Ҳаётий қонунлар, таъсирчан парламент назорати — фаолият мезони
  • 11 Июль 2017

Ҳаётий қонунлар, таъсирчан парламент назорати — фаолият мезони

Бугун депутат ва сенаторларимиз ҳар ойда 10 — 12 кун давомида муайян туманда бўлиб, одамлар билан тўғридан-тўғри мулоқотга киришмоқда, жойлардаги ҳақиқий ҳолатни ўрганмоқда. Парламент назоратининг мазкур таъсирчан механизми кўплаб муаммоларнинг келиб чиқиш сабаблари ва шарт-шароитларини аниқлаш имконини бераяпти. Хўш, бу ўрганишлар парламент томонидан қабул қилинаётган қонунларнинг ҳаётийлигига, пухта-пишиқлигига қандай таъсир кўрсатмоқда?

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси ўринбосари С. Артикова Халқаро пресс-клубнинг парламент юқори палатаси фаолияти олти ойлик якунларига бағишланган навбатдаги мажлисида қайд этганидек, бу амалиёт қонун ижодкорлигига ижобий таъсир кўрсатмоқда. “Жорий йилда парламент томонидан қабул қилинган қонунларга деярли шарҳ керак эмас. Улар равон, лўнда, тушунарли тилда ёзилган. Бу жойларда халқ билан очиқ ва самимий мулоқот олиб борилаётгани самарасидир”, деди сенатор.

Шуни қайд этиш керакки, ўтган даврда Олий Мажлис Сенатининг иккита ялпи мажлиси бўлиб ўтди. Уларда 16 та қонун муҳокама этилди. Мазкур қонунларнинг 2 таси янгидан ишлаб чиқилган, 8 таси амалдаги қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, 6 таси халқаро ҳужжатни ратификация қилишга тааллуқлидир. Халқ билан очиқ мулоқот, бундан ташқари, қўмиталар томонидан ўтказилаётган назорат-таҳлил тадбирлари амалдаги қонун ва норматив ҳужжатлар ижросидаги камчиликлар, тўсиқлар, амалиётдаги номутаносибликларни аниқлаш имконини бераяпти. 

Сенат қўмиталари томонидан 6 та қонун ижросини таъминлаш мақсадида қонуности ҳужжатлари қабул қилиниши ҳолати мониторинги олиб борилди. Ушбу қонунларда жами 100 га яқин ҳаволаки нормалар мавжуд бўлиб, уларнинг 60 дан зиёди рўёбга чиқарилган, яъни тегишли қонуности ҳужжатлари қабул қилинган, қолганлари юзасидан эса Сенат қўмиталари томонидан Вазирлар Маҳкамаси ҳамда бошқа мутасадди идоралар билан ҳамкорликда тегишли ишлар амалга оширилмоқда. “Албатта, шу ўринда  табиий савол туғилади: ҳаволаки нормасиз қонун яратиб бўлмайдими? Айтиш жоизки, ҳар қандай нормани ҳам қонунда ифода этиш мушкул. Масалан, “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Қонунда чиқинди меъёрларини “тегишли орган белгилайди”, деб кўрсатилган. Маълумки, бундай меъёрлар кун сайин ўзгариб боради ва уларни бир қонунда акс эттириб бўлмайди”, деди Сенатнинг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси Б. Матмуратов.

Сенатнинг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси ҳам ижтимоий соҳаларга оид қонунчилик, назорат-таҳлил фаолиятини амалга ошириб келаяпти. Бунда Ҳаракатлар стратегиясининг Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида амалга оширилишига оид Давлат дастури, жумладан, унинг ижтимоий йўналишида белгиланган чора-тадбирлар бажарилиши устидан ҳам доимий равишда парламент назорати олиб борилмоқда. “Таълим муассасаларида ўқитиш сифатини ошириш, битирувчиларни ишга жойлаштириш, мамлакатда фармацевтика саноатининг жадал суръатларда ривожланишини таъминлаш мақсадида хусусий мулк ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, замонавий бизнес-таълим талабларини жорий қилиш каби долзарб масалаларга қўмитамиз алоҳида эътибор қаратмоқда”, деди мазкур қўмита раиси З. Низомхўжаев. 

Қўмита фаолияти ижтимоий соҳаларни қамраб олгани боис олий таълим муассасаларига тўлов-контракт пулининг оширилган ставкаси бўйича қўшимча қабулни амалга ошириш келажакда кадрлар салоҳиятига салбий таъсир кўрсатмайдими, деган саволга сенатор шундай жавоб берди: “Бу келажакда кадрлар етишмовчилигининг олдини олишга ижобий таъсир кўрсатади, чунки иш ўрни учун рақобат кучаяди, натижада иш сифати ҳам ошади”.

Маълумки, Президентимиз ташаббуси билан Сенатнинг ички ишлар органларининг жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси борасидаги фаолияти устидан парламент ва жамоатчилик назоратини амалга ошириш комиссияси ҳамда жойларда ҳудудий комиссиялар ташкил қилинди. Шу кунга қадар Сенат комиссияси ҳамда ҳудудий комиссиялар томонидан 56 та туман ва шаҳарда жиноятчилик ҳамда ҳуқуқбузарликлар аҳволи ўрганилди. Ўрганиш якунлари маҳаллий Кенгашлар сессияларида муҳокама этилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди. Жиноятчиликнинг олдини олиш мақсадида “профилактика куни”ни барча корхона, ташкилот ва муассасаларда ўтказиш амалиёти жорий этилди.

Тўпланган тажрибадан келиб чиқиб, кейинчалик бошқа вилоятларда ҳам татбиқ қилиш мақсадида Тошкент вилоятининг 12 та туманида жиноятчиликка қарши курашишнинг янги механизми синовдан ўтказилди. “Амалга оширилган ишлар натижасида ҳудудда жиноятчилик жорий йилнинг июнь ойида ўтган йилнинг шу давридагига нисбатан 42 фоиз камайишига эришилди”, деди сенатор Т. Мадумаров.

Халқаро пресс-клубда нафақат Сенатнинг қонунчилик ва назорат-таҳлил фаолияти, айни пайтда ижтимоий-иқтисодий соҳаларда кечаётган ислоҳотлар ҳақида ҳам сўз борди. Жумладан, Марказий банк вакили қайта молиялаш ставкасининг 9 фоиздан 14 фоизга оширилгани сабаблари тўғрисида маълумот берди. Қайд этилишича, жорий йилда тижорат банклари томонидан катта миқдорда кредитлар ажратилди. Кредит қўйилмалари ҳажми аввалги йиллардагига қараганда ниҳоятда ошиб кетди. Биргина ярим йилликнинг ўзида ушбу кўрсаткичнинг ўсиш даражаси 45,6 фоизни ташкил қилди. Фақатгина кичик бизнес субъектларига ярим йилликда 10,2 триллион сўм, йирик инвестициявий лойиҳаларни молиялаштириш учун 7,2 триллион сўмлик кредитлар ажратилди. “Марказий банк бошқаруви давлатимиз раҳбари томонидан банк тизими олдига қўйилган вазифаларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш мақсадида қайта молиялаштириш ставкасини кўтариш бўйича қарор қабул қилди. Бунда асосий мақсад мамлакатда инфляция даражаси ўсишининг олдини олиш, инфляциявий хатарларни чеклаш ва энг асосийси, истеъмол бозоридаги нархлар ўсиб боришининг олдини олиш ҳисобланади”, деди Марказий банк департаменти директори ўринбосари З. Азимов.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Сенатнинг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси ташкил этилиб, халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ҳамда туризм соҳасидаги қонун ҳужжатларининг, дастурлар, режаларнинг марказда ва жойларда рўёбга чиқарилиши устидан мунтазам парламент назоратини амалга ошириш, шунингдек, ушбу соҳадаги халқаро ҳуқуқ нормаларини миллий қонун ҳужжатларига татбиқ этиш, юртимизнинг халқаро нуфузини мустаҳкамлаш, халқаро майдонда республикамизнинг иқтисодий манфаатларини илгари суриш бўйича вазифалари белгилаб берилган эди. Халқаро пресс-клуб мажлисида бу борада фаол иш олиб борилаётгани қайд этилди.

Қўмита фаолиятида ташқи иқтисодий алоқаларни ривожлантириш, хорижий инвестициялар, хусусан, халқаро молия институтлари ресурсларини жалб этишга қаратилган саъй-ҳаракатларга алоҳида урғу берилмоқда. Ҳозирги вақтда мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга йўналтирилган лойиҳаларни амалга ошириш учун Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Европа инвестиция банки ва бошқа институтлар ресурсларини жалб этиш бўйича фаол музокаралар, амалий тадбирлар ўтказилаяпти. 

Қўмита ҳузурида ташқи иқтисодий алоқаларни ривожлантириш, хорижий инвестицияларни жалб қилиш бўйича мавжуд муаммоларни ўрганиш юзасидан махсус эксперт гуруҳлари иш олиб бораяпти. “Хорижий парламентлар билан алоқаларни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу йилнинг ўзида олти давлат парламентлари билан дўстлик гуруҳлари ташкил этилгани диққатга сазовор”, деди қўмита аъзоси Б. Асадов.

Халқаро пресс-клуб мажлисида, шунингдек, парламент фаолиятининг турли жабҳалари бўйича савол-жавоб бўлди, сенаторлар мамлакатимизда кечаётган ислоҳотлар юзасидан ўз нуқтаи назарларини баён қилдилар.

Қизғин мунозаралар чоғида сенаторлар бундай очиқ мулоқотлар мунтазам ўтказилишини қайд этдилар. 

Қобил ХИДИРОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn