Ўзбекистон Президентининг жамиятни радикаллаштиришнинг олдини олиш бўйича «Йўл харитаси»
  • 26 Август 2017

Ўзбекистон Президентининг жамиятни радикаллаштиришнинг олдини олиш бўйича «Йўл харитаси»

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий, сиёсий, маънавий соҳаларини янгилаш борасидаги ташаббуслари жаҳон жамоатчилигида катта қизиқиш уйғотмоқда. Кейинги вақтларда хориж матбуотида Ўзбекистонда турли йўналишларда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини очиб беришга қаратилган мақолалар тез-тез эълон қилинмоқда.

Қуйида Деҳли университети профессори, Ҳиндистондаги етакчи тадқиқот марказларидан бири — Халқаро Вивекананда фонди эксперти Сканд Ранджан ТАЯЛнинг мақоласи эълон қилинмоқда.

Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатлари мустақилликка эришган дастлабки кунлардан бошлаб жамиятни радикаллаштиришга йўл қўймаслик борасидаги ҳаракатларни изчил олиб бормоқда.

Тараққиёт ва ривожланиш йўлини танлаган Ўзбекистон дунёвий давлат мақомини сақлаб қолади — Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев белгилаб берган асосий вазифа ана шундан иборат. Мирзиёевнинг адолат ва рақобат тамойиллари асосида ўтган сайловда сайловчиларнинг 88 фоизидан зиёд овозига эга бўлиб, ишончли ғалаба қозонгани Ўзбекистон халқининг куч-қудрати ва ақл-заковатини намоён этди. Президент Ислом Каримовнинг 26 йиллик раҳбарлигидан кейин сиёсий ҳокимият, мамлакат Конституциясига мувофиқ, тинчлик ва барқарорлик шароитида ўзгарди.

Шавкат Мирзиёев Президент лавозимига киришганидан кейин ўтган саккиз ой давомида бошқарувнинг коллегиал услубини амалиётга жорий этди. Президент, аввало, яқин қўшни мамлакатлар, жумладан, Тожикистон билан муносабатларни мустаҳкамлаш, транзит магистралларни ривожлантириш масалаларини мувофиқлаштириш бўйича дадил қадамлар қўйди.

Президент Шавкат Мирзиёев мамлакатда, айниқса, ёшлар ўртасида радикализм ёйилишининг олдини олиш ва бу жараённи мониторинг қилиб боришга алоҳида эътибор қаратмоқда. 2017 йил 15 июнь куни Тошкентда ўтган анжумандаги “Ватанимиз тақдири ва келажаги йўлида янада ҳамжиҳат бўлиб, қатъият билан ҳаракат қилайлик” деб номланган маърузасида мазкур муҳим масала бўйича давлат сиёсатини амалга оширишнинг “йўл харитаси”ни баён қилди.

Ўзбекистонда 2017 йил “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”, деб эълон қилингани диққатга сазовордир. -Президент Шавкат Мирзиёев ўзининг маърузасида ўзбек халқининг бағрикенглиги ва олижаноблиги тўғрисида гапирар экан, Ўзбекистон Конституцияси ва қонунларида мамлакатнинг барча фуқароcи учун, миллати ва динидан қатъи назар, тенг ҳуқуқ ва эркинликлар кафолатланганини таъкидлади.

Президент Шавкат Мирзиёев истиқлол йилларида Ўзбекистонда виждон эркинлигини таъминлаш бўйича амалга оширилган чора-тадбирлар ҳақида тўхталиб, собиқ шўро даврида республикада 80 масжид фаолият кўрсатган бўлса, ҳозир уларнинг сони 2 минг 42 тага етганини қайд этди. Давлат раҳбари Саудия Арабистонида бўлиб ўтган араб-мусулмон мамлакатлари ва АҚШ саммитида иштирок этгани ҳақида тўхталди ва экстремизмни бартараф этиш мақсадида барча халқлар бирлашмоғи зарурлигини таъкидлади. Президент бугун халқаро терроризм, экстремизм, наркотикларнинг ноқонуний айланиши ва диний ниқоб остидаги низолар кучайиб бораётганидан бутун инсоният чуқур ташвишда эканини қайд этди.

Президент Шавкат Мирзиёев ёшларни турли диний экстремистик оқимлар таъсиридан ҳимоя қилиш энг асосий вазифалардан эканини алоҳида таъкидлади. Шавкат Мирзиёев ҳақиқий ислом динига зид ғояларнинг тарқалишига шароит яратадиган асосий сабабларни таҳлил қилар экан, бу борада давлат, жамоатчилик, дин арбоблари амалга ошириши зарур бўлган чора-тадбирларни баён қилди ва уларнинг муҳим йўналишларини белгилаб берди:

жамиятни радикаллаштиришнинг сабабларини ҳар томонлама ўрганиш ва таҳлил қилиш, ёшларнинг радикал диний ташкилотларга кириб қолишининг олдини олишга қаратилган профилактик тадбирлар ишлаб чиқиш зарур;

радикал ғояларнинг зарарли, ҳақиқий ислом динига ва давлатимиз манфаатларига зид эканини тушунтиришга қаратилган тарғибот ишларини кучайтириш зарур. Бунинг учун имомлар, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари мутахассларининг ўқишини ташкил этиш лозим;

маҳаллий ҳокимият органлари ва жамоат ташкилотлари ёлғон ваъдалар ва ёт ғоялар таъсирига тушиб қолган фуқароларнинг оилаларига ёрдам бериши керак;

диний идоралар вакилларининг ислом динини тўғри талқин қилиш, ислом дини ҳар қандай зўравонликка, бузғунчиликка ва қон тўкилишига қарши эканини ҳар бир фуқарога етказиш борасидаги масъулиятини ошириш зарур;

радикализмга қарши курашда таълим-тарбия тизимининг аҳамияти катта. Ёшлар орасида радикаллаштиришнинг дастлабки аломатларини аниқлашда оила, қўни-қўшниларнинг ҳушёрлик кўрсатиши ва фаол иштирок этиши муҳим аҳамиятга эга; 

Президент Шавкат Мирзиёев жамиятни радикаллаштириш келтириб чиқарадиган жиддий хавфларни бартараф этиш учун жаҳолатга қарши маърифат йўлида ҳамкорлик қилишга чақирди.

Мазкур муҳим маърузанинг мазмун-моҳиятини аҳолисининг асосий қисмини мусулмонлар ташкил этадиган барча давлатлар раҳбарлари чуқур ўрганиши мақсадга мувофиқдир. Диний эътиқод эркинлигини таъминлаган ҳолда, давлат ва жамият диний ташкилотлар ва имомлар томонидан аҳоли ўртасида турли ёт ғоялар, зўравонлик ва бузғунчиликнинг тарғиб қилинишига қарши чоралар кўриши ва уни назоратга олиши зарур.

Президент Шавкат Мирзиёев бугунги мураккаб даврда бутун инсоният олдида турган жамиятни радикаллаштириш муаммосини ҳал қилишга қўшган катта ҳиссаси туфайли юксак ҳурмат-эътиборга сазовордир.

Сканд Ранджан ТАЯЛ, 

Халқаро Вивекананда фонди (Ҳиндистон).

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn