Парламент — жамиятнинг ҳақиқий кўзгуси
  • 26 Август 2017

Парламент — жамиятнинг ҳақиқий кўзгуси

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида мустақиллик йилларида миллий парламентнинг шаклланиши ва ривожланишига бағишланган анжуман ташкил этилди. Тадбирда парламент аъзолари, Тошкент вилояти ҳамда пойтахтимиз халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги депутатлик гуруҳлари раҳбарлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.

Миллий парламентимиз тимсолида, аввало, жамиятимизнинг ҳақиқий кўзгуси, одамларни ўз ортидан эргаштириб, эзгу мақсадлар сари бошлашга қодир бўлган катта бир куч намоён бўлиши тадбирда алоҳида таъкидланди. Мамлакатимизда истиқлол йилларида асос солинган икки палатали парламент ҳокимият бошқаруви тизимида ўзаро тийиб туриш ҳамда манфаатлар мувозанати тизимини шакллантириш, қонун ижодкорлигининг сифатини жиддий равишда ошириш, умумдавлат ва ҳудудий манфаатларнинг мутаносиблигига эришишга хизмат қилди. Эътиборли жиҳати, юртимизда демократик ўзгаришларнинг чуқурлашиши, қолаверса, аҳоли ҳуқуқий маданиятининг юксалиши, сиёсий фаоллиги ортиши билан парламентимизни янада ислоҳ этиш тобора долзарб аҳамиятга эга бўлмоқда. Шу сабабли ҳам 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида демократик ислоҳотларни ривожлантириш ҳамда мамлакатни модернизация қилишда Олий Мажлис, сиёсий партияларнинг ролини янада кучайтириш масаласига алоҳида эътибор қаратилган. Жумладан, давлат ҳокимияти тизимида Олий Мажлиснинг ролини ошириш, унинг мамлакат ички ва ташқи сиёсатига оид муҳим вазифаларни ҳал этиш ҳамда ижро ҳокимияти устидан парламент назоратини амалга ошириш бўйича ваколатларини янада кенгайтириш ва қабул қилинаётган қонунларнинг ижтимоий-сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ҳамда суд-ҳуқуқ ислоҳотлари -жараёнига таъсирини кучайтиришга йўналтирган ҳолда, қонун ижодкорлиги фаолияти сифатини тубдан юксалтириш, шунингдек, сиёсий тизимни ривожлантириш, давлат ва жамият ҳаётида сиёсий партияларнинг ролини ошириш, улар ўртасида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш бўйича аниқ вазифалар белгиланган.

— Мустақиллик йилларида халқимизнинг миллий ҳамда азалий қадриятлари, турмуш тарзини қабул қилинаётган қонунлар нормаларида акс эттириш қонун ижодкорлиги жараёнида парламент аъзоларининг асосий диққат-эътиборида бўлди, — деди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси раиси А. Саидов. — Натижада Олий Мажлис давлат ҳокимияти тизимида мустаҳкам ўрин эгаллаб, жамиятимизда кечаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг фаол иштирокчисига айланди. Шу йил 12 июль куни Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг парламент палаталари, сиёсий партиялар, Ўзбекистон экологик ҳаракати вакиллари билан бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишидаги маърузаси миллий парламент ривожида янги босқични бошлаб берди.

Конференцияда давлатимиз раҳбари томонидан билдирилган танқидий-таҳлилий фикрлардан келиб чиққан ҳолда, бугунги кунда Олий Мажлис палаталари фаолиятида, хусусан, қонун ижодкорлиги соҳасида сифат жиҳатидан муҳим ўзгаришлар, янгиланишлар юз бераётгани, умуман, янгича маъно ва мазмун касб этаётгани алоҳида эътироф қилинди.

Хусусан, сиёсий партиялар фракциялари раҳбарлари давлатимиз раҳбарининг сиёсий партиялар фаолиятидаги айрим муаммо ҳамда камчиликлар хусусида билдирган фикрларидан сўнг партиялар ва фракциялар ишида жонланиш рўй бераётгани, янги ташаббуслар илгари сурилаётгани хусусида тўхталиб ўтдилар.

Қайд этилганидек, фуқароларимиз қонун ижодкорлиги жараёнида фаол қатнашаяпти. Энг муҳими, халқ вакилларининг бевосита ўз сайловчилари билан амалий мулоқотлари халқнинг парламентга ҳамда юртимизда олиб борилаётган улкан ислоҳотларга ишончини оширмоқда.

Анжуманда депутатлар ва партиялар вакиллари қонунчилик, назорат-таҳлил тадбирларининг самарадорлигини юксалтириш, мазкур жараёнда аҳоли, жамоат ташкилотлари билан бамаслаҳат иш тутиш, сайловчилар билан доимий мулоқотда бўлиш орқали парламентимизни ҳақиқий демократия мактабига айлантириш, улар ислоҳотларнинг ташаббускори ҳамда асосий ижрочиси бўлиши кераклиги алоҳида кўрсатиб ўтилди.

Қобил ХИДИРОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn