасига давлат ташрифи бошланади.

Мамлакатларимиз ўртасидаги икки томонлама муносабатларга 1991 йил 30 декабрь куни асос солинган. Ўша куни Корея Республикаси Ўзбекистон мустақиллигини расман эътироф этган. 1992 йил 29 январдан эътиборан давлатларимиз ўртасида дипломатия муносабатлари ўрнатилган. Ўтган йиллар давомида Ўзбекистон — Жанубий Корея шериклиги тобора ўсувчанлиги билан ажралиб турдики, бугунги кунда ҳам бундай муносабатларнинг сиёсий, савдо-иқтисодий, кредит-молия ва маданий-гуманитар йўналишларда равнақ топиши давом этаётир.

Турли соҳаларда биргаликдаги саъй-ҳаракатларни тартибга солиб турадиган 300 дан зиёд ҳужжат икки томонлама ҳамкорликнинг шартномавий-ҳуқуқий заминини ташкил қилади.

Замонавий босқичда икки мамлакат ўртасида ўзаро ишончга, очиқлик ва ҳурматга асосланган, 2006 йили имзоланган Стратегик шериклик тўғрисидаги Қўшма декларация руҳига мос фаол сиёсий мулоқот олиб борилмоқда. Барча даражадаги, энг аввало, давлат раҳбарлари даражасида мавжуд бўлган мунтазам ташриф алмашувлари юқорида билдирилган фикрни яққол тасдиқлайди.

Ўтган йиллар мобайнида икки мамлакат етакчиларининг 12 учрашуви бўлиб ўтди. Мамлакатимиз раҳбарининг 2012 йил сентябрида Жанубий Кореяга буюрган давлат ташрифи алоҳида эътиборга сазовордир. Мазкур ташриф чоғида 60 та ҳужжат имзоланди. Уларнинг 2 таси давлатлараро, 3 таси ҳукуматлараро характердаги, 7 таси эса идоралараро аҳамиятга молик халқаро шартномалар, шунингдек, 5 миллиард АҚШ доллари ҳажмига тенг сармоявий лойиҳаларни амалга ошириш бўйича хўжалик юритувчи субъектлар ўртасидаги 48 та шартнома имзоландики, уларнинг 3 миллиард АҚШ долларидан зиёди тўғридан-тўғри Жанубий Корея сармояларидир.

Ўзбекистон Республикаси ва Корея Республикаси Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг ислоҳ этилиши, ядро қуроли тарқатилмаслиги, минтақавий хавфсизликнинг таъминланиши, терроризм, диний экстремизм, гиёҳвандлик моддаларининг ноқонуний айланишига қарши кураш ва бошқа минтақавий ҳамда халқаро сиёсий масалаларда ўхшаш ёки бир хил нуқтаи назарларга эгадир.

Мамлакатларимиз ўртасида парламентлараро ҳамкорлик йўлга қўйилган ва у фаол ривожланмоқда. 1995 йили Корея Республикаси Миллий Ассамблеясида парламентнинг “Корея — Ўзбекистон” Дўстлик ассоциацияси тузилди. 2005 йили Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида Корея Республикаси Миллий Ассамблеяси билан ҳамкорлик бўйича парламент гуруҳи таъсис этилди. 2012 йил январида Корея Республикаси Миллий Ассамблеяси спикери Пак Хи Тэ Ўзбекистонга ташриф буюрди.

1995 йилдан буён икки мамлакат ташқи сиёсат маҳкамалари ўртасида мунтазам равишда сиёсий маслаҳатлашувлар ўтказилаяпти. Унинг сўнгги йиғилиши 2014 йил апрель ойида Сеулда бўлиб ўтди. Корея Республикасига сафар чоғида Ўзбекистон делегацияси аъзолари Ҳамкорлик бўйича “Корея Республикаси — Марказий Осиё” форумининг саккизинчи йиғилишида ҳам иштирок этдилар.

Ўзбекистон — Жанубий Корея иқтисодий муносабатлари кундан-кунга ривожланиб бораётир. Корея Республикаси Ўзбекистоннинг Осиё — Тинч океани минтақасидаги етакчи савдо-иқтисодий шерикларидан бири ҳисобланади. 1992 йили имзоланган Савдо битимига мувофиқ, мамлакатларимиз ўртасида ўта қулай шарт-шароит муҳитини яратиб бериш тартиби ўрнатилган.

2013 йил якунларига кўра, икки томонлама товар айланмаси 2,12 миллиард АҚШ долларини ташкил этди. Ўзбекистондан экспорт маҳсулотларининг мажмуи озиқ-овқат товарлари, машина ва ускуналар, азот ўғитлари, кимё маҳсулотлари, транспорт, коммуникация ва сайёҳлик хизматларидан иборатдир. Мамлакатимизга эса Жанубий Кореядан транспорт воситалари, электр ва механика асбоб-ускуналари, пластмасса ва ундан тайёрланган маҳсулотлар, қора металлар, озиқ-овқат маҳсулотлари импорт қилинади.

Мустақиллик йилларида Ўзбекистон иқтисодиётига Корея Республикасидан жалб қилинган инвестицияларнинг умумий ҳажми 6 миллиард АҚШ долларидан ошади. Республикамизда Жанубий Кореянинг “KOGAS”, “STX”, “HONAM Petrochemical Corporation”, “Shindong Resources Co.Ltd.”, “Textile Technologies Group” сингари компаниялари билан биргаликда “Сурғил кони негизида Устюрт газ-кимё мажмуасини қуриш”, “Саутбой конини ишга тушириш”, “Тошкент вилоятида тўқимачилик мажмуасини ташкил этиш” ва бошқа йирик сармоявий лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Ўзбекистонда Жанубий Корея сармояси иштирокидаги 412 та корхона фаолият кўрсатаётган бўлса, уларнинг 68 таси юз фоиз хориж сармояси асосида ташкил этилган. Мазкур корхоналар фаолияти саноатнинг қазилма, металлургия, кимё, озиқ-овқат сингари жабҳалари, савдо-сотиқ ҳамда хизмат кўрсатиш соҳаларига ихтисослаштирилган. Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлигида Жанубий Корея компанияларининг 81 ваколатхонаси аккредитациядан ўтган.

Корея Эксимбанкининг Иқтисодий тараққиёт ва ҳамкорлик жамғармаси (EDCF) ҳамда Корея Халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA) воситасида Корея Республикаси ҳукуматининг молиявий-техникавий кўмаги доирасидаги ҳамкорлик фаол ривожланмоқда. Республикамизда EDCF жамғармасининг узоқ муддатли имтиёзли кредитлари жалб этилиши билан телекоммуникация, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларида умумий қиймати қарийб 115 миллион АҚШ долларига тенг бўлган 4 та сармоявий лойиҳа ҳаётга татбиқ этилди.

1995 — 2013 йиллар мобайнида KOICA фаолияти доирасида Ўзбекистон Республикасига ажратилган беғараз ёрдам маблағининг умумий ҳажми 55 миллион АҚШ долларидан зиёдни ташкил этади. Ушбу маблағлар соғлиқни сақлаш, таълим, ахборот технологиялари, коммунал хўжалиги, қишлоқ ва сув хўжалиги, энергетика сингари соҳалардаги лойиҳаларни амалга оширишга йўналтирилди. Ўтган йилнинг декабрида Тошкентда 2013 йилдан бошлаб умумий қиймати 20 миллион АҚШ долларига тенг тўртта грант лойиҳасини амалга ошириш юзасидан Ҳукуматлараро доиравий келишуви имзоланди. KOICAнинг техникавий ёрдами доирасида Ўзбекистон вазирлик ва идораларининг 1400 нафардан зиёд вакиллари Корея Республикасида амалиёт ўтаб қайтди. 2012 йили Ўзбекистон — Корея Касб-ҳунар таълими маркази ташкил этилиб, мазкур муассасада ҳар йили 360 киши турли йўналишлар бўйича бепул таълим олмоқда.

Маданий-гуманитар ва таълим соҳаларида ҳам сермаҳсул ҳамкорлик олиб борилмоқда. 1992 йилдан буён Тошкент шаҳрида фаолият кўрсатаётган Корея таълим маркази танлов асосида Корея Республикасида тил бўйича билимларни мустаҳкамлаш ҳамда олий ўқув юртлари ўқитувчилари ва талабалари учун ушбу мамлакатда малака ошириш курсларини ташкил этиб келаётир. Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети, Самарқанд давлат жаҳон тиллари институтида Корейс тили ва маданияти марказлари фаолият кўрсатаяпти. Мамлакатимиз пойтахтида Инха университетининг ташкил этилиши бу йўналишдаги муҳим воқеа бўлди. Янги ўқув муассасасида ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида халқаро мезонлар даражасида юқори малакали мутахассислар тайёрланади. Тошкент шаҳридаги Инха университети ўзининг илк талабаларини жорий йилнинг 1 октябридан бошлаб қабул қилишни режалаштирмоқда.

Мунтазам равишда ўзаро бадиий кўргазмалар ва суратлар кўргазмалари ўтказилаётир, концертлар ташкил этилаяпти, икки мамлакатнинг фольклор жамоалари турли маданий тадбирларда қатнашмоқдалар. Муниципиал даражада яқин алоқалар ўрнатилган бўлиб, уларнинг доирасида Тошкент ва Сеул, Фарғона ҳамда Ёнгин, Наманган ва Сонгнам, Самарқанд ҳамда Кёнжу шаҳарлари, Тошкент вилояти ва Кёнсан-Пукто провинцияси ўртасида ҳамкорлик юзасидан келишувлар имзоланган.

Хулоса сифатида шуни комил ишонч билан айтиш мумкинки, Корея Республикаси Президенти Пак Кин Хэнинг Ўзбекистонга буюражак давлат ташрифи Ўзбекистон — Жанубий Корея стратегик шериклигининг мантиқий давоми бўлгани ҳолда, мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро манфаатли муносабатлар сифат жиҳатдан янги босқичга кўтарилишига хизмат қилади.

«Жаҳон» АА.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn