«Мудраб ётган» сиёсий партиялар уйғониши лозим
  • 18 Июль 2017

«Мудраб ётган» сиёсий партиялар уйғониши лозим

Бугун замоннинг ўзи сиёсий партияларнинг иш услубини тубдан ўзгартириш, уларнинг аҳоли, электорат билан мулоқотини тизимли йўлга қўйишни талаб этмоқда. Энди “мудраб ётган” сиёсий партиялар уйғониши лозим. Улар баландпарвоз гапларни четга суриб, аниқ амалий ишлар орқали одамлар, сайловчилар ишончини қозониши, қалбидан жой олиши зарур. Яқинда Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ҳамда Ўзбекистон экологик ҳаракати вакиллари билан бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида Президентимиз томонидан қатъий таъкидланган ушбу сўзлар сиёсий партияларнинг ўз электоратига берган ваъдаларини ёдга солган бўлса, ажаб эмас. Мухбиримиз шу ҳақда сиёсий партияларнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциялари раҳбарларининг фикрлари билан қизиқди.

Содиқжон ТУРДИЕВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери, ўринбосари, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракцияси раҳбари:

— Давлатимиз раҳбари ўз маърузасида сиёсий партиялар ва депутатлар фаолиятидаги камчиликларни чуқур таҳлил қилди ҳамда аниқ далиллар асосида очиб берди. Амин бўлдикки, бугунги давр эски тартибда ишлаш мутлақо мумкин эмаслигини кўрсатмоқда. Олдимизга қўйилган вазифалар сиёсий партиялардан, айниқса, мамлакатимизда етакчи сиёсий куч бўлган Либерал-демократик партиядан ниҳоятда фаол, фидойилик, жонкуярликни тақозо этади. Афсуски, тадбиркорлар, фермерларни қўллаб-қувватлашда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларда партиямиз томонидан олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар ўзини оқламаётгани кўзга ташланаяпти. Зотан, халқимиз биздан ҳаётимиз фаровонлигини янада юксалтиришга оид янги ташаббусларни кутаётир.

Очиғини айтиш керак, ўтган даврда Президентимизнинг кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш бўйича қатор Фармон ҳамда қарорлари ҳаётга татбиқ этилди. Мисол учун, 2016 йил 5 октябрдаги “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармон билан тадбиркорлик субъектлари фаолиятини режадан ташқари ҳамда жиноят ишлари доирасидаги муқобил текширишларнинг барча тури бекор қилинди. Яна бир муҳим жиҳати шундаки, мамлакат раҳбари томонидан ҳар бир оиланинг тадбиркорликка оид кўникмасини шакллантириш, кам ҳосил берадиган пахта майдонлари ўрнига юқори даромад келтирувчи экспортбоп экинлар экишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Албатта, бу халқ фаровонлиги ҳамда Ватанимиз экспорт салоҳиятини юксалтиришга олиб келади. Тадбиркорликни кучайтириш бўйича Президентимиз илгари сураётган таклифларни шу пайтгача ўйлаб кўришимиз керак эди. Бироқ бизда ташаббускорлик етишмади. Эндиликда ҳаётни чуқур билишимиз, барчасини юрагимиздан ўтказишимиз заруратдир. Партиямиз зиммасида жуда улкан масъулият юки бор. Давлатимиз раҳбари маърузасида фаолиятимизга доир айтилган танқидий фикрлардан тўғри хулоса чиқариб, олдимизга узоқ йилларга мўлжалланган аниқ вазифаларни белгилаб олдик.

 

Сарвар ОТАМУРАТОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси раҳбари:

— Теран таҳлил, аниқ мисолларга асосланган маърузада бизнинг фаолиятимизга ҳам холис баҳо берилди. Бугун олдимизда қанчалик мураккаб ва масъулиятли вазифалар турганини ҳар бир партия, ҳар бир фракция аъзоси, депутатларимиз муфассал англаб етди, десам, асло янглишмайман. Видеоселектор йиғилишидан сўнг жуда кўп телефон қўнғироқлари бўлди. Сиёсий партиямиз ташкил этилганига, мана, тўққиз йил тўлди. Очиғи, биз ҳозиргача ўзимизнинг қатъий позициямизга эга эмасмиз. Партиямиз Ҳаракатлар стратегиясида қўйилган вазифалардан ортда юрибди. Ҳалигача ўзимизнинг дастурларимизга ўзгартириш киритмадик. “Миллий тикланиш” демократик партиясининг асосий вазифаларидан бири, бу — ёшларимизни “оммавий маданият” таъсиридан асраш, ҳимоялаш ҳисобланади. Бироқ бу борада, шунингдек, миллий маданиятимиз, маърифатимизни тарғиб этишда, таассуфки, кўзга кўринадиган иш қилдик, деб айтолмайман. Президентимиз уюшмаган ёшлар билан кўпроқ ишлашимиз кераклигини тўғри таъкидлаб ўтди. Дарҳақиқат, уюшган ёшлар ўз фаолиятини самарали олиб бораяпти. Лекин уюшмаган ёшлар-чи? Ким уларга эътибор қаратади? Очиғини айтсак, хижолатдамиз. Мана, бугун имомларимиз уйма-уй юриб, уюшмаган, диний оқимларга адашиб кириб қолган ёшлар билан учрашиб, суҳбатлар ўтказмоқда. Ушбу жараёнда ички ишлар тизими ҳам жуда яхши фаолият юритаяпти. Биз бу борада ҳам орқада қолдик. Уюшмаган ёшларни ўз мафкурамиз, ғоямизга, энг аввало, биз оғдиришимиз керак. Давлатимиз раҳбари йиғилишда ат-Термизийнинг устози — ал-Бухорийга муносабатини шундай изоҳлаб бердиларки, бу ҳеч қайсимизни бефарқ қолдирмади. Миллий ўзлигимизни янада чуқурроқ англашда буюк аждодларимиз меросини ўрганиш нақадар муҳимлигини ёш авлод қалбига сингдириш партиямиз мақсад ва вазифаларига жуда мос. Бунинг замирида, авваламбор, жаҳолатга қарши маърифат, деган ғоя ётибди. Шу жиҳатдан тарғибот ишларимизда мазкур масалага алоҳида эътибор қаратишимиз мақсадга мувофиқдир.

 

Хатамжон КЕТМОНОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси раҳбари:

— Маърузада сиёсий партиялар фаолиятига оид билдирилган танқидий фикрлар жуда ўринли ва тўғри. Ҳақиқатан ҳам, биз бир қолипга тушиб қолганимизни бугун тушуниб етдик. Сабаби, қонун ижодкорлиги соҳасида ишлаймиз. Лекин бу ҳужжатларнинг жойлардаги ижроси таъминланаяптими ёхуд улар ҳудудларда аҳоли, халқ манфаатларини ҳимоя қилиб, мавжуд масалаларни ҳал этиб бера олаяптими? Ушбу йўналишда биз бир ёқлама ишлаганимизга амин бўлдик. Бинобарин, давлатимиз раҳбари жойларга чиқиб, ҳақиқий аҳволни ўрганмоқда, одамлар билан мулоқот қилиб, асосий эътиборни ижти-моий соҳага қаратаётир. Бу барчамизга намуна бўлмоқда. Биз бундан буён ҳудудларда бўлиб, ижтимоий соҳа тармоқлари, чунончи, шифохоналар, болалар уйларига кириб, мавжуд муаммоларни ўрганиш, номақбул ҳолатларни бартараф этиш бўйича ишлаймиз. Ва бу ўринда ушбу соҳадаги қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, тизимни янада ривожлантириш, имтиёзларни кенгайтириш бўйича ўзимизга аниқ мақсадлар белгилаймиз. Мазкур жараёнда ногиронларнинг тўлиқ рўйхатини шакллантириб, уларни фаол ижтимоий ҳаётга жалб қилиш бўйича мақсадли усулларни ишлаб чиқамиз. Жойларда аҳолининг кам таъминланган қатламларини боқимандалик кайфиятидан чиқаришга энг муҳим йўналишларимиздан бири сифатида жиддий эътибор қаратамиз. Ногирон болаларни махсус адабиёт ва қўлланмалар билан таъминлашни ўзида қамраб олган инклюзив таълим тизимини ривожлантириш, шунингдек, олий ўқув юртларида ногирон болалар учун имкониятларни янада кенгайтириш бўйича ишлар ҳам диққат-эътиборимизда бўлади.

 

Наримон УМАРОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фракцияси раҳбари:

— Маърузада белгиланган вазифаларни мамлакатимизни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг мантиқий давоми, десак, айни ҳақиқат. Буни партиямиз учун, умуман айтганда, жамиятимиз учун ўн, йигирма йиллик стратегик масалалар, деб қабул қилсак бўлади. Президентимизнинг соғлиқни сақлаш тизимини яхшилаш, айниқса, Бешариқ туманида йигирма беш яшарлик аёлнинг шифокорларимиз эътиборсизлиги, инсон ҳаётига бефарқлиги оқибатида қурбон бўлгани ҳақида куйинчаклик билан айтган гаплари бизни чуқур ўйга толдирди. “Адолат” СДП ҳам бунга етарли даражада эътибор бермаган. Очиғини айтиш керак, бизга ҳозирги пайтда кенг имкониятлар яратилмоқда. Фракциямиз аъзоси соғлиқни сақлаш вазири этиб тайинланди. Бу олдимизга қўйилган вазифаларни рўёбга чиқариш учун жуда катта имкон беради. Айни пайтда вазирлик билан ҳамжиҳатликда ишлаб, аҳоли орасига киришимиз, мавжуд муаммоларнинг ечимини топишни ўзимизга мақсад қилиб олдик. Барча соҳада бўлгани каби сиёсий партияларда ҳам кадрлар муаммоси бор. Бу борада мамлакат раҳбари жуда тўғри таклиф берди. Чунки биз ўзимиз ҳам мазкур масалада қониқмаяпмиз. Шулардан келиб чиқиб, партиядаги ходимларни яна қайтадан кўриб, партия ходими этикаси, деган тамойилни киритишимиз керак.

 

Борий АЛИХОНОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, Ўзбекистон экологик ҳаракати депутатлар гуруҳи раҳбари:

— Маърузада экология соҳасида учта энг асосий масала — тоза ичимлик суви, чиқиндиларни қайта ишлаш ва экологик маданиятга эътибор қаратилди. Шу ўринда таъкидлаш жоизки, бир неча ой мобайнида экология соҳасида Юртбошимизнинг тўртта Фармони, олтита қарори чиқди. Мана шу ҳужжатлар экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалаларида тубдан бурилиш ясади, десак, тўғри бўлади. Мана шундай фармонлар, ташаббуслар Президент томонидан олиб борилаётган экан, биз Экоҳаракат депутатлари ўзимизга савол беришимиз лозим. Ахир ушбу масалаларда биз ташаббускор бўлишимиз, мана шу муаммоларни олиб чиқишимиз керак эди-ку. Афсуски, фақат қонун лойиҳаларини ишлаш билан овора бўлиб, аниқ экологик -муаммолар ечимига зарур эътибор қаратмаганмиз. Айни пайтда мамлакат раҳбари томонидан берилган вазифалардан келиб чиқиб, биз Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, маҳаллий Кенгашлар, маҳаллий ҳокимият органлари вакиллари, жамоатчилик, мутасадди вазирлик ва идоралар, ташкилотлар билан ҳамкорликда янги дастур ишлаб чиқишга киришдик. Президентимиз ҳудудларга борганда, фуқаролар саломатлигини, энг аввало, аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш, чиқиндиларни, айниқса, маиший чиқиндиларни бартараф этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратаяпти. Шуларни инобатга оладиган бўлсак, амалий ишларга ўтиш даври келди, деб ҳисоблаймиз. Ҳозирги пайтда депутатлар, Экоҳаракат ва мутасадди вазирликлар билан биргаликда мамлакатимизга мазкур соҳада юқори технологияларга эга бўлган корхоналарни қуриш масаласида иш олиб бораяпмиз. Мисол учун, айни вақтда Беларусь Республикасининг экотехника компа-нияси билан биргаликда Ўзбекистонда қиймати 5 миллион АҚШ долларига тенг бўлган, чиқиндиларни қайта ишлайдиган ускуналар ишлаб чиқарадиган корхона қуриш масаласини ўртага ташладик ва бу борада ишга киришдик. Ўйлайманки, мазкур йўналишда янада кенг қамровли фаолият олиб борамиз.

Зиёда АШУРОВА

ёзиб олди.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn