Ҳаракатлар стратегияси: юксак тараққиётга эришишнинг ҳуқуқий кафолати
  • 26 Июль 2017

Ҳаракатлар стратегияси: юксак тараққиётга эришишнинг ҳуқуқий кафолати

Ўзбекистонда барча жабҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар янада жадал тус олмоқда. Кўзланган марралар эса аниқ. Улар Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 7 февралдаги Фармони билан тасдиқланган 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида тўлиқ акс эттирилган.

Мазкур ҳужжат юридик моҳияти, ҳуқуқий мақомига кўра, Ўзбекистон ҳуқуқ ижодкорлиги соҳасида бутунлай янгилик бўлди. Шу боис ҳам уни, аввало, аниқ ва тўлиқ ўрганиш ҳамда тушуниш катта аҳамиятга эга. Ана шу вазифани бажариш мақсадида таниқли олимлар ва мутахассислардан иборат тарғибот гуруҳлари ташкил қилиниб, улар мамлакатимизнинг барча ҳудудида илмий-амалий семинарлар ўтказдилар. Бу жараён ҳозир ҳам жойларда изчил давом этмоқда.
Айтиш керакки, мазкур ҳужжат лойиҳаси Президентимизнинг сайловолди учрашувларида халқ билан мулоқоти чоғида кўтарилган масалалар, фикрлар, аҳоли талаблари асосида ишлаб чиқилган. Қолаверса, пишиқ-пухта бўлиши учун кенг жамоатчилик, мутахассислар иштирокида, интернет имкониятларидан унумли фойдаланилган ҳолда, унинг муҳокамаси ўтказилди. Чет эллик мутахассислар ҳам ушбу жараёнда фаол қатнашди. Шу йўсинда мингдан ортиқ таклиф ва тавсиялар билдирилди. Бу Ҳаракатлар стратегияси лойиҳаси муҳим демократик қадрият бўлган умумхалқ муҳокамасидан ўтганлигини билдиради. Зеро, мазкур ҳужжатда ифодаланган чора-тадбирлар, ўзгаришу янгиланишлар халқнинг иродаси, орзу-истаклари ҳамда манфаатларининг инъикосидир. Бинобарин, Конституциямизда белгилаб қўйилганидек, халқ давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаидир. У халқимиз томонидан илиқ кутиб олинганлиги ва қизғин қўллаб-қувватланаётганининг асосий сабаби ҳам шунда. Гарчи, Ҳаракатлар стратегияси қонун, деб аталмаса-да, олий юридик кучга эга бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатдир.
Унда белгиланган ташкилий ва ҳуқуқий чора-тадбирлар замирида ислоҳотларни янада чуқурлаштириш асосида халқ фаровонлигини ошириш, давлат ҳамда жамият салоҳиятини бугунги глобаллашув жараёни ва жаҳон бозори конъюнктураси талабларига мос равишда юксалтириш мақсадлари мужассам. Бунга эришиш учун Стратегияда давлат ҳамда жамиятга тааллуқли яқин беш йиллик ривожланиш тамойиллари белгиланган. Улар орасида давлат ва жамиятни доимий равишда модернизация қилиб бориш, ички ҳамда ташқи рақобатдошлик тизимини кучайтириш, давлат бошқарувини жамият функциялари фойдасига либераллаштириш, давлат органларининг халқ билан мулоқот фаолиятини кучайтириш, инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари билан бирга, қонуний манфаатларини ҳам таъминлаш механизмларини такомиллаштириш ҳамда бошқа тамойилларни ажратиб кўрсатиш мумкин.
Ҳаракатлар стратегияси давримизнинг асосий дастуриламали бўлгани учун ижроси ҳар қандай норматив-ҳуқуқий ҳужжат каби умуммажбурий ҳисобланади. Тўғри, унда фуқароларга тааллуқли мажбурият ва вазифалар аниқ ифодаланмаган. Асосан, давлат ҳокимияти органлари ҳамда фуқаролик жамияти институтларига вазифалар юклатилган.
Стратегия Олий Мажлис томонидан қабул қилинган норматив-ҳуқуқий мақомга эга амалдаги миллий дастурлардан жиддий фарқ қилади. Авваламбор, миллий дастурлар умумхалқ муҳокамасисиз қабул қилинган, фақат бирор-бир соҳани ривожлантиришга қаратилган бўлади.
Ҳаракатлар стратегиясини ижро этиш биргина қонун чиқарувчи органга эмас, балки давлат ҳокимиятининг барча тармоғига вазифалар юклайди. Албатта, унда ҳуқуқий давлатнинг асосий принципларидан бири — қонун устуворлиги, яъни янги қонунларни қабул қилиш ҳамда қонунларга асосланиб иш кўришга янада катта эътибор қаратилиб, унга риоя этиш бош масала сифатида белгиланган.
Ҳаракатлар стратегияси қуруқ ғоялар ва кўрсатмалардан иборат бўлмай, аниқ ижро механизмларини ўзида қамраб олган, амалий чора-тадбирларни акс эттирган ҳуқуқий дастуриламалдир. Унда белгиланган тадбирларни амалда бажариш учун нималар қилиш кераклиги, масалан, махсус қонун қабул қилиниши ёки давлат дастури ишлаб чиқилиб, тасдиқланиши ёхуд қуриш, қайта жиҳозлаш ҳамда яратиш ишлари олиб борилиши ва ҳоказолар аниқ белгиланган. Айтайлик, Ҳаракатлар стратегиясида давлат билан хусусий шерикчиликни ривожлантириш ҳақида концептуал қоида мавжуд. Шу қоиданинг амалга оширилишини таъминлаш мақсадида Стратегияни бажаришга қаратилган 2017 йилги Давлат дастурида “Давлат ва хусусий шерикчилик тўғрисида”ги қонунни қабул қилиш кўзда тутилган.
Ҳаракатлар стратегиясининг юридик моҳияти ҳамда аҳамияти тўғрисида гапирар эканмиз, унинг диққатга сазовор яна бир жиҳати яқин беш йилликка мўлжалланганидир. Маълумки, хориж давлатларида 10 йил, 20 йил ва ҳатто, ундан ҳам кўп даврга мўлжалланган стратегик ҳужжатлар ишлаб чиқиш амалиёти учраб туради. Бироқ чет эл тажрибасида бундай ҳужжатларни давлат бошлиғининг ваколат муддатига мўлжаллаб қабул қилиш кенг тарқалган ҳамда бу мантиқан тўғри ҳисобланади. Чунки дунё шитоб билан ривожланаётган ҳозирги даврда узоқ истиқбол учун мақсад қўйиш жуда мушкул.
Хўш, давлат ва жамият ижтимоий-сиёсий ҳамда иқтисодий-маданий соҳаларда шу қадар улкан марраларни кўзлаган экан, бунда биз, фуқароларнинг вазифа ҳамда масъулиятимиз нималардан иборат бўлиши керак? Булар, авваламбор, янгича ишлаш ҳамда янгича яшашда акс этиши лозим. Ишбилармонлик ва тадбиркорлик каби фазилатлар намояндалари бўлишимиз даркор. Бинобарин, Ҳаракатлар стратегияси юксак тараққиётга эришишнинг ҳуқуқий кафолати, десак, мутлақо янглишмаймиз.


Йўлдош ЖЎРАЕВ,
Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети
профессори, юридик фанлар доктори.



Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn