Депутатлар халқимиз манфаатларига хизмат қиладиган муҳим қонун лойиҳаларини муҳокама этдилар
  • 01 Октябрь 2017

Депутатлар халқимиз манфаатларига хизмат қиладиган муҳим қонун лойиҳаларини муҳокама этдилар

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда депутатлар 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида кўзда тутилган ислоҳотларни ҳуқуқий жиҳатдан таъминлашга қаратилган қонун лойиҳаларини кўриб чиқдилар.

Депутатлар дастлаб “Ўзбекистон Республикаси билан Қирғизистон Республикаси ўртасида ўзбек-қирғиз Давлат чегараси тўғрисида Шартномани (Бишкек, 2017 йил 5 сентябрь) ратификация қилиш ҳақида”ги қонун лойиҳасини муҳокама қилдилар.

Таъкидланганидек, ён-атрофда хавфсизлик, барқарорлик ва аҳил қўшничилик муҳитини шакллантириш, давлат чегарасини делимитация ҳамда демаркация қилиш масалаларини ҳал этиш Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор йўналиши ҳисобланади.

Шу маънода, мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 5 сентябрь куни Қирғизистон Республикасига амалга оширган давлат ташрифи чоғида Ўзбекистон Республикаси ва Қирғизистон Республикаси ўртасида ўзбек-қирғиз Давлат чегараси тўғрисида Шартноманинг имзоланиши икки қардош халқлар ўртасидаги муносабатларни янада мустаҳкамлаш имконини яратди.

Мажлисда “Ўзбекистон Республикаси билан Қирғизистон Республикаси ўртасида ўзбек-қирғиз Давлат чегараси тўғрисида Шартномани (Бишкек, 2017 йил 5 сентябрь) ратификация қилиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси катта тарихий аҳамиятга эга эканлиги, орзулари, ниятлари муштарак қардош ўзбек ҳамда қирғиз халқларини бир-бирига яқинлаштиришдек эзгу мақсадга хизмат қилиши таъкидланиб, депутатлар томонидан тўла қўллаб-қувватланди.

Шундан кейин бир гуруҳ депутатлар томонидан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида қуйи палатага биринчи ўқишда киритилган “Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокамага қўйилди. Қизғин баҳс-мунозараларга сабаб бўлган қонун лойиҳасида норматив-ҳуқуқий, иқтисодий механизм ҳамда воситаларни такомиллаштириш, қонунбузилишлари натижасида қўлланиладиган иқтисодий чоралар тизимини ривожлантириш, атмосфера ҳавосини муҳофаза этиш соҳасида жисмоний ва юридик шахсларнинг манфаатлари ҳамда экологик ҳуқуқлари ҳимоясини таъминловчи ҳуқуқий механизмларни яратиш назарда тутилади.

Депутатлар таъкидлаганидек, ушбу қонуннинг қабул қилиниши атмосфера ҳавосини муҳофаза этиш соҳасида давлат -сиёсати ва бошқарувининг асосий йўналишларини белгилашга, атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш масалалари бўйича қарорлар қабул қилишда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда фуқароларнинг фаол иштирокини таъминлашга, озон қатламини бузувчи моддалар ва уларни таркибида тутувчи маҳсулотларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан олиб чиқиш ҳамда олиб киришни ҳуқуқий тартибга солишга, шу билан бирга, атмосфера ҳавоси трансчегаравий ифлосланишининг камайишига хизмат қилади.

Шундан сўнг депутатлар Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартишлар киритишни назарда тутувчи қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда кўриб чиқдилар. Бугунги кунгача Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 211-моддасига мувофиқ, жиноят қуроли, кимга тегишлилигидан қатъи назар, мусодара қилиниши керак бўлган ва тегишли муассасаларга топширилган ёки йўқ қилиб юборилган.

Мазкур қонун лойиҳаси билан эса мулк жиноят қуроли сифатида фойдаланилганда, мулкдорнинг айби бўлмаган ҳолатлар бўйича уни мусодара этиш мумкин эмаслиги ўрнатилмоқда. Депутатларнинг фикрича, қонуннинг қабул қилиниши мамлакатимизда хусусий мулк ҳамда мулкдорларнинг ҳуқуқларини муҳофаза этиш кафолатларининг янада мустаҳкамланишига олиб келади.

Мажлисда парламент аъзолари Қонунчилик палатаси ваколатига тааллуқли бошқа масалаларни ҳам кўриб чиқдилар.

Ўзбекистон Республикаси

Олий Мажлиси 

Қонунчилик палатаси

Ахборот хизмати.

ДЕПУТАТЛАР ФИКРИ

Акмал УМИРЗОҚОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати:

— Бугун қуйи палатада тарихий кун бўлди. Сабаби, мажлисда депутатлар томонидан “Ўзбекистон Республикаси билан Қирғизистон Республикаси ўртасида ўзбек-қирғиз Давлат чегараси тўғрисида Шартномани (Бишкек, 2017 йил 5 сентябрь) ратификация қилиш ҳақида”ги қонун қабул қилинди. Мазкур ҳужжат Қирғизистон парламенти томонидан ҳам бир овоздан қўллаб-қувватланганини эшитдик. Бу эса, албатта, икки халқнинг азалий муносабатларида янги саҳифа очиши билан бирга, қардош давлатлар ўртасидаги ўзаро алоқаларнинг янада мустаҳкамланишига хизмат қилади.

 

Соҳибжон ИСМОИЛОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати:

— Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Қирғизистон Республикасига давлат ташрифи икки мамлакат халқларининг манфаатларини таъминлашда муҳим аҳамият касб этди. Ташриф давомида имзоланган Ўзбекистон Республикаси ва Қирғизистон Республикаси ўртасида ўзбек-қирғиз Давлат чегараси тўғрисида Шартнома эса узоқ кутилган муҳим воқелик бўлди. Ушбу ҳужжатни ратификация қилишда биз, депутатлар ҳам фаол иштирок этдик. Таъкидлаш жоизки, мазкур ҳужжат икки давлатнинг савдо-иқтисодий, ижтимоий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорлигида янги истиқболлар очади. Умуман олганда, қонуннинг қабул қилиниши давлатимиз раҳбарининг ён-атрофдаги мамлакатлар билан аҳил қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлашга доир ташаббусларининг амалдаги тасдиғи бўлди.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn