Ҳуқуқий база янада такомиллаштирилади
  • 27 Октябрь 2017

Ҳуқуқий база янада такомиллаштирилади

 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда депутатлар жамият ва давлат ҳаётининг барча соҳасини сифат жиҳатидан ислоҳ этиш борасида муҳим аҳамиятга эга бўлган қатор қонун лойиҳаларини кўриб чиқдилар.

Депутатлар ўз ишини “Савдо-саноат палатаси тўғрисида”ги қонун лойиҳасининг янги таҳририни кўришдан бошлади. Савдо-саноат палатаси мамлакатимиздаги фаолияти алоҳида қонун билан тартибга солинадиган тадбиркорлик фаолияти субъектларини ихтиёрий равишда бирлаштирувчи ягона нодавлат нотижорат ташкилоти эканлиги таъкидланди.

Амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, шу жумладан, тадбиркорликни ривожлантириш ҳамда ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасидаги саъй-ҳаракатлар қонунчилик базасини замонавий ёндашувлар ва илғор хорижий тажрибадан келиб чиқиб, янада такомиллаштиришни талаб этмоқда. Шу боис қонун лойиҳасида давлат иқтисодий сиёсатини амалга оширишда Савдо-саноат палатасининг тутган ўрни ҳамда аҳамияти, шунингдек, мақомини оширишга алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, Савдо-саноат палатаси зиммасига қонун ҳужжатларининг тадбиркорлик фаолиятига бўлган таъсирини ўрганиш, таҳлил қилиш ва баҳолаш юзасидан жамоатчилик мониторингини ўтказиш вазифаси юклатилмоқда. Савдо-саноат палатасига тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги қонунчилик асосларини яратиш борасида бевосита иштирок этиш ваколатларининг берилиши давлатимизнинг хусусий секторга кўпроқ эркинлик тақдим қилиш, тадбиркорлик субъектлари учун тенг шарт-шароит ҳамда имкониятлар яратиш, улар ўртасида соғлом рақобатни ривожлантириш йўлида аниқ амалий чоралар кўраётганлигининг ёрқин далилидир. Қонунчилик палатасидаги депутатлар бирлашмаларининг вакиллари ушбу қонун лойиҳасини тўлиқ қўллаб-қувватлади ва унинг қабул қилиниши бозор иқтисодиётини жадал ривожлантиришга ҳамда мамлакатимизга хорижий инвестицияларни жалб этишни кучайтиришга имкон беришини таъкидладилар.

Мажлис давомида депутатлар “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ҳам кўриб чиқдилар.

Айтиб ўтилганидек, Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ, давлат ва жамият қурилишини такомиллаштириш давлат ҳамда жамиятни модернизациялашнинг ҳал қилувчи мақсади этиб белгиланган. Бу вазифани амалга оширишда ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятининг шаффофлиги ва очиқлиги, жисмоний ва юридик шахсларга ахборот тақдим қилишнинг замонавий шаклларини татбиқ этиш, жамият ҳамда бизнес билан ҳамкорлик чоғида ортиқча маъмурий харажатларга барҳам бериш муҳим аҳамиятга эга. Мазкур мақсадларга эришиш учун, энг аввало, соҳада мустаҳкам қонунчилик асосларини яратиш лозим.

Шу сабабли “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. Депутатлар ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши давлат бошқаруви тизимини ислоҳ этиш, шунингдек, давлат ҳокимияти органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятини самарали ташкил қилишни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаришини қайд этдилар.

Бундан ташқари, қонун лойиҳаси маъмурий тартиб-таомилларни амалга ошириш тартибини белгиловчи нормаларни тизимлаштириш ҳамда бирхиллаштириш, соҳада ягона стандартларни ишлаб чиқиш, амалдаги қонун ҳужжатларидаги камчиликлар ва қарама-қаршиликларни бартараф қилиш, давлат органларининг фуқаролар билан ҳуқуқий муносабатларини аниқ тартибга солишни назарда тутади.

Депутатлар алоҳида таъкидлаганидек, мазкур қонун лойиҳасини тайёрлаш жараёнида мавжуд муаммоларни аниқлаш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилган. Давлат органларининг фуқаролар билан ўзаро муносабатларидаги тизимли муаммолар ҳамда камчиликларни қонунчилик даражасида бартараф этиш ва келгусида уларга йўл қўймаслик мақсадида ҳуқуқни қўллаш амалиёти ҳар томонлама ўрганилган.

Шу маънода, қайд этилганидек, мамлакатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак”, деган ҳаётий тамойилни рўёбга чиқариш давлат бошқарувини ислоҳ қилишнинг устувор мақсадидир.

Баҳс-мунозара шаклида ўтган мажлисда кўриб чиқилиб, биринчи ўқишда қабул қилинган қонун лойиҳалари юзасидан депутатлар бирлашмалари ўз нуқтаи назарларини билдирдилар. Шу билан бирга, жамоатчилик муҳокамаси учун уларни парламент қуйи палатасининг веб-сайтига жойлаштириш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Мажлисда Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритишга қаратилган бошқа қонун лойиҳалари ҳам кўриб чиқилди.

Зиёда АШУРОВА.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn