Электоратга берилган ваъдалар устидан чиқиш пайти келди
  • 26 Июль 2017

Электоратга берилган ваъдалар устидан чиқиш пайти келди

Президентимизнинг “Парламентимиз ҳақиқий демократия мактабига айланиши, ислоҳотларнинг ташаббускори ва асосий ижрочиси бўлиши керак” деб номланган маърузасида белгилаб берилган вазифалар айни пайтда жойларда ўтказилаётган маҳаллий Кенгашлар сессияларида атрофлича ўрганилмоқда.

Сиёсий партияларнинг маҳаллий Кенгашлардаги депутатлик гуруҳларининг ислоҳотлар жараёнидаги иштироки ва таъсирини кучайтириш, иш услубини тубдан ўзгартириш ҳамда жонлантириш, мавжуд муаммоларни узил-кесил бартараф этиш борасида аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинаяпти.    
Чунончи, халқ депутатлари Наманган вилояти Кенгашининг навбатдаги сессиясида ҳокимият вакиллик органлари, сиёсий партиялар ҳудудий кенгашларининг ўтган даврдаги фаолияти танқидий таҳлил қилинди. Айни чоғда ҳар бир сиёсий партия сайловолди дастурида кўзда тутилган устувор йўналишлар ижроси устида жиддий иш олиб бориши, халқ сайлаб қўйган вакиллар сайловчилар олдида ҳисоб бериши, оддий одамлар билан юзма-юз мулоқот қилиш орқали халқнинг дардига малҳам бўлиши зарурлигига эътибор қаратилди.
— Президентимиз маърузасида ижтимоий адолат, илм-фан, таълим-тарбия ва соғлиқни сақлаш соҳасида аҳоли манфаатларини  ҳимоя этиш шиори остида иш олиб бораётган партиямиз фаолияти, айни йўналишларда ташаббускорлик ва амалий ҳаракатлар йўқлиги ҳақли равишда танқид қилинди, — дейди “Адолат” социал-демократик партияси вилоят кенгаши раиси вазифасини бажарувчи Исроил Жўраев. — Бу ҳар бир партиядошимизни уйғотди.
Эндиликда аввалгидек ишлаб бўлмайди, сайловчиларимиз, тарафдорларимиз томонидан қўйилаётган саволларга дадил жавоб қайтариш учун ўзимизни амалий ишларда кўрсатишимиз, жамиятнинг ҳар бир жабҳасида адолат қарор топиши, инсон манфаатлари устувор ўрин тутиши, пировардида, одамлар ҳаётдан рози бўлиши йўлида ҳаракат қилишимиз зарур.
Сессияда вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи А. Тошпўлатовнинг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш соҳасида олиб борилаётган ишлар тўғрисида, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи С. Мўминовнинг аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш борасида ҳудудда амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар ҳақидаги ҳисоботлари тингланди. Ҳар икки соҳада мамлакат раҳбари томонидан қўйилаётган долзарб вазифалар асосида фаолиятда туб ўзгаришлар бўлаётгани ҳолда, айрим раҳбарлар, ходим ва мутахассисларнинг масъулиятсизлиги оқибатида жойларда фуқаролар норозилигини келтириб чиқараётган камчиликлар ҳамон давом этаётгани таъкидланди.
— Кейинги пайтларда тиббиёт соҳасига алоҳида эътибор қаратилиб, унинг моддий-техника базаси тобора мустаҳкамланмоқда, — дейди халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Наргиза Муҳаммадиева. — Бунинг самараси кўзга ташланиб қолди. Бироқ соҳадаги  баъзи бўғинлар, хусусан, олис қишлоқларда “Тез ёрдам”, тиббий патронаж хизматининг ҳали-ҳамон талаб даражасида ташкил этилмаётгани кишини ташвишга солади. Бунда жамоатчилик назоратини кучайтириш, жумладан, депутатлар аралашуви орқали мавжуд аҳволни тўғрилаш чора-тадбирларини кўриш мақсадга мувофиқдир.

* * *
Парламент аъзолари, маҳаллий Кенгашлар депутатлари, жамоатчилик вакиллари ҳамда журналистлар иштирокида бўлиб ўтган халқ депутатлари Сирдарё вилояти Кенгашининг навбатдаги сессияси очиқ мулоқот майдонига айланди.   
Айни пайтда вилоятда сиёсий партиялар ва халқ депутатлари Кенгашлари фаолияти таҳлили улар томонидан ҳудудда мавжуд муаммоларни ҳал этиш бўйича қонунчиликда белгиланган ваколат ва имкониятлардан тўлиқ фойдаланилмаётганлиги, ҳанузгача вилоят аҳолиси ҳаётида, фуқаролар онгида мустаҳкам ўрин эгаллай олмаганлигини кўрсатмоқда.
— Биз қайси бўғинда бўлмайлик, халқ вакиллари учун шахсий намуна кўрсатишимиз лозим, — дейди Олий Мажлис Сенати аъзоси Орифжон Қудратов. — Ҳозирги кунда фаолиятимизни қайта кўриб чиққан ҳолда, истиқболдаги вазифаларни белгилаб олаяпмиз. Ўйлайманки, бу депутатлик масъулиятимизни ошириш баробарида, келгусидаги ишларимизни жонлантиришда муҳим омил бўлади. Айниқса, маҳаллий Кенгашлар ва сиёсий партияларнинг ҳудудий ташкилотлари фаолиятидаги сусткашликка барҳам бериш, ташаббускорлик кўрсатиш, халқ билан, сайловчилар билан очиқ мулоқотни мунтазам йўлга қўйишимизга кенг имкон яратади.  
Сессияда вилоят ички ишлар, соғлиқни сақлаш бошқармалари бошлиқлари, вилоят ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарининг ҳисоботлари эшитилди.
Вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи М. Жўраевнинг ҳисоботи муҳокамасида ҳудудда жамоат хавфсизлигини таъминлаш борасида бирмунча ижобий ўзгаришларга эришилгани қайд этилди. Маҳаллаларда, ўқув юртларида амалга оширилаётган профилактика тадбирларига кенг жамоатчиликни жалб қилиш, жиноятларга асос яратаётган шарт-шароитларни бартараф этиш бўйича аниқ манзилли чора-тадбирлар ишлаб чиқиш зарурлиги юзасидан фикрлар билдирилди.
Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Х. Тожиевнинг ҳисоботида таъкидланганидек, вилоятда ҳам бу борада катта силжишлар бўлаётгани, айниқса, туман марказларида кўп тармоқли поликлиникалар, қишлоқ оилавий поликлиникалари, янгича асосда қишлоқ врачлик пунктлари тизими шаклланмоқда. Бироқ муҳокама чоғида соғлиқни сақлаш тизимига тегишли муассасалар ҳалигача аҳолига етарли даражада хизмат кўрсатмаётгани, бир қатор поликлиникаларда тор мутахассисликлар бўйича малакали кадрлар етишмаслиги, қолаверса, патронаж тизимида муаммолар сақланиб қолаётгани жиддий танқид қилинди. Бу борадаги мавжуд камчиликларни бартараф этиш юзасидан амалий фикрлар билдирилди.
Ёш авлодни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳаётда ўз ўринларини топишларига кўмаклашиш, баркамол инсон бўлиб вояга етишларини таъминлаш масалалари ҳам сессия иштирокчилари диққат-эътиборида бўлди. Янги ташкил этилган Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш, унинг оёққа туриб олиши учун давлат томонидан зарур кўмак бериш ҳамда ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш нафақат ҳокимликлар, балки барча бўғиндаги давлат органлари раҳбарларининг доимий вазифасига айланиши зарурлиги таъкидланди. Уюшмаган, яъни ишламайдиган, ўқимайдиган ёшлар билан ишлашни янада кучайтириш лозимлиги айтиб ўтилди.
Сессиялар якунида муҳокама этилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.


Қудратилла НАЖМИДДИНОВ,
Аҳмадали ШЕРНАЗАРОВ,
«Халқ сўзи» мухбирлари.


* * *
Сўз — депутатларга

Мақсуд ҚУРБОНБОЕВ, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати:
— Давлатимиз раҳбари маърузасида белгилаб берилган вазифалардан келиб чиқиб, парламент маҳаллий Кенгашлар ва сиёсий партиялар фаолиятини ўрганишга алоҳида масъулият билан ёндашмоқда. Ўрганиш натижалари бу борада қатор камчиликларга йўл қўйилганини кўрсатмоқда.
Хусусан, сиёсий партияларнинг ҳудудий ташкилотлари иш режаси реал ҳаётдан узилиб қолган.
Режа тузишда ҳудуддаги муаммолар, электорат манфаатлари инобатга олинмаган. Бунга масъулиятсизлик билан қаралгани, шунингдек, ҳудудий партия ташкилотлари раҳбарларида ҳуқуқий билимнинг етишмаслиги муаммонинг асосий сабабларидан биридир. Мисол учун, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг Чимбой тумани кенгашининг 2017 йилги чора-тадбирлар режаси 61 банддан иборат. Аммо уларнинг кўпчилигини амалиётда қўллашнинг иложи йўқ. Айрим бандлар партиянинг вилоят кенгаши режасидан кўчириб ёзилган. Натижада режанинг кўп бандлари бажарилмасдан қоғозда қолиб кетмоқда. Бу, ўз навбатида, уларнинг иш самарадорлигини сусайтириб, сайловчилар ишончини йўқотишга олиб келаяпти. Шунингдек, кадрлар билан таъминлаш масаласи ҳам жуда долзарб бўлмоқда. Хусусан, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик ҳамда Халқ демократик партияларининг туман, шаҳар Кенгашларида ушбу ҳолатни кўриш мумкин. Шунингдек, Тахтакўпир туманида ЎзХДП ҳудудий кенгашида яккаю ягона ходим партиянинг 2008 нафар аъзоси билан ишлашга мажбур. “Адолат” СДПда эса ушбу рақам 513 нафар кишига тўғри келади. Бундан бир қатор муаммолар келиб чиқиши табиий. Шу боис иш фаолиятини тўғри тақсимлаш мақсадга мувофиқдир. Бу мазкур йўналишдаги мавжуд камчиликларни бартараф этишга, ҳар бир партиянинг жамиятда катта сиёсий куч сифатида ўзини намоён этишига хизмат қилади.

Бунёд ЭШОНҚУЛОВ, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати:
— Айтиш мумкинки, маҳаллий Кенгашлар депутатлари, сиёсий партиялар вакиллари Президентимиз маърузаси мазмун-моҳияти билан тўлиқ танишиб чиқмоқда. Айни пайтда ҳудудларда бўлиб, уларнинг иш фаолиятини ўрганиш чоғида айрим камчиликлар мавжудлигига гувоҳ бўлаяпмиз. Чунончи, сиёсий партиялар марказий Кенгашлари томонидан жойлардаги партия ходимларини ғоявий бирлаштиришга қаратилган тадбирлар деярли олиб борилмаган. Кўплаб партия ташкилотлари раҳбарлари тегишли маҳаллий Кенгаш депутатлари бўлмагани сабабли, уларнинг партия дастурий мақсад ва вазифаларини рўёбга чиқаришдаги мавжуд имкониятлари муайян даражада чекланиб қолмоқда. Партия ташкилотларида кадрлар билан ишлаш, шу жумладан, кадрлар танлаш, уларнинг малакасини ошириш ишлари, ишлаб турган аксарият ходимларнинг салоҳияти талабга жавоб бермайди.
Шунингдек, қоғозбозлик авж олганлиги, ҳисоботлар ҳаддан ташқари кўплиги партия дастурларини лозим даражада ижро этишга тўсиқ бўлмоқда.
Бундан ташқари, ҳудуддаги долзарб масалаларни кўриб чиқиш ва ҳал этишда маҳаллий Кенгашдаги доимий комиссиялар ҳамда депутатлар гуруҳларининг ташаббускорлиги деярли сезилмайди. Бу борадаги муаммоларни бартараф қилиш, маҳаллий Кенгашларда ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш ҳаётий заруратдир. Айниқса,  депутатларнинг ҳуқуқий маданиятини муттасил юксалтириб бориш мақсадга мувофиқ. Албатта, буларнинг барчаси ҳар бир партиянинг ҳақиқий қиёфаси ва позициясини аниқ намоён этишда муҳим ўрин тутади.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn