Кўрсаткич эмас, натижа муҳим
  • 24 Октябрь 2017

Кўрсаткич эмас, натижа муҳим

Мамлакатимиз раҳбарининг жорий йил 12 июлдаги Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ҳамда Ўзбекистон экологик ҳаракати вакиллари билан ўтказилган видеоселектор йиғилишидаги маърузасида сиёсий партиялар, уларнинг парламент қуйи палатаси фракциялари фаолияти танқидий-таҳлил қилинган эди.

Қонун лойиҳаларини парламентда муҳокама этиш ва қабул қилишда фракцияларнинг ўрни, уларнинг партиявий ёндашуви ҳамда қатъий позициясини кучайтириш зарурлиги таъкидланганди. Хўш, ўтган вақт мобайнида партиялар фракциялари фаолиятида қандай ўзгаришлар юз берди? “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастурини амалга оширишда уларнинг иштироки қандай бўлаяпти? 

Кеча Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси томонидан ташкил этилган матбуот анжуманида ушбу масалалар хусусида сўз юритилди.

Тадбирда бугунги ислоҳотлар жараёнида депутатлар ва фракция иштироки, қабул қилинаётган Фармон ва қарорлар ижросида партия ҳамда унинг депутатлик бирлашмалари, айниқса, фракция томонидан жорий йилнинг ўтган даврида рўёбга чиқарилган ишлар юзасидан батафсил ахборот берилди.

Таъкидланганидек, фракция аъзолари тасдиқланган иш режага мувофиқ, ҳисобот даврида қонун лойиҳалари устида олиб бораётган ишларини янада фаоллаштиришга алоҳида эътибор қаратди. Чунончи, фракциянинг кенгайтирилган йиғилишларида Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлислари муҳокамасига киритилган 88 та қонун лойиҳаси биринчи ва кейинги ўқишларда кўриб чиқилди. Мазкур қонун лойиҳалари бўйича фракция аъзолари томонидан партия дастурий мақсадлари асосида 350 дан ортиқ -таклифлар ишлаб чиқилди ҳамда масъул қўмиталарга тақдим этилди. Уларнинг 200 га яқини қонунларда ўз аксини топди.

Депутатларнинг қонун лойиҳаларини жойларда кенг жамоатчилик вакиллари ва фуқаролар иштирокида муҳокамалардан ўтказаётгани кутилган натижаларни бермоқда. Мисол учун, ҳозирги вақтга қадар 44 та қонун лойиҳаси муҳокама учун партия ташкилотларига юборилган. Тадбирлар давомида билдирилган фикр ҳамда таклифлар умумлаштирилиб, фракция йиғилишларида кўриб чиқилган. Йигирмадан зиёд таклифлар қонун лойиҳасини кўриб чиқиш учун масъул қўмитага тақдим қилинган. 

Анжуманда фракция аъзоларининг жойларда сайловчилар билан ўтказаётган учрашувлари, фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш натижалари тўғрисида ҳам маълумот берилди. Хусусан, жорий йилнинг ўтган даврида республикамизнинг 67 та туманидаги ҳақиқий ҳолат ўрганилиб, таҳлил қилинди. Аҳоли хонадонларига борилди, мулоқотлар чоғида фуқароларни ўйлантираётган кўплаб муаммолар ўз вақтида кўрилган чора-тадбирлар натижасида жойида ҳал этилди. Шунингдек, фуқароларнинг юздан зиёд ёзма мурожаатлари ўрганилиб, тегишли вазирлик ва ташкилотларга юборилгани ҳамда 96 тасига ижобий ечим топилгани айтилди. 

Фракциянинг назорат-таҳлил фаолияти ҳам иштирокчиларнинг диққат-эътиборида бўлди. 

Анжуманда журналистлар фракция фаолиятига оид ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олдилар.

Зиёда АШУРОВА.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn