Тадбир доирасида 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини ўтган даврда амалга ошириш натижалари ҳақида батафсил ахборот берилди. Германиялик экспертлар Ўзбекистондаги янгиланиш ҳамда модернизация жараёнларини катта эътибор билан кузатиб бораётганликларини қайд этишди. Расмий Берлин Президент Шавкат Мирзиёевнинг ички ва ташқи сиёсат бўйича стратегик саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлайди.
Германиялик мутахассислар Ўзбекистон Президентининг виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналари механизмлари ҳаётга татбиқ этилганини алоҳида таъкидлашди.
Давлат ҳамда жамият ўртасида тўғридан-тўғри мулоқотнинг ўрнатилишида ушбу тажрибанинг ноёблиги эътироф қилинди. Фан ва сиёсат жамғармаси экспертлари таъкидлаганидек, “ушбу механизм орқали қисқа вақт ичида миллионлаб ўзбекистонликларнинг муаммолари ҳал этилгани диққатга сазовордир”.
Шу билан бирга, немис экспертлари фикрича, Ўзбекистон Марказий Осиё ва бутун дунёга очиқлигини намойиш этиш орқали халқаро ҳамжамиятга “катта ишора” берди. Қолаверса, Тошкентнинг бундай фаол ташқи сиёсати минтақада давлатлараро муносабатларга мутлақо янгича суръат бағишлади.
Давра суҳбати иштирокчилари сўзларига кўра, Ҳаракатлар стратегияси амалга оширилиши нафақат Ўзбекистонда, айни пайтда бутун Марказий Осиёда тарихий ўзгаришлар бошланишига туртки бўлди. Ўзбекистоннинг қўшни мамлакатлар билан муносабатлари минтақадаги сиёсат муҳитининг сезиларли даражада ўзгаришига олиб келди. Пировардида минтақа жаҳон ишбилармон доиралари учун иқтисодий жиҳатдан янада жозибали ҳудудга айланди. Бундай тенденция ҳар доим давлатлараро муносабатларни чуқурлаштириш, минтақавий ҳамкорликни фаоллаштириш тарафдори бўлган Германия томонидан хайрихоҳлик билан кутиб олинади ва ҳар томонлама қўллаб-қувватланади.
Зокир ХУДОЙШУКУРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.