Қонун лойиҳалари муҳокамасида янгича ёндашув
  • 26 Июль 2017

Қонун лойиҳалари муҳокамасида янгича ёндашув

Жорий йил 12 июль куни бўлиб ўтган Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ҳамда Ўзбекистон экологик ҳаракати вакиллари билан Президентимизнинг видеоселектор йиғилишидаги маърузасида парламент фаолиятининг устувор йўналишлари аниқ кўрсатиб берилди. Давлатимиз раҳбари томонидан белгиланган вазифаларни амалиётга татбиқ этиш депутатлик корпусининг асосий вазифаси ҳисобланади.

Парламент томонидан қабул қилинаётган муҳим қонун лойиҳалари муҳокамасига аҳолини кенг жалб этиш, сайловчилардан келиб тушаётган таклифларни ҳисобга олишни таъминлаш биринчи галдаги вазифалардандир. Айни пайтда Олий Мажлис Қонунчилик палатасида кўриб чиқилаётган “Болалар соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан уларни ҳимоя қилиш тўғрисида” ҳамда “Ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш тўғрисида”ги қонунлар лойиҳаларини иккинчи ўқишга тайёрлаш ҳамда қабул қилиш жараёнида қатор жамоатчилик муҳокамалари ташкил этилмоқда.
Ана шундай жамоатчилик муҳокамалари Андижон вилоятининг Улуғнор туманида, Жиззах вилоятининг Зафаробод туманида, Тошкент вилоятининг Зангиота туманида экспертлар ва жамоатчилик вакилларини жалб қилган ҳолда, очиқ ҳамда ишчан руҳда ўтди.

Ҳикматилла АБДУЛЛАЕВ, Зангиота туманидаги “Обод турмуш” маҳалла фуқаролар йиғини раиси:
— Президентимиз ташаббуси билан катта аҳамиятга эга қонун лойиҳаларининг очиқ ва кенг жамоатчилик орасида муҳокама этилиши йўлга қўйилгани айни муддао бўлди. Қонун лойиҳалари ташаббускорлари бизларга ишлаб чиқилган ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида гапириб беришди. Биз, ўз навбатида, тажрибамиздан келиб чиқиб фикр-мулоҳазаларимизни билдирдик. “Болалар соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан уларни ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси маҳалламиз вакилларининг эътиборини тортди. Фикримизча, ушбу ҳужжатнинг қабул қилиниши ўз вақтида ва фойдали бўлмоқда. Бу ёш авлод тарбиясига эътиборни кучайтириш борасидаги ишлар кўламини кенгайтиришга имкон беради.

Шавкат АБДУОЛИМОВ, халқ депутатлари Зафаробод тумани Кенгаши депутати:
— Сўнгги пайтларда турли бўғиндаги депутатларнинг ўзаро  ҳамкорлиги самарадорлиги ошмоқда. Қонун лойиҳалари бўйича биргаликда олиб борилаётган ишлар бизга, маҳаллий Кенгаш депутатларига қонун ижодкорлиги жараёнларининг хусусиятларини билиб олиш, вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатларининг малакасини ошириш орқали Қонунчилик палатаси депутатлигига кадрлар захирасини шакллантириш имконини беради. Муҳокама этилаётган қонун лойиҳаларига биз ҳам ўзимизнинг фикр-мулоҳазаларимизни бермоқдамиз. Бу эса, ўз навбатида, қонун кучга кирганидан кейин уни амалиётда аниқ қўлланилишини таъминлашга хизмат қилади.


Йўлчибой МАДРАҲИМОВ, Ўзбекистон фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси Улуғнор тумани бўлими раиси:
— Қонун лойиҳалари бўйича жамоатчилик эшитувларини ўтказиш бизга, ҳудудий нодавлат нотижорат ташкилотларига олдимизга қўйилган мақсад ва вазифаларни бажариш учун янги имкониятларни яратиб беради. Шу боис айни пайтда биз мазкур жараёнда ҳуқуқий маълумотларни тарқатиш ва улардан фойдаланишда ННТ иштирокини янада такомиллаштириш бўйича ўз таклифларимизни бердик. Жамоатчилик эшитувлари майдони, назаримизда, турли ижтимоий гуруҳлар манфаатларини таъминлашнинг жуда самарали ва истиқболли демократик механизми ҳисобланади. Биз Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг мамлакат парламенти томонидан қабул қилинаётган қонун лойиҳалари бўйича жамоатчилик маслаҳатлашувлари амалиётини ривожлантириш борасидаги ташаббусларини тўла қўллаб-қувватлаймиз.    

Эркин ХОЛБЎТАЕВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси раисининг ўринбосари:
— Муҳокама этилган қонун лойиҳалари ахборот соҳасидаги муҳим ҳуқуқий ҳужжатлар сирасига киради. Айтиш мумкинки, уларнинг қабул қилиниши мамлакатимиз ҳар бир фуқаросининг ахборот билан боғлиқ ҳуқуқларини таъминлашга хизмат қилади. Ушбу жараёнда аҳолининг барча қатлами манфаатларининг инобатга олиниши муҳим аҳамиятга эгадир. Бундан кейинги фаолиятимизда ҳам Қонунчилик палатасида кўрилаётган қонун лойиҳаларини республикамизнинг барча ҳудудида аҳоли билан фаол мулоқот қилган ҳолда ташкил этишга катта эътибор қаратамиз.


Зиёда АШУРОВА,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn