Иш фаолиятимизда лоқайдликка мутлақо йўл қўйиб бўлмайди
  • 25 Июль 2017

Иш фаолиятимизда лоқайдликка мутлақо йўл қўйиб бўлмайди

Ҳаётга, одамлар ичига кирмасдан, улар билан мулоқот қилмасдан, фақат юқоридан туриб топшириқ беришдек номақбул тажриба энди иш бермайди. Ундан бутунлай воз кечиш вақти келди. Президентимизнинг шу йил 12 июлдаги Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ҳамда Ўзбекистон экологик ҳаракати вакиллари иштирокида ўтказган видеоселектор йиғилишидаги маърузасида қатъий таъкидланган ушбу сўзлар айни пайтда ҳудудларда бўлиб ўтаётган халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари сессияларида парламентимиз ҳақиқий демократия мактабига айланиши, ислоҳотларнинг ташаббускори ва асосий ижрочиси бўлиши кераклигини кўрсатмоқда.

Чунончи, Самарқандда парламент аъзолари, вилоят, шаҳар, туман Кенгашлари депутатлари, ҳудудий партия ташкилотлари раҳбарлари, фуқаролар йиғинлари раислари, умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари директорлари ҳамда журналистлар иштирокида халқ депутатлари вилоят Кенгашининг навбатдаги сессияси видеоселектор тарзида бўлиб ўтди.  

Сессияда Президентимиз маърузасида белгиланган устувор вазифаларнинг Самарқанд вилоятидаги ижроси, бу борада халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари ва сиёсий партияларнинг иш услубини тубдан ўзгартириш, аҳоли билан доимий мулоқотни самарали йўлга қўйиш лозимлиги хусусида сўз юритилди.  

Таъкидлаб ўтилганидек, аксарият ҳудудий партия ташкилотларининг иш режалари мавжуд эмас, борларида эса уларнинг ижроси ўз ҳолига ташлаб қўйилган, партия ташкилотлари томонидан ҳисоботлар ҳудуддаги муаммоларни бартараф этишга доир, аниқ таҳлилларга асосланган ҳолда тузилмасдан, аъзолик бадалларидан келган тушумлар, ўтказилган тадбирлар ва ундаги иштирокчилар сони каби рақамларга боғланиб қолган. 

Ҳудудий партия ташкилотлари ва тегишли депутатлик гуруҳлари ўртасида ҳамкорлик жуда қониқарсиз. Халқ депутатлари Тайлоқ, Иштихон, Пастдарғом, Каттақўрғон, Қўшработ ва Оқдарё туманлари Кенгашлари ҳамда бошқа қатор маҳаллий Кенгашлар иши лозим даражада ташкил этилмаган, қабул қилинган қарорлар тартибсиз сақланган, қарорлар ижросининг мониторинги юритилмаган, ушбу ҳужжатларда келтирилган топшириқ ва тавсиялар устидан депутатларнинг назорати йўлга қўйилмаган. Депутатлик сўровларига тумандаги маҳаллий ижроия ҳокимияти органлари томонидан ўз вақтида (ёки умуман) жавоб бермаслик ҳолатлари мавжуд. Айрим доимий комиссиялар ўз ваколатлари ва фаолият йўналишлари хусусида тўлиқ тасаввурга эга эмас. 

Шунингдек, сессияда вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи Ф. Қувондиқовнинг ҳудудда жиноятчиликнинг олдини олиш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ҳолати тўғрисидаги ахбороти тингланди. 

Қайд этилганидек, ўтган давр мобайнида ушбу масала юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармон ва қарорларини бажариш борасида муайян ишлар амалга оширилган. Бироқ ички ишлар органларининг мавжуд куч ва имкониятларидан етарлича фойдаланилмагани боис жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси соҳасида айрим хато ва камчиликларга йўл қўйилган. Чунончи, жорий йилнинг  биринчи ярмида содир этилган жиноятлар сони 1,8 фоиз ошган. Энг ачинарлиси, бошқа турдаги, хусусан, товламачилик, фирибгарлик, одам савдоси, номусга тегиш, безорилик, босқинчилик, вояга етмаганлар, гуруҳлар, аёллар томонидан, маст ҳолатда жиноят содир этиш ҳолатлари, рецидив жиноятлар ҳам кўпайган. 

Сессияда Президентимизнинг тиббиётни ислоҳ қилишга доир Фармон ва қарорлари ижроси юзасидан 2017 йилнинг биринчи ярим йиллигида Самарқанд вилоятида амалга оширилган ишлар, юзага келган муаммолар ҳамда уларни бартараф қилиш чоралари тўғрисидаги масала ҳам муҳокама этилди. 

Шу хусусда ҳисобот берган вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи А. Жўраев ҳамда бошқа депутатлар фикрларидан англашилдики, вилоятда ташкил этилган 28 та оилавий поликлиника ҳудуд аҳолисига 5 та йўналишда — терапевт, педиатр, хирург, акушер-гинеколог, стоматолог мутахассисликлари билан таъминланган ҳолда тиббий хизмат кўрсатмоқда. Аммо Ургут, Пастдарғом, Каттақўрғон туманларида кўзда тутилган оилавий поликлиникалар ташкил қилинмаган. Мақбуллаштирилаётган 64 қишлоқ врачлик пунктининг 42 тасида тез тиббий ёрдам кўрсатиш хизмати йўлга қўйилган. Каттақўрғон, Пастдарғом, Ургут туманларида белгиланган тез тиббий ёрдам шохобчалари ташкил қилинмаган.  Шифокорлар учун уй-жой сифатида қолдирилаётган 101 қишлоқ врачлик пунктининг 12 тасида шифокорлар яшаши учун шароитлар яратилган. Жомбой, Қўшработ, Тайлоқ, Каттақўрғон туманларида белгиланган қишлоқ врачлик пунктларида эса бунинг акси. 

Муҳокама жараёнида ўртага ташланган масалалар юзасидан иштирокчилар ҳам фикр-мулоҳазаларини билдиришди. 

* * *

Халқ депутатлари Хоразм вилояти Кенгашининг навбатдаги сессияси аввалгиларидан фарқли равишда танқидий-таҳлилий руҳда ўтди. Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Сенати аъзолари, халқ депутатлари вилоят, шаҳар, туман Кенгашлари депутатлари, сиёсий партиялар ва жамоат ташкилотлари вакиллари қатнашди.

Ҳеч муболағасиз айтиш мумкинки, бугун мамлакатимизда жамият ҳаётининг барча соҳасини эркинлаштириш ҳамда ислоҳ қилиш жараёнлари изчил давом эттирилмоқда. Бунда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари ва сиёсий партияларнинг ўрни жуда муҳим бўлиб, уларнинг иш услубини тубдан ўзгартириш, масъулиятини янада ошириш ҳаётий заруратдир. 

Сессияда мамлакат раҳбари маърузасида белгиланган устувор вазифаларни амалга оширишда вилоят, туман, шаҳар Кенгашлари фаолиятидаги асосий йўналишлар белгилаб олинди. Халқ депутатлари Боғот тумани Кенгаши намунали Кенгаш этиб белгиланди. Вилоят Кенгашидаги сиёсий партияларнинг депутатлик гуруҳлари ва туман, шаҳар Кенгашларига, Ўзбекистон экологик ҳаракати вилоят бўлими, ҳокимликлар, давлат бошқаруви органларининг ҳудудий бошқармаларига ҳам замон талаблари асосида иш юритиш юзасидан зарур тавсия ва тегишли кўрсатмалар берилди.

Шунингдек, вилоят Кенгаши депутатлари аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш ҳамда ёшлар билан ишлаш соҳаларида  олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар юзасидан мутасадди раҳбарлар ҳисоботларини тингладилар.

Таъкидланганидек, ҳудудда Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикасида бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятини ташкил этишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори  ижросини таъминлаш борасида бир қатор амалий ишлар қилинган. Бу борадаги саъй-ҳаракатлар самарадорлигини ошириш, айниқса, қонунийликни таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, фуқаролар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш борасида прокуратура, ички ишлар ва бошқа мутасадди идоралар, жамоат ташкилотларининг ҳамкорликдаги ишларини янада кучайтириш лозимлиги айтиб ўтилди.

Сессияда тадбиркорлик субъектларига лойиҳа асосида ажратилган ер майдонларини инвентаризациядан ўтказиш ва шартнома шартларини бажармаган тадбиркорлардан ер майдонини олиб, юқори ташаббус билан чиқаётган тадбиркорларга бериш масаласи кўрилди.

Ёшлар манфаатини ҳимоя қилиш, уларни миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, турли мафкуравий таҳдидлардан асраш, йигит-қизлар, айниқса, уларнинг уюшмаган қисми бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш мақсадида спорт ва жисмоний тарбия билан шуғулланишга, ижодий тўгараклар, шунингдек, хорижий тилларни ўргатиш ўқув курсларига кенг жалб этиш бўйича қатор чора-тадбирлар белгиланди.

Йиғилишда Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партияси депутатлик гуруҳи ташаббуси билан сессия кун тартибига киритилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 3 июлдаги “Давлат мулки объектларини кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига сотиш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан ташкил этиладиган кичик саноат зоналарида тадбиркорлик субъектларини жойлаштириш бўйича Хоразм вилоятида амалга оширилаётган ишлар хусусида вилоят ҳокими биринчи ўринбосарининг ҳам ахбороти эшитилди.

* * *

Халқ депутатлари Шеробод тумани Кенгашининг навбатдаги сессиясида сиёсий партиялар ва халқ депутатлари туман Кенгаши фаолияти таҳлил этилиб, тегишли мутасаддиларнинг ахборотлари тингланди. Унда туман ҳокимлиги, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, тегишли давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари қатнашди. 

Сўзга чиққанлар  ҳудудда  мавжуд  муаммоларни ҳал этишда маҳаллий Кенгашлар қонунчиликда белгиланган ваколат ва имкониятлардан етарли даражада фойдаланмаётганини таъкидлаб ўтдилар. Айни чоғда қабул қилинаётган қонунлар, муҳим ижтимоий-сиёсий, иқтисодий аҳамиятга молик давлат ва ҳудудий дастурлар ижросини сўзсиз таъминлашга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш, Кенгаш сессияларида маҳаллий ижроия ҳокимияти органлари мансабдор шахсларининг ҳисобот ва ахборотларини мунтазам равишда эшитиб бориш, партия гуруҳлари, доимий комиссиялар ва депутатларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожига дахлдор долзарб масалаларни ҳал этиш борасидаги ташаббускорлигини ошириш, мавжуд муаммолар бўйича депутатлик сўрови амалиётидан кенг ва унумли фойдаланиш зарурлиги алоҳида кўрсатиб ўтилди.

Сессияда туман ички ишлар бўлими бошлиғининг  ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка  қарши курашиш соҳасида олиб борилаётган ишлар тўғрисидаги ҳисоботи тингланди. Шундан сўнг, аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш ҳамда ёшлар билан ишлаш борасида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар юзасидан соҳа мутасаддилари ҳисобот беришди. 

Музокараларда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида профилактик тадбирларни янада кучайтириш, оила, маҳалла ҳамда таълим муассасалари ҳамкорлигини самарали ташкил этишга доир таклиф ва мулоҳазалар ўртага ташланди. Қишлоқ жойларда оилавий поликлиникаларни зарур тез тиббий ёрдам машинаси ҳамда малакали тиббиёт мутахассислари билан таъминлаш, аҳолининг тиббий маданиятини ошириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш билан боғлиқ долзарб масалаларга алоҳида урғу берилди. Ёшлар, айниқса, уларнинг уюшмаган қисми билан ишлаш услубларини такомиллаштириш, ўсмирларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш, спорт ва турли ижодий, интеллектуал тўгараклар, ўқув курсларини ташкил этиш зарурлигига эътибор қаратилди. 

Бундан ташқари, эрта никоҳ ҳамда ёш оилалар ажралишининг олдини олиш, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, муносиб уй-жой ҳамда ижтимоий-маиший шароитларни яратиш борасида кечиктириб бўлмас вазифалар кўрсатиб ўтилди. Ташаббускор, ишбилармон, ҳалол, фидойи ёш раҳбар кадрларни тарбиялаш, захирасини яратиш ва уларни давлат ҳамда хўжалик бошқаруви органларининг масъул лавозимларига тавсия этиш, халқ депутатлари туман Кенгаши сессияларида ёшлар иштирокини таъминлаш каби муҳим масалалар муҳокамалар марказида бўлди.

Сессиялар якунида кўриб чиқилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

Мамадиёр ЗИЁДИНОВ,

Ойбек РАҲИМОВ,

Илҳом РАҲМАТОВ, 

«Халқ сўзи» мухбирлари.

* * *

Сўз — иштирокчиларга

Эгамберган РЎЗМЕТОВ, Олий Мажлис Сенати аъзоси:

— Мамлакатимиз раҳбари маърузасида таъкидланганидек, маҳаллий Кенгашлар ва унинг доимий комиссиялари фаолиятида жамиятимиз ҳаётига дахлдорлик ҳамда масъулият ҳисси асосий мезон бўлиши керак. Бинобарин, юртимизни ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий юксалтиришда, Президентимизнинг Фармон ва қарорлари, Ўзбекистон Республикаси қонунлари ижросини таъминлаш, жумладан, тадбиркорликни ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш ва аҳоли турмуш даражасини оширишда маҳаллий Кенгашларнинг ўрни ҳамда мавқеи сезилмай қолгани айни ҳақиқат. Маърузада кўрсатилган вазифалардан келиб чиқиб, жойларда депутатлар фаолиятини ўргандик. Ҳақиқатан ҳам камчилик ва нуқсонлар оз эмас. Кўп имкониятлар бой берилганига гувоҳ бўлиш мумкин. Депутатлар ўз ваколатлари доирасида иш юритиб, амалий саъй-ҳаракатлари билан сайловчилар  ишончини оқлаш, жойларда учрайдиган муаммолар ечимини топиш каби долзарб вазифалар асосида фаолият олиб борсалар, айни муддао бўлар эди. Албатта, эндиликда улар танқиддан хулоса чиқариб, ташаббускорлик билан, ўз салоҳиятини намойиш этиш орқали сайловчилар фикрларига таяниб ишлашларига ишонамиз.

 

Ибодулла БОЛТАЕВ, халқ депутатлари Хоразм вилояти Кенгаши депутати, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Шовот тумани кенгаши раиси:

— Тан олишимиз керак, депутат бўла туриб вилоятни иқтисодий ва ижтимоий ривожлантириш бўйича қабул қилинган ҳудудий дастурлардан бехабар эканмиз. Ҳолбуки, биз уларни бажаришда жонкуярлик билан қатнашишимиз керак. Фаоллик, ташаббускорлик депутатнинг юксак фазилати бўлиши лозим. Айни чоғда маҳаллий Кенгаш депутатларига катта ишонч билдирилаяпти. Бу эса зиммамизга улкан масъулият юклаши баробарида, янада ғайрат-шижоат билан фаолият кўрсатишимизни тақозо этади. 

 

Маҳмуд БОБОЁРОВ, халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгаши депутати:

— Дарҳақиқат, маҳаллий Кенгашлар фаолияти Президентимиз таъкидлаганидек, тубдан янгиланишга муҳтож. Айтиш ўринлики, бугун вилоятимиздаги 16 та маҳаллий Кенгашда 300дан зиёд депутатлар фаолият юритаяпти. Лекин одамлар уларни танимайди. Бу —  аччиқ ҳақиқат. Маҳаллий Кенгашлар депутатлари томонидан юборилаётган сўровлар аксарият ҳолларда мурожаат билан чекланаяпти. Бу ҳудуддаги депутатларнинг сиёсий савияси, ҳуқуқий маданиятини ошириш зарурлигидан далолат беради. 

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг сиёсий партиялар ва парламент вакиллари билан бўлиб ўтган учрашувда сўзлаган нутқини тинглаб, фаолиятимизга танқидий таҳлил асосида назар солдик. Депутат сифатида Ватанимиз равнақи, юрт фаровонлиги йўлида ҳали фойдаланилмаган имкониятларимиз, эътиборимиздан четда қолаётган масалалар талайгина эканини тушуниб етдик. 5-6 та депутатлик сўровимиз билан биз депутатмиз, деб юрганимиздан, очиғи, хижолат бўлдик. Давлатимиз раҳбари маърузасида белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, ҳар бир депутат ҳаёт билан ҳамнафас яшаши, давр шиддатига жавоб бериши мақсадга мувофиқдир.  

 

Алишер РЎЗИЕВ, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сурхондарё вилояти кенгаши раиси вазифасини бажарувчи:

— Президентимиз маърузасида билдирилган танқидий фикр-мулоҳазалар жамиятимиз сиёсий ҳаётида том маънода, янги даврни бошлаб берди. Сурхондарёлик ЎзЛиДеП фаоллари ҳам давлатимиз раҳбарининг ушбу маърузасини яна бир бор қунт билан ўрганиб чиқди. Олдимизда турган устувор вазифалар белгилаб олинди. Энди сиёсий партиялар ҳақиқий маънода сиёсий кучга айланиб, барча ваколатдан тўлақонли фойдаланадиган кунларга етдик.  Асосий мақсадимиз воҳанинг олис ҳудудларида истиқомат қилаётган аҳолининг турмуш шароити билан янада яқиндан танишиш, уларни қийнаётган масалаларни атрофлича ўрганиш ва ечим топиш, сайёр қабуллар қамровини янада кенгайтириш, электоратимиз вакилларини қўллаб-қувватлаш, уларга қулай шароитлар яратишдан иборатдир.

Шу ўринда яна бир гап. Депутат халқ вакили ҳисобланади. Президентимизнинг “Депутатга беписандлик — халққа беписандлик” деган сўзлари нақадар ҳаётийдир. Эл-юрт ташвиши ва муаммолари  билан яшайдиган халқ вакилларини қўллаб-қувватлашга доир юксак эътибор ҳамда ғамхўрликдан биз бениҳоят руҳландик. Айтишим мумкинки, бунга жавобан эндиликда астойдил ишлаймиз, ўткир ғоя ва ташаббусларни илгари сурамиз.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn