Ўзбек дипломатиясининг янги вазифалари
  • 04 Октябрь 2017

Ўзбек дипломатиясининг янги вазифалари

Давлатимиз раҳбарининг АҚШга ташрифи ҳамда БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясидаги нутқи бугун юртимиз ҳамда жаҳон оммавий ахборот воситаларида энг кўп муҳокама қилинаётган ва катта қизиқишга сабаб бўлаётган воқеликлардан бири бўлиб қолмоқда.

“Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг АҚШга тарихий ташрифи якунлари: ўзбек дипломатиясининг янги вазифалари” мавзуида бўлиб ўтган Халқаро пресс-клуб сессиясида бу жиҳатлар яна бир бор эътироф этилди.

Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов таъкидлаганидек, Президентимизнинг АҚШга ташрифини, ҳеч муболағасиз, тарихий, деб баҳолашга барча асос бор. Унинг тарихийлиги, энг аввало, ташрифнинг кўлами, кун тартибига қўйилган муҳим ҳамда долзарб масалалар ва эришилган амалий келишувлар билан тасдиқланади. Қолаверса, эълон қилинган ташаббуслар ҳамда илгари сурилган таклифлар ўзбек дипломатияси олдига турли йўналишлар бўйича янги-янги вазифаларни белгилаб беради.

Давлатимиз раҳбарининг БМТ Бош Ассамблеясидаги нутқи эса Ўзбекистоннинг янгиланган қиёфаси ва ривожланиш стратегияси бўйича амалга оширилаётган чуқур ислоҳотларнинг ёрқин ҳамда батафсил тақдимоти бўлди. Айтиш жоизки, бу нутқни халқаро ҳамжамият, кузатувчилар кутганди. Нега деганда, улар учун бугун Ўзбекистонда қандай ўзгаришлар амалга оширилаётганини билиш қизиқ эди.

Президентимиз Марказий Осиё давлатлари Президентларининг мунтазам учрашувларини ўтказиш ташаббуси билан чиққанди. А. Комиловнинг маълум қилишича, бу Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари очиқ фикр алмашадиган майдон ҳисобланади ва бундай тажриба илгари кузатилмаган.

Ўзбекистон ўз ташқи сиёсатида Марказий Осиёга устувор аҳамият қаратаётгани минтақада барқарорлик, ҳамкор тараққиёт, яхши қўшничилик муносабатларининг изчил ривожига хизмат қилади. Президентимизнинг Туркманистон, Қозоғистон ҳамда Қирғизистонга ташрифлари чоғида бу жиҳатлар алоҳида муҳокама этилиб, ечимини кутаётган кўплаб масалалар ҳал қилинди. Жумладан, савдо-иқтисодий, транспорт логистикаси, давлат чегаралари, маданий-маърифий соҳаларда муҳим келишувларга эришилди. Ўтган қисқа вақт мобайнида минтақада мутлақо янги сиёсий муҳит яратилди ҳамда бу жараён изчил давом этмоқда.

Қозоғистон Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ерик Утембаевнинг айтишича, одамлар Марказий Осиё минтақаси мамлакатларининг бирдамлигини кўриши жуда муҳим. Умуман олганда, 2017 йил Марказий Осиё давлатлари учун тарихий аҳамиятга молик йил бўлди.

Қирғизистон Республикасининг юртимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Данияр Сидиқов Президент Шавкат Мирзиёевнинг Қирғизистонга ташрифи ўзбек-қирғиз халқлари учун муҳим аҳамиятга эга бўлганини таъкидлади. Ташриф доирасида кўп муаммоларнинг ечими топилди.

“Қирғиз халқи бу кунни жуда узоқ кутган эди. Бу икки биродар халқ учун чинакам байрам бўлди. Бугун рўй бераётган воқеалар ҳамда Президентларимизнинг иродалари мавжуд муаммолар ечимига сабаб бўлди”, деди Д. Сидиқов.

Дарҳақиқат, урф-одатлари ўхшаш мазкур икки миллат ўртасидаги биродарлик доимий борди-келди, қуда-андачилик муносабатлари билан уйғунлашган. Бироқ чегараларни белгилашдаги чалкашликлар бир қатор ноқулайликларни келтириб чиқараётганди. Президентимизнинг жорий йил 5-6 сентябрь кунлари Қирғизистон Республикасига давлат ташрифи чоғида чегара масалалари бўйича имзоланган шартномалар боис ана шундай ноқулайликларга чек қўйилмоқда. Хусусан, бу борадаги амалий келишувлар “Косонсой” чегара-божхона постининг қайта фаолият бошлашига имконият яратди. “Риштон” чегара-божхона пости очилди. Бу каби хайрли ишлар изчил давом этмоқда.

АҚШнинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Памела Спратленнинг айтишича, Ўзбекистон Президентининг БМТ минбаридан туриб, Орол муаммосини кўтаргани халқаро ҳамжамият учун аҳамиятли бўлди.

“Мен Орол денгизига бориб, у ердаги вазиятни кўзим билан кўриб келдим. Орол денгизи нафақат Ўзбекистоннинг, балки бутун Марказий Осиёнинг муаммосидир”, деди элчи ўз сўзида. Шунингдек, у АҚШ Ўзбекистон билан барча соҳада кенг қамровли ҳамкорликка тайёр эканини маълум қилиб, АҚШ ҳамда Ўзбекистон ўртасида 2,6 миллиард доллар қийматидаги бир қатор ҳужжатларнинг имзоланиши ўзаро муносабатларнинг янада яхшиланишига ҳисса қўшишини эътироф этди.

Умуман айтганда, Президентимиз томонидан БМТ Бош Ассамблеясининг нуфузли минбаридан туриб билдирилган фикрлар, ўртага ташланган таклифлар ва ташаббуслар ўзбек дипломатияси олдига ҳам ғоят долзарб вазифаларни юклайди. Айни чоғда Ўзбекистон минтақада, бутун дунёда тинчлик ҳамда дўстлик муҳитига асосланган ўзаро манфаатли муносабатларни янада фаол давом эттиришга тайёр эканини кўрсатди.

Фазлиддин АБИЛОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn