Парламент фаолияти самарадорлиги маҳаллий Кенгашлардан бошланади
  • 18 Июль 2017

Парламент фаолияти самарадорлиги маҳаллий Кенгашлардан бошланади

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ҳамда Ўзбекистон экологик ҳаракати вакиллари иштирокидаги видеоселектор йиғилишида қилган маърузасида халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари фаолияти асосли таҳлил этилди, уларнинг олдидаги устувор вазифалар белгилаб берилди. Бу мухбирларимиз билан суҳбатда бўлган сенаторлар, маҳаллий депутатлар томонидан алоҳида таъкидланмоқда.

 

Камила КАВЛАНОВА, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси:

— Президентимизнинг сиёсий партиялар, парламент аъзолари билан самимий мулоқоти, том маънода, муҳим воқеа бўлди, -десак, муболаға эмас. Танқидий-таҳлилий маъруза биз, парламент аъзолари учун келгуси ишларимизга дастуриламал бўлиб хизмат қилади. Унда илгари сурилган ғоялар, ташаббуслар, янги йўналишлар, албатта, қонунчиликда ўз аксини топади.

Президентимизнинг куйинчаклик билан билдирган фикрлари, ўринли танқидлари, ҳаётий таклифлари ҳам сиёсий партиялар, ҳам миллий парламентимиз фаолиятида туб бурилиш ясайди, деб ўйлайман. Чунки мажлисдан барча депутат ва сенаторлар чуқур ўй-мулоҳаза билан чиқдик. Хўш, биз, халқ вакиллари намояндалари давлатимиз раҳбари бошчилигида мамлакатда амалга оширилаётган туб ислоҳотлар шиддатига мос равишда қадам ташлаяпмизми? Депутат ҳамда сенаторлар ўз амалий саъй-ҳаракатлари билан бошқаларга намуна бўла олаяптими?

Ҳақиқатан ҳам, ушбу саволларни ўз олдимизга қўйиб, белгилаб берилган вазифаларни танқидий сарҳисоб қилиб, мазкур соҳада яна қандай ишларни бажаришимиз, қандай янгича ёндашув зарурлигини чуқур англаб етишимиз лозим. Ушбу теран мулоҳазалар асосида фаолиятимизни қайтадан кўриб чиқиб, ўзимизга тегишли чора-тадбирларни белгилаймиз.

Ахир қачонгача оғир меҳнат, катта маблағ талаб қилмайдиган айрим кичик масалаларни ҳам давлатимиз раҳбари бизга айтиши керак? Бугун замоннинг ўзи, сайловчиларимиз биздан шуни талаб қилаяпти-ку! Оддий мисол, ҳозирги кунда интернет турмушимизнинг ажралмас қисми сифатида миллионлаб кишилар учун асосий ахборот олиш воситасига айланиб қолди. Шу маънода, ишларимиз ҳақида сайловчиларни хабардор этиб бориш учун унинг имкониятларидан кенг фойдаланиш чораларини кўрамиз. Ҳақли равишда эътироз билдирилганидек, бугун дунёдаги кўпгина мамлакатлар аллақачон мазкур тизимга ўтган.

Хулоса ўрнида айтганда, биз эндиликда халқимиз, ҳудудлардаги аҳоли билан бирга уларнинг муаммоларига амалий ечим излаймиз, бу борада қабул қилинаётган қарорлар сифати ва таъсирчанлигини оширишга астойдил интиламиз.

 

Толибжон МАДУМАРОВ, Олий Мажлис Сенатининг маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари фаолиятини кучайтиришга кўмаклашувчи комиссияси раиси, сенатор:

— Президентимиз маърузасида Сенат фаолиятининг кўплаб йўналишлари асосли танқид қилинди. Таъкидланганидек, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларида сифат ҳамда самарадорлик бўлмас экан, парламент, хусусан, Сенат ишида ҳам ижобий натижага эришиб бўлмайди. Бу оддий ҳақиқат. Шу боис Сенат ҳузурида маҳаллий Кенгашларга кўмаклашувчи комиссия фаолияти йўлга қўйилган. Лекин аён бўлдики, биз маҳаллий Кенгашларга ҳали том маънодаги амалий ёрдамни кўрсатиб, кўмаклашганимиз йўқ. Бирон-бир маҳаллий Кенгашни намунали кенгаш сифатида шакллантира олмадик. Биз ўзимиз учун хулоса чиқариб, ушбу йўналишдаги фаолиятимизни бутунлай қайтадан кўриб чиқамиз.

Авваламбор, жойларга чиқиб, маҳаллий Кенгашлардаги доимий комиссиялар фаолиятини чуқур ўрганиб, ўша ердаги депутатларга амалий ёрдам кўрсатишга алоҳида урғу берамиз. Бунда ҳар йилнинг якуни бўйича аниқ мезонлар асосида мамлакатимиз бўйича халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашлари орасидан 14 та, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳри вакиллик органлари ўртасидан эса битта намунали кенгашни аниқлаб, уларни рағбатлантириш, бошқа туман Кенгашларини ҳам навбат билан тайёрлаб бориш механизмини, унинг низомини ишлаб чиқиш ҳамда зарур услубий қўлланмаларни тайёрлаш масаласига асосий эътиборни қаратамиз.

Шу ўринда яна бир масала. Ички ишлар органлари тизимида ислоҳотларни ҳаётга татбиқ этишда мавжуд вазиятни яхшилаш, яъни мазкур жараёнда парламент ва жамоат назоратини таъминлаш парламент юқори палатасига юклатилган эди. Ҳозирги кунда бу борада муайян ишлар бажарилмоқда. Лекин Президентимиз ҳам, ўзимиз ҳам амалга оширилган ишлардан ҳали тўлиқ қониққанимиз йўқ. Биз ҳар бир маҳаллага кириб, шу ернинг ўзида жиноятчилик, ҳуқуқбузарликни илғайдиган мустаҳкам тизим яратишимиз керак. Маърузада Наманган шаҳридаги Орзу маҳалласи таянч пунктида қисқа муддатда катта ишлар қилингани, эришилган натижалар ҳақида таъкидланди. Демак, биз ишчи гуруҳ билан туманлардаги илғор маҳаллалар билан кўпроқ шуғулланиб, муаммолари мавжуд фуқаролар йиғинларидаги ишларга алоҳида амалий муносабат билдиришимиз лозим.

 

Шуҳрат ИСМАТОВ, халқ депутатлари Бухоро вилояти Кенгаши депутати:

— Мамлакатимиз раҳбари маърузасидаги партиялар фаолиятига оид танқидий фикр-мулоҳазалар, депутатларнинг нуфузини ошириш борасидаги таклифлар ҳеч биримизни бефарқ қолдирмади.

Бугунги кунда 190 та маҳаллий Кенгашда 6 мингдан зиёд депутатлар ва 1 минг 200 дан ортиқ доимий комиссиялар, 750 дан кўп партиялар депутатлик гуруҳлари фаолият юритаяпти. Улар — халқ вакиллари сифатида одамлар дарди билан яшаши лозим бўлган, давлат сиёсатини энг қуйи нуқталарга етказадиган, жойларда муаммоларни беш қўлдек биладиган катта сиёсий куч. Аммо бу, афсуски, фақат гап-сўзда қолиб кетаяпти, холос. Агар давлат ҳокимияти вакиллик органлари қуйи бўғинда самарали ишласа, миллий парламентимиз фаолияти ўз-ўзидан жонланади, халққа яқинлашади.

Дарвоқе, маърузани тинглаётганда, беихтиёр депутатлик фаолиятим кўз олдимга келди. Одамлар ўй-ташвишларини енгиллаштириш мақсадида катта-кичик ташкилотларга борганимда, баъзиларнинг “Тинчгина юрмайсизми? Шу иш сизга зарур келибдими?” қабилидаги гап-сўзларини эшитганмиз. Биз кўтариб чиқмоқчи бўлган масалалар баъзан эътибордан четда қолгани ҳам рост гап. Муҳими, эндиликда бу каби нохуш ҳолатларга қонун йўли билан тўсиқ қўйилади.

Депутат сифатида 10 йиллик иш тажрибасига эга киши сифатида айта оламанки, Президентимизнинг “Депутатга беписандлик — халққа беписандлик, деб баҳоланиши шарт. Халқни ҳурмат қилмаган, депутатлик ваколатини амалга оширишга тўсқинлик қилган ҳар қандай мансабдор шахс қонун олдида жавоб беради”, деган сўзлари ўз вазифамизга муносабатимизни тубдан ўзгартиради. Халқ вакилларини сайловчилар ўй-ташвишлари билан яшашга, ёшлар таълим-тарбияси, тадбиркорликни ривожлантириш, бандлик, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, айниқса, жамоатчилик назоратини ўрнатиш каби қатор масалалар билан жиддий шуғулланишга ундайди. Эртанги кунга ишончимизни, обрў-эътиборимизни мустаҳкамлайди. Сирасини айтганда, сидқидилдан, самарали ишлаган депутатлар бир умр эл-юрт, давлатимиз эъзозида бўлади.

«Халқ сўзи» мухбирлари

Қобил ХИДИРОВ,

Истам ИБРОҲИМОВ ёзиб олди.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn