Яқин қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаш йўлида
  • 14 Октябрь 2017

Яқин қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаш йўлида

Шу йилнинг 13 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси ва Афғонистон Ислом Республикаси ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилганига 25 йил тўлди. Ўзбекистон Афғонистон билан ўзаро манфаатли, конструктив ҳамда ишончли мулоқотни йўлга қўйишга интилиб, икки томонлама ҳамкорликнинг мустаҳкам асосларини яратди.

Ўзбекистон — Афғонистон муносабатларини тартибга солувчи ҳужжатлар Афғонистон раҳбари Бурҳониддин Раббонийнинг 1992 йил октябрда мамлакатимизга ташрифи чоғида имзоланган. Ўшандан буён ўзаро ҳамкорлик алоқалари икки мамлакат манфаатларидан келиб чиққан ҳолда, конструктив руҳда изчил ривожланиб бормоқда.

Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг 2016 йил июнь ойида Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Тошкент саммити доирасида Афғонистон раҳбари Ашраф ўани билан учрашуви икки томонлама муносабатларни ривожлантиришга катта туртки бўлди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 3 сентябрь куни Самарқанд шаҳрида Афғонистон раҳбари билан учрашуви мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқди.

Икки давлат Президентларининг, вазирлик ва идоралар раҳбарларининг доимий учрашувлари ҳам Ўзбекистон — Афғонистон ўртасидаги муносабатлар юқори даражада ривожланиб бораётганини кўрсатади. Биргина жорий йилнинг ўзида Шавкат Мирзиёев Афғонистон раҳбари билан уч марта — ШҲТ, Ислом ҳамкорлик ташкилоти саммитларида (Остона), БМТ Бош Ассамблеясида (Нью-Йорк) учрашди. Ҳозирги кунда Афғонистон Президентининг мамлакатимизга ташрифи устида иш олиб борилмоқда.

2017 йилнинг январь ойида Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири А. Комилов бошчилигидаги делегация Афғонистонга ташриф буюрди. Ташриф давомида Афғонистон Президенти А. ўани, ижро ҳокимияти раҳбари А. Абдулла, ташқи ишлар вазири С. Раббоний ҳамда давлат тузилмаларининг бошқа вакиллари билан музокаралар олиб борилди. Унинг якунларига кўра, икки томонлама қатор ҳужжатлар имзоланди. Улар орасида Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасида тўлақонли ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича Тадбирлар режаси (“Йўл харитаси”) ҳам бор. Томонлар йил охиригача маҳсулот айирбошлаш ҳажмини 520 миллион АҚШ долларидан 1 миллиард АҚШ долларига етказишни мақсад қилишган. Ўзбекистон ҳукумати савдо-иқтисодий алоқаларни янада кенгайтириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш бўйича самарали чораларни кўраяпти. Юк ташиш тарифлари туширилмоқда, айрим турдаги товарлар ҳамда хизматлар учун имтиёзли нархлар жорий этилаяпти. Натижада ўзаро савдо кўрсаткичлари жорий йилнинг 8 ойи давомида 21,8 фоиз ўсди. Ташриф давомида Кобулда Ўзбекистон Савдо уйининг очилиши томонларнинг савдо-иқтисодий алоқаларни янада фаоллаштиришга бўлган интилишининг рамзий исботи сифатида хизмат қилади.

Шу маънода, жорий йилнинг май ойида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Афғонистон Ислом Республикаси бўйича махсус вакили институти таъсис этилгани ҳам давлатимиз раҳбарининг ушбу мамлакат билан барча жабҳада муносабатларга алоҳида эътибор қаратаётганини тасдиқлайди.

Ўз навбатида, шу йил июль ойида Афғонистон Президентининг миллий хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Ҳ. Атмар, давлат раҳбарининг иқтисодий масалалар бўйича катта маслаҳатчиси Ҳ. Қаюмий ва Марказий Осиё мамлакатлари ҳамда Россия Федерацияси билан ҳамкорлик бўйича махсус вакили Муҳаммад Шокир Коргар ва бошқа расмий вакиллардан иборат Афғонистон делегацияси Ўзбекистонга амалий ташриф билан келди.

Делегация мамлакатимизнинг қатор вазирлик ҳамда идоралари, етакчи компанияларида учрашувлар ўтказиб, икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш бўйича аниқ таклифларни муҳокама қилди.

Буларнинг барчаси Ўзбекистон — Афғонистон муносабатларини кенгайтиришга замонавий ёндашувларнинг жорий этилгани, ўзаро ишонч, қатъий интилиш ва яқин қўшничилик ҳамда ҳамкорлик учун улкан истиқболлар мавжудлигининг яққол намойишидир.

Ўзбекистоннинг Афғонистон билан узоқ муддатли ва ўзаро манфаатли муносабатларни ўрнатишдаги принципиал позицияси икки томонлама ҳамкорлик алоқаларини мамлакатлар манфаатлари йўлида ривожлантиришга хизмат қилади.

Биринчидан, афғон муаммосини ҳал этишда Ўзбекистон ҳар доим холис, принципиал ҳамда конструктив ёндашган. Афғонистон Ислом Республикаси билан анъанавий равишда, тарихий тажрибадан келиб чиққан ҳолда, яхши қўшничилик муносабатларини ривожлантириб, мамлакатда узоқ муддатли барқарорлик қарор топишини қатъий қўллаб-қувватлаб келади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 19 сентябрь куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош -Ассамблеясининг 72-сессиясидаги нутқида “Афғонистонда тинчликка эришишнинг ягона йўли — марказий ҳукумат ва мамлакат ичидаги асосий сиёсий кучлар ўртасида олдиндан ҳеч қандай шарт қўймасдан, тўғридан-тўғри мулоқот олиб боришдир. Музокаралар афғонистонликларнинг ўзлари ҳал қилувчи ўрин тутадиган ҳолда, Афғонистон ҳудудида ва БМТ шафелигида ўтиши лозим. Донишманд афғон халқи ўз тақдирини ўзи мустақил ҳал қилишга ҳақлидир”, деб алоҳида қайд этди.

Иккинчидан, Ўзбекистон қўшни мамлакат иқтисодиётининг тикланиши бўйича конкрет лойиҳаларни амалга ошириш орқали Афғонистонда барқарорликка кўмаклашишда қатнашмоқда. Жумладан, Ўзбекистон 2010 йили Ҳайратон — Мозори Шариф темир йўли қурилишини якунлади. Афғонистон ҳукумати илтимосига кўра, Ўзбекистон томонидан Мозори Шариф — Кобул йўл участкасида 11 кўприк ҳамда бошқа иншоотлар барпо этилди. 2010 йилда Ҳайратон — Пули-Хумри — Кобул ЛЭП-220 лойиҳаси ишга туширилгач, Афғонистон пойтахтига Ўзбекистондан электр энергияси етказиб берила бошланди.

Учинчидан, икки томонлама муносабатларни тартибга соладиган ҳуқуқий асос яратилган. Улар сиёсий, савдо-иқтисодий соҳалардаги ҳамкорликка доир 40 га яқин ҳужжатларни ўз ичига олади. Масалан, 2015 йилнинг 15 мартида “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ билан Афғонистон Ислом Республикасининг тегишли вазирлиги ўртасида темир йўл линиясини -бошқариш, эксплуатация қилиш, хизмат кўрсатиш ҳамда ходимларни ўқитиш бўйича уч йиллик битим имзоланди.

Тўртинчидан, Ўзбекистон — Афғонистон муносабатлари диверсификациялаштирилган бўлиб, ҳамкорликнинг қарийб барча жабҳасини, яъни савдо-иқтисодий, инвестициявий ва сиёсий соҳаларда ҳамкорликни қамраб олган. Ўзбекистонда афғонистонлик сармоядорлар иштирокида тузилган 70 та корхона фаолият кўрсатмоқда. Улар савдо, хизмат кўрсатиш, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш каби соҳаларда иш юритаяпти. Афғонистон ҳудудида эса 6 та ўзбек-афғон қўшма корхонаси ташкил қилинган.

Бешинчидан, икки мамлакат ўртасида маданий-гуманитар ҳамкорликка ҳам алоҳида эътибор қаратилаётир. Афғонистонлик мусиқачилар “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивалида мунтазам иштирок этиб келишади. 2013 йилда афғон гуруҳи биринчи ўринни эгаллади. Илм-фан соҳасида ҳам ҳамкорлик кенгайиб бормоқда. 2014 йилда Афғонистон Фанлар академияси директори М. Афзалий бошчилигидаги делегация Самарқандда бўлиб ўтган халқаро анжуманда қатнашди.

Юртимиз афғон заминида дафн қилинган буюк аждодларимиз, жумладан, Абу Райҳон Берунийнинг ўазнадаги, Алишер Навоийнинг Ҳиротдаги, Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг Кобулдаги қабрини ободонлаштиришга ҳам катта эътибор қаратмоқда. Бу ҳам тарихларимиз муштараклигидан далолатдир. 2016 йил март ойида Бобур номидаги халқаро жамоат фонди раиси З. Машрабов раҳбарлигидаги Ўзбекистон делегациясининг Ҳирот шаҳрига ташрифи чоғида Алишер Навоий мақбараси атрофидаги ҳудуд кўкаламзорлаштирилди ҳамда ободонлаштирилди. Шунингдек, Камолиддин Беҳзод мангу қўним топган жой таъмирдан чиқарилди.

Афғонистон олий ўқув муассасаларининг ўзбек тили ва адабиёти кафедралари ўқитувчилари малакасини ошириш учун қисқа муддатли курслар ташкил этиш ҳамда Тошкент темир йўл муҳандислари институтида ушбу мамлакат фуқароларини тегишли мутахассисликлар бўйича ўқитиш масаласи кўриб чиқилаяпти.

Буларнинг барчаси икки мамлакатнинг XXI асрдаги дўстлиги, яхши қўшничилиги ва иттифоқчилигининг ижобий натижалари ҳамда мустаҳкам асоси ҳисобланади.

Ўзбекистон бундан кейин ҳам Афғонистон билан ўзаро манфаатли ҳамкорликка асосланган яқин қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаш бўйича амалий чора-тадбирларни кўришда давом этади. Шубҳасиз, тобора кенгайиб бораётган конструктив мулоқот ҳамда савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-коммуникация соҳаларида истиқболли қўшма лойиҳаларнинг ишлаб чиқилиши ҳамда амалга оширилиши нафақат Ўзбекистон ва Афғонистоннинг иқтисодий тараққиётига, айни пайтда минтақа хавфсизлигини мустаҳкамлашга ҳам хизмат қилади.

Бахтиёр МУСТАФОЕВ,

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти маркази раҳбари ўринбосари.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn