Эксперт: “Қозоғистон ва Ўзбекистон Марказий Осиёда яқин позицияга эга мамлакатлар ҳисобланади”
  • 31 Октябрь 2017

Эксперт: “Қозоғистон ва Ўзбекистон Марказий Осиёда яқин позицияга эга мамлакатлар ҳисобланади”

Тошкентда Ўзбекистон билан Қозоғистон ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганлигининг 25 йиллигига бағишлаб ўтказилган халқаро конференцияда Қозоғистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Қозоғистон стратегик тадқиқотлар институти (ҚСТИ) директори Зарема Шаукенова кўплаб минтақавий ва халқаро масалалар юзасидан икки мамлакатнинг позициялари ўхшашлигини қайд этди.

Бу ҳақда “КазИнформ” халқаро ахборот агентлиги хабар бермоқда.

Зарема Шаукенованинг сўзларига кўра, Қозоғистон ва Ўзбекистон Марказий Осиёда етакчи мамлакатлар ҳисобланади. Давлатларимиз сув-энергетика, Орол денгизи масалалари, биргаликда инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш ва Афғонистонда тинчликни қарор топтириш бўйича яқин позицияга эга. Кейинги йил Орол денгизини қутқариш халқаро жамғармаси тузилганининг 25 йиллиги нишонланади. Қозоғистон ва Ўзбекистон жамғарма фаолиятини янада ривожлантириш зарурлигини билдирган. Шу муносабат билан 2018 йилда саммит ўтказишилиши ва умумий муаммоларни ижобий ҳал қилиш бўйича қарор қабул қилиниши кўзда тутилмоқда.

Институт раҳбари шунингдек, конференция қатнашчилари эътиборини Қозоғистон ва Ўзбекистоннинг Марказий Осиёда барқарорликни мустаҳкамлаш, тинчлик ва хавфсизликни таъминлашдаги ҳиссасига қаратди.

– Биринчи марта муносабатларимизда БМТ Хавфсизлик Кенгаши шафелигида кўп томонлама форматдаги маслаҳатлашув ва ҳамкорлик механизми ишга туширилди, – дейди З. Шаукенова – Мамлакатларимиз БМТнинг Марказий Осиё масалаларини қўллаб-қувватлаш йўналишида биргаликда фаолият юритмоқда. Бу минтақавий хавфсизликни таъминлаш, терроризм ва экстремизмга қарши кураш, иқтисодий ва экологик муаммоларни ҳал қилишда қўл келади.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn