Солиқ тизимидаги янгиланишлар тадбиркорлик ривожида ҳал қилувчи ўрин тутади
  • 11 Июль 2017

Солиқ тизимидаги янгиланишлар тадбиркорлик ривожида ҳал қилувчи ўрин тутади

Мустақиллик йилларида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик Ўзбекистон иқтисодиёти ўсишида асосий ҳаракатлантирувчи кучга айланди.

Жадал суръатда ривожланаётган мазкур секторни қўллаб-қувватлаш борасида мамлакатимиз раҳбарияти томонидан кўрилган амалий чора-тадбирлар, яратилган қулай ишбилармонлик муҳити туфайли 2000 йиллар бошида кичик бизнеснинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши қарийб учдан бир қисмни ташкил этган бўлса, 2016 йил якунларига кўра, бу кўрсаткич 56,9 фоизга етказилиб, саноатда 45, экспортда  28,5, бандликда 78,1 фоизга тенг бўлди.

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг самарали ривожланиш омиллари ҳақида сўз борар экан, солиқ соҳасидаги туб ўзгаришлар мазкур жараёнга сезиларли таъсир кўрсатганини айтиб ўтиш жоиз. 

Халқаро тажрибадан маълумки, айнан солиқ сиёсати тадбиркорлик тақдирини белгилашда муҳим ўрин тутади. Солиқ юкининг ҳаддан зиёд бўлиши тадбиркорлар ташаббусини йўққа чиқариши ҳеч гап эмас. Аксинча, солиқларнинг қисқартирилиши ишчанликни рағбатлантирувчи кучли омилдир. Ўзбекистонда истиқлол йилларида солиқ қонунчилигини такомиллаштириш бўйича тизимли ишлар олиб борилиб,  солиқ юкини босқичма-босқич камайтириш, ушбу тизимни соддалаштириш ҳамда солиқ тўловчилар фаолиятини асоссиз аралашувлардан ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратилди. Бу ислоҳотларнинг аҳамиятини англаш учун аниқ мисолларга мурожаат қилсак.

Агар 1992 йилда корхоналарнинг фойда солиғи ставкаси 45 фоиз бўлган бўлса, 2016 йилга келиб у 7,5 фоизни ташкил этди. Тегишли равишда ягона ижтимоий тўлов ставкаси шу даврда 40 фоиздан 25 фоизга, микрофирма ва кичик корхоналар учун эса 15 фоизгача туширилди. Жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг энг юқори қиймати 60 фоиздан 23 фоизгача қисқартирилди. 2015 йилдан бошлаб кам даромад топадиган жисмоний шахслар учун энг кам иш ҳақининг бир баравари миқдорида даромад солиғининг нолинчи ставкаси белгиланди. Бунга қўшимча сифатида айтиш лозимки, истеъмол талабини рағбатлантириш, товар ишлаб чиқариш, иш ва хизматлар кўрсатишни кенгайтириш мақсадида ҚҚС 30 фоиздан 20 фоизгача туширилди. Солиқ юкини пасайтириш, солиқ имтиёзлари бериш ҳисобига йилига ўртача 9 триллион сўмдан зиёд маблағ 50 мингдан ортиқ корхоналар ихтиёрида қолдирилмоқда. 

1997 йилдан бошлаб кичик бизнес субъектлари учун ягона солиқ тўловининг жорий этилиши ҳам соҳа ривожи учун қўшимча рағбат бўлди. Бу тўловнинг ставкаси илгари умумий даромад ҳажмининг 15,2 фоизини ташкил этган бўлса, ҳозирги вақтда 5 фоизгача қисқарган. 

Давлат бюджети даромадларини шакллантиришнинг ягона ва мувофиқлашган тизимини яратишда 2008 йилдан кучга кирган янги таҳрирдаги Солиқ кодекси муҳим роль ўйнади. Унда солиқ тўловчиларнинг қонуний ҳуқуқлари ҳимоясини янада кучайтириш, уларни назорат қилувчи органларнинг қонунга зид хатти-ҳаракатларидан ҳимоялашни яхшилаш, шунингдек, солиқ ва мажбурий тўловларни ҳисоблаш ҳамда тўлаш тартиблари бўйича механизмни такомиллаштириш каби масалалар кўзда тутилган. 

Солиққа тортиш соҳасини ислоҳ қилиш натижасида Давлат бюджетининг солиқ тушумлари умумий ҳажми ЯИМга нисбати, яъни солиқ юки сифатида қўлланиладиган кўрсаткич 1992 йилдаги 49,3 фоиз ўрнига 2016 йилда 20,6 фоизни ташкил этди. Бу эса, табиийки, тадбиркорликнинг ривожланишига хизмат қилди. Шу ўринда солиқ юки кўпгина мамлакатларда Ўзбекистондагидан анча юқори эканини қайд этиш жоиздир.

2017 йилда амалдаги солиққа тортиш тизимида тадбиркорлик фаолиятига тегишли айтарли ўзгаришлар юз бергани йўқ. Тадбиркорлик субъектлари тўлайдиган асосий солиқ ставкалари ва мажбурий тўловлар 2016 йил даражасида қолди. 2017 йилнинг 1 январидан бошлаб фуқароларнинг бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига ўтказадиган суғурта бадаллари 7,5 фоиздан 8 фоизгача ортди. Акциз солиғи, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ва ер солиғи бўйича айрим ставкалар индексация қилинди. 

Президентимизнинг 2017 йил 7 февралдаги Фармони билан тасдиқланган  2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг муҳим йўналишларидан бири — иқтисодиётни янада ривожлантириш ва либераллаштириш иқтисодиётда давлат иштирокини камайтириш бўйича институционал ҳамда таркибий ислоҳотларни давом эттириш билан боғлиқ.

Шу муносабат билан таъкидлаш ўринлики, яратилган имтиёзлар тадбиркорлик фаолиятининг сифат жиҳатидан ўсиши учун ҳамон етарли эмаслиги тажрибада аён бўлмоқда. Бу, асосан, солиққа тортиш соҳасида учраётган муаммолар билан боғлиқ. Хўш, улар айнан қайсилар?

Мутахассислар энг муҳим муаммолардан бири сифатида қуйидаги ҳолатни мисол қилиб келтиришади: йирик ва кичик корхоналарда солиқ юки даражаси сезиларли миқдорда, яъни тармоғига боғлиқ ҳолда икки баравардан тўрт бараваргача -фарқланади. Шу боис кичик бизнес вакиллари йирик тадбиркорлар сафига ўтишдан манфаатдор эмас. Катта корхоналар эса яна ҳам йириклашишга эмас, балки аксинча — солиққа тортишнинг соддалаштирилган тартибидан фойдаланиш учун майдалашишга ҳаракат қилишади.

Иқтисодчилар бошқа долзарб муаммоларни ҳам қайд этишмоқда. Масалан, миллий қонунчилигимизда ўрта бизнес тоифаси белгилаб қўйилмаганлиги сабабли ўрта корхоналар учун алоҳида солиққа тортиш тизими ҳам мавжуд эмас. Натижада кичик корхоналар ўз ходимлари сонини кўпайтириш ҳисобига ишлаб чиқариш салоҳиятини оширишга интилмайдилар. Бу эса уларга ички ва ташқи бозорда корпорация, фирмалар билан рақобатлашишга имкон бермайди. 

Шунингдек, йирик корхоналар олдида ҳам тўсиқлар мавжуд. Чунончи, олинган фойдадан учта мажбурий тўлов тури қўлланилиши тартиби жорий этилган бўлиб, бу ҳолат ишлаб чиқариш жараёнининг ҳар бир босқичида харажатлар ортиб бориши сабабли меҳнат тақсимоти ва саноат ишлаб чиқаришини ихтисослаштириш каби афзалликларни амалга оширишни чеклайди. Мазкур тўловлар ҚҚСни ҳисоблаб чиқишда солиққа тортиладиган базага киритилади ва пировардида улгуржи ҳамда чакана нархларга таъсир кўрсатади.

Шундай қилиб, санаб ўтилган ва бошқа муаммоларнинг мавжудлиги ҳисобга олинса, айни вақтдаги йирик ҳамда кичик тадбиркорликка тегишли солиққа тортиш тизими миллий иқтисодиётимизда тармоқлараро кооперация алоқаларини ривожлантиришда муайян қийинчиликларни келтириб чиқармоқда. Давлатимиз раҳбарининг мамлакатимизни 2016 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий якунлари ва 2017 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисидаги маърузасида айтиб ўтилганидек, охирги 10 йил мобайнида минерал ўғитлар, ёқилғи-мойлаш материаллари ва уруғлик нархининг ўсиши билан пахта хом ашёси ҳамда ғаллани харид қилиш нархлари ўсиши ўртасида кескин тафовут борлиги кузатилмоқда. Яъни иқтисодиётга жорий этилаётган тартибга солувчилар, шу жумладан, солиққа тегишли тартибга солувчи механизмлар тармоқлараро товар -айирбошлашда барқарор, мувофиқлаштирилган улгуржи бозор нархларини шакллантиришга хизмат қилмаяпти. 

Демак, истиқболдаги устувор вазифаларни ҳал этиш масаласи солиққа тортиш тизимини ҳозирданоқ янгилашни талаб қилмоқда. Мутасадди вазирликлар айни пайтда ортиқча ва эскириб қолган, қўлланишда мураккабликлар туғдираётган қонунчилик меъёрларини бартараф этиш, шунингдек, солиқни ҳисоблаш тартиб-таомилларини соддалаштириш, солиқ турларини ҳамда ягона базадан олинадиган бошқа мажбурий тўловларни унификациялаш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқишаётир. 

Жумладан, яқин келажакда солиққа тортиш тизимини такомиллаштириш йўналишларидан бири сифатида йирик корхоналар учун, айниқса, юқори даражада қайта ишлаш натижасида маҳсулот ишлаб чиқарувчи корхоналар фаолиятида солиқ юкини камайтиришни мисол қилиб  келтириш мумкин.

Иқтисодиёт тармоқларига айрим турдаги солиқ ва мажбурий ажратмалар бўйича солиқ юкининг бошланғич кўрсаткичини жорий этиш ижобий натижа берган бўлар эди. Ўрта бизнес субъектлари учун кичик корхоналарга нисбатан юқорироқ солиқ юкини белгилаган ҳолда, солиққа тортишнинг соддалаштирилган тартибини кўзда тутувчи мезонларни амалга киритиш ҳақида ҳам таклифлар бор. Мутахассисларнинг яна бир фикри эътиборга лойиқ: акциз солиғи, ҚҚС ва четдан олиб келинаётган маҳсулот учун божхона божини белгилашда айнан шу товар Ўзбекистонда ишлаб чиқариладими, мамлакатимизда рақобат жиҳатидан устунлик борми-йўқми каби омиллардан келиб чиқиш зарур. Экспорт товарлари учун эса, уларнинг технологик занжирдаги ўрнига мутаносиб равишда фарқли солиқ ставкаларини белгилаш ҳам юқори даражада қайта ишлаш жараёнларини кенгайтириш учун шарт-шароит яратади. 

Солиққа тортиш тизимини такомиллаштиришга қаратилган бошқа таклифлар ҳам мавжуд. Уларни рўёбга чиқариш ишчанлик муҳитини фаоллаштириш ва тадбиркорларнинг мамлакат иқтисодиётига қўшаётган ҳиссасини янада кўпайтиришда қўл келган бўлар эди.

Сергей ВОРОНИН,

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти лойиҳа раҳбарининг ўринбосари, иқтисод фанлари доктори.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn