Ўзбекистон фуқаролари ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш — бош мақсад
  • 06 Июль 2017

Ўзбекистон фуқаролари ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш — бош мақсад

Ўзбекистон ўз фуқароларининг, улар қаерда бўлишмасин, манфаат ва ҳуқуқларини ҳимоя қилади. Шу масала Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловнинг хориждаги ватандошлар билан тўғридан-тўғри мулоқотининг асосий мазмуни бўлди, десак, муболаға эмас.

Халқаро пресс-клубда ташкил этилган мулоқотда мутасадди вазирлик ҳамда идоралар, мамлакатимизнинг хориждаги 50 га яқин дипломатик ваколатхоналари вакиллари онлайн режимида фуқароларимиздан келиб тушган саволларга жавоб қайтариш билан бирга, уларни ўйлантираётган муаммоларни ҳал қилишни назоратга олишди.

Қайд этилганидек, Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида чет элда фуқароларимиз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамда уларнинг қонуний манфаатларини таъминлаш Ташқи ишлар вазирлигининг устувор вазифаси ҳисобланади. Вазирликка ўтган йилнинг октябрь ойидан то бугунги кунгача бўлган даврда жисмоний ва юридик шахслардан 6,5 мингдан зиёд аризалар келиб тушган. Улардан 3 мингга яқини Президентнинг виртуал қабулхонасига, қарийб 3,5 мингтаси ташқи ишлар вазирининг виртуал қабулхонасига, Ягона интерфаол хизматлар портали, вазирликнинг фейсбук тармоғидаги расмий саҳифаси ҳамда электрон почта орқали келган.

Мурожаатлар таҳлили шуни кўрсатаяптики, фуқароларимиз шахсни тасдиқловчи ҳужжатлар йўқолган ҳолатларда Ватанга қайтиш гувоҳномасини расмийлаштириш, эски намунадаги ёки ҳақиқийлик муддати ўтиб кетган паспортларни янги биометрик паспортга алмаштириш, чет элда вафот этган туғишганлари ва яқин қариндошларининг ўлим сабабларини аниқлаш, хорижий давлатлар ҳудудларида Ўзбекистон фуқароларига нисбатан қўзғатилган жиноий ишларнинг холис олиб борилишини таъминлашда ёрдам кўрсатиш, алимент ҳамда нафақалар олиниши, шартнома мажбуриятлари бажарилиши каби масалаларда кўмаклашиш бўйича мурожаатлар қилишган.

 

Чет элдаги юртдошларимизга қулайлик яратилади

А. Комилов хорижий давлатлардаги юртдошларимизга қулайлик яратиш ва уларга консуллик-ҳуқуқий хизмат кўрсатишнинг шароит ҳамда тартибларини такомиллаштириш мақсадида аниқ амалий чора-тадбирлар кўрилаётганини маълум қилди. Авваламбор, қатор консуллик фаолиятида ватандошларимиз мурожаатларини кўриб чиқиш механизм ва муддатлари енгиллаштирилаяпти. Масалан, чет элда йўл ҳужжатлари йўқолган ҳамда Ватанга қайтиш учун гувоҳнома берилишини сўраб мурожаат этган аризачининг шахсини тасдиқлаш муддати 3 ойдан 7 иш кунига қисқартирилди. Хорижий давлатларда яшовчи ва ўз паспортларини биометрик ҳужжатга алмаштиришга улгурмаган фуқаролар учун эски паспортдан йўл ҳужжати сифатида фойдаланиш муддати 2018 йил 1 июлгача узайтирилди. Шу билан бирга, вазирлик ва хорижий ваколатхоналаримиз консуллик-ҳуқуқий фаолиятига хизмат кўрсатишнинг интерфаол усуллари жадаллик билан жалб этилаётир. Бугунги кунда фуқароларимизга “Интерфаол консуллик хизматлари” портали орқали 12 турдаги консуллик -хизмати кўрсатилмоқда. Хорижий фуқароларнинг Ўзбекистонга кириш визасини олишни расмийлаштириш учун 5 та тилда “E-Visa” интернет портали яратилди.

 

Меҳнат миграцияси — асосий эътиборда

Ҳеч кимга сир эмаски, глобаллашув даврида одамларнинг дунё бўйлаб оммавий ҳаракатланиши кўплаб давлатлар, шу жумладан, юртимиз учун ҳам одатий ҳолга айланди. Ватандошларимиз хорижга меҳнат қилиш, таҳсил олиш, бизнес ҳамкорлигини йўлга қўйиш ва сайёҳлик мақсадларида бораяпти.

Вазирнинг айтишича, фақат Россия Федерациясининг ўзида 1,7 миллион ўзбекистонлик бор. Фуқаролардан келиб тушган шикоятларни таҳлил этиш асосида ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари самарали ҳимоя қилинишини таъминлаш мақсадида Россиянинг Санкт-Петербург, Қозон, Ростов-Дон, Екатеринбург, Владивосток шаҳарларида консуллик ваколатхоналарини очиш чоралари кўрилмоқда. Айниқса, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Россия Федерациясига давлат ташрифи чоғида имзоланган иккита ҳукуматлараро келишув — Россия ҳудудида вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун фуқароларимизни ташкилий равишда тўплаш ва жалб этиш ҳамда миграция масалаларига масъул органларнинг икки тарафлама ваколатхоналарини ташкил қилиш тўғрисидаги битимлар фавқулодда муҳим аҳамият касб этади. Ушбу ҳужжатлар устида ўн йил давомида иш олиб борилди. Ҳозирги кунда мазкур ҳужжатларни ратификация қилиш жараёнлари кетаётир.

Мамлакатимизнинг Россиядаги элчихонаси вакили Равшан Алимовнинг қайд этишича, ушбу мамлакатда 43 мингдан ортиқ фуқаролар консуллик рўйхатига олинган. Жорий йилда юртдошларимиз билан ишлаш самарадорлигини ошириш мақсадида ташкилий, ҳуқуқий, техникавий чоралар кўрилди. Жумладан, турли шаҳарларда сайёр учрашувлар ташкил қилиниб, уларга 4 минг нафар ҳамюртимиз қамраб олинди. Президентимиз Россияга давлат ташрифи доирасида эришилган битимлар меҳнат мигрантларининг ижтимоий, ҳуқуқий ҳимоясини кучайтиради, айни пайтда иш берувчилар мажбуриятларини аниқ белгилаш орқали уларнинг масъулиятини оширишга хизмат қилади. Бугунги кунда элчихона томонидан фуқаролар қабулини енгиллаштириш, электрон навбатни жорий қилиш чоралари кўрилаяпти.

Мулоқотда хорижий мамлакатларда меҳнат қилаётган юртдошларимиз томонидан ушбу масала юзасидан қатор саволлар берилди. Жумладан, 2009 йилдан бери АҚШнинг Вашингтон шаҳридаги Жаҳон банки офисида ишлайдиган Нодир Зокиров мамлакатимиз ваколатхоналарида аксарият ҳужжатларни ҳал этишда Ташқи меҳнат миграцияси рухсатномаси бўлмаслиги сабабли турли муаммоларга дуч келаётганини, бунда қандай енгилликлар борлигини сўради.

Маълумки, амалдаги қонунчиликка мувофиқ, фуқароларимиз хусусий меҳнат контрактлари бўйича меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун чет элларга фақат Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги томонидан бериладиган рухсатномалар бўйича чиқиш ҳуқуқига эга. Мазкур агентлик директори вазифасини вақтинча бажарувчи Х. Асамовнинг таъкидлашича, 2017 йилнинг март ойидан бошлаб рухсатнома идоралараро тартибда эмас, агентлик томонидан бериладиган бўлди. Бу жараён 30 иш кунидан 5 иш кунига қисқартирилди. Агентлик томонидан истиқболда аҳолидан келиб тушаётган мурожаатларни инобатга олган ҳолда, рухсатномани онлайн режимга ўтказиш чораси кўрилмоқда.

Вазирлик раҳбариятининг қайд этишича, бундан ташқари, хорижий давлатлардаги бир қатор консулхоналарда ходимлар сонини кўпайтириш режалаштирилган.

 

Ташқи сиёсатда устувор мезон

Мулоқотда нафақат ватандошларимиз дуч келаётган саволларга жавоб қайтарилди, айни пайтда мамлакатимизнинг бир қатор халқаро масалалар юзасидан позицияси баён қилинди. Қайд этилганидек, Ўзбекистон ўзаро ишонч ва манфаатларни ҳисобга олиш асосида хорижий давлатлар, энг аввало, қўшни мамлакатлар, қолаверса, халқаро институтлар билан яқиндан ҳамкорликни бугунги кун талаблари даражасида давом эттираётир. Ўзбекистон Республикасининг Ташқи сиёсий фаолият концепциясида белгилаб қўйилганидек, ҳеч қандай ҳарбий-сиёсий блокларга қўшилмаслик, бошқа давлатлар ҳарбий базалари ва объектлари Ўзбекистон ҳудудида жойлашишига, шунингдек, ҳарбий хизматчиларимизнинг мамлакатимиз ҳудудидан ташқарида бўлишига йўл қўймаслик, илгаригидек, давлатимизнинг қатъий сиёсий позицияси бўлиб қолади.

Халқаро пресс-клубда, шунингдек, Хитой Халқ Республикаси томонидан илгари сурилган “Бир макон, бир йўл” концепцияси Ўзбекистонга нима бериши ҳақида сўз юритилди. А. Комиловнинг билдиришича, Ўзбекистон — Хитой ўртасида икки томонлама алоқалар жадал ривожланиб бормоқда. Бунда Стратегик шериклик тўғрисидаги шартноманинг аҳамияти ниҳоятда катта. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг яқинда Хитойга амалга оширган давлат ташрифи доирасида жуда муҳим ҳужжатлар, шартномалар имзоланди. Икки мамлакат ўртасида ҳеч қандай сиёсий муаммолар йўқ. “Бир макон, бир йўл” концепцияси ҳақида гапирганда, шуни қайд этиш керакки, ушбу ташаббус биз учун аниқ лойиҳаларни кўзда тутади. Улар иқтисодий, тижорат, савдо, транспорт соҳаларини қамраб олади. Мазкур концепция асосида бизга муайян лойиҳалар таклиф қилинади, уларни чуқур ўрганиб, хулосага келишимиз керак. Агар бизнинг манфаатларимизга жавоб берса, иштирок этамиз”, деди вазир.

Таъкидланганидек, Ўзбекистон Афғонистонда тинч-осойишта ҳаётни тиклаш бўйича афғон халқи ва халқаро ҳамжамият саъй-ҳаракатларини қатъий қўллаб-қувватлайди. “Ўзбекистон атрофида тинчликни қарор топтириш Президентимиз олиб бораётган ташқи сиёсатнинг асосий мақсадларидан бири. Қўшни мамлакатлар, шу жумладан, Афғонистон билан келажакни ўйлаб, стратегик нуқтаи назардан муносабатларни ривожлантираяпмиз. Ўзбек халқи — тинчликсевар халқ”, деди А. Комилов.

Учрашувда терроризмнинг ватани йўқлиги, бу хавфдан ҳеч ким ҳимояланмагани айтиб ўтилди. Ўзбекистон бу борада халқаро ҳамжамият билан ҳамкорликда иш олиб бориши таъкидланди.

 

Ўзбек диаспораси билан фаол иш олиб борилади

Мулоқотда хорижда яшаётган ўзбек диаспоралари билан биргаликда юртимизнинг нуфузини ошириш, миллий маданиятимизни, қадриятларимизни тарғиб қилиш, жумладан, улар орасида ўзбек тили ўргатилишига эътиборни кучайтириш зарурлигига алоҳида эътибор қаратилди. Бугунги кунда турли маданий ва байрам тадбирларини ўтказишда ўзбек диаспораси билан фаол иш олиб борилаётгани қайд этилди.

Лондонда яшаётган ҳамюртимиз Одилбек Исоқов ўз видеомурожаати орқали ўзбекистонликлар фарзандлари учун шанба куни ўзбек тилида дарс берадиган мактабни ташкил қилишаётганини, бунинг учун керакли бўлган дарслик, қўлланмалар билан таъминлаш масаласида амалий ёрдам кўрсатишларини сўради. Мулоқотда, ўз навбатида, бундай ташаббуслар ҳар томонлама қўллаб-қувватланиши айтиб ўтилди. “Биз, албатта, фахр билан ёрдам берамиз. Чунки ўзбек тилининг бутун дунёда тарқалиши тилимизнинг обрўси, Ўзбекистонимизнинг имижи ҳисобланади”, деди вазир. Ушбу масалада амалий чоралар кўриш учун мутасаддиларга тегишли топшириқ берилди.

Маълумки, Президентимиз Шавкат Мирзиёев “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракатининг IV қурултойида чет элларда ўқиётган, меҳнат қилаётган ёшлар билан иш олиб борадиган, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялайдиган бир ташкилот тузиш кераклигини қайд этган эди. Бу таклиф ҳаётга татбиқ қилинадиган бўлса, ушбу йўналишдаги ишлар сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқилиши иштирокчилар томонидан таъкидланди.

Мулоқотда, шунингдек, консуллик ҳисобига қўйиш, фуқаролик, ҳужжатларни расмийлаштириш, элчихоналар фаолияти самарадорлигини ошириш ва халқимизни ўйлантираётган бошқа масалалар юзасидан атрофлича мулоҳаза юритилди.

Қобил ХИДИРОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

 

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn