Тадбиркорлар билан самарали мулоқот хусусий сектор ривожини янада жадаллаштиради
  • 04 Июль 2017

Тадбиркорлар билан самарали мулоқот хусусий сектор ривожини янада жадаллаштиради

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси томонидан “Тадбиркорлик субъектларининг жавобгарлигини янада либераллаштиришда тадбиркорлар билан мулоқотнинг аҳамияти ва бу борадаги долзарб масалалар” мавзуида давра суҳбати ўтказилди. Унда сенаторлар, суд ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.

Мамлакат тараққиёти, халқнинг турмуш фаровонлиги, жамиятдаги ижтимоий барқарорлик хусусий сектор ривожи билан узвий боғлиқ эканини бугун барчамиз чуқур англаб етмоқдамиз. Шу нуқтаи назардан, юртимизда  тадбиркорлик фаолиятини янада қўллаб-қувватлаш давлат сиёсатининг асосий устувор йўналиши ҳамда давлат органларининг биринчи даражали вазифаси этиб белгилангани, бизнес вакилларига кенг эркинлик бериш, уларнинг ишига аралашувни тубдан қисқартириш, манфаатларини ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтиришнинг ташкилий-ҳуқуқий асоси такомиллаштириб борилаётгани алоҳида диққатга сазовор. Хусусан, Президентимизнинг 2016 йил 5 октябрдаги “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони мазкур соҳадаги ислоҳотларни янги поғонага олиб чиқди.

Унинг ижроси доирасида кичик бизнес ҳамда хусусий тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларини мустаҳкамлаш, иқтисодиётни янада эркинлаштириш, республиканинг инвестициявий жозибадорлигини оширишга салбий таъсир кўрсатувчи омиллар, жумладан, бюрократия, тамагирлик, коррупция тусидаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва профилактикасини кучайтиришга жиддий эътибор қаратилаётир.

Шундай қилиб, 2017 йилнинг 1 январидан эътиборан тадбиркорлик субъектлари фаолиятини режадан ташқари текширишларнинг барча тури бекор қилинди. Маъмурий ва жиноят қонунчилигини либераллаштиришнинг мантиқий давоми сифатида молия-хўжалик фаолиятини амалга оширишда биринчи марта ҳуқуқбузарликлар содир этган тадбиркорлик субъектлари ва уларнинг ходимлари ҳамда тадбиркорлик фаолиятини давлат рўйхатидан ўтказмасдан амалга ошираётган шахслар, улар томонидан етказилган зарарни қоплаган ва қонунбузилиши оқибатларини белгиланган муддатларда ихтиёрий бартараф этган тақдирда, жавобгарликнинг барча туридан озод қилиниши, тадбиркорлик субъектларига нисбатан тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқидан маҳрум қилиш тарзидаги жиноий жазо қўллаш тақиқлангани яна бир аҳамиятли жиҳатдир. Буларнинг барчаси пировардида бизнес вакилларининг ишбилармонлик фаоллигини рағбатлантиришга хизмат қилмоқда.

Тадбир иштирокчилари шулар хусусида сўз юритиб, 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси асосида бизнес ҳамжамияти ва давлат органлари ўртасида самарали мулоқот ҳамда соғлом шерикчилик механизмларини йўлга қўйиш, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш тизимининг самарадорлигини янада ошириш бугуннинг долзарб вазифаси эканини таъкидладилар. Айтиб ўтилдики, давлатимиз раҳбарининг шу йил 19 июнда қабул қилинган “Бизнеснинг қонуний манфаатлари давлат томонидан муҳофаза қилиниши ва тадбиркорлик фаолиятини янада ривожлантириш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони бу борада муҳим дастуриламал ҳужжат ҳисобланади.

— Фармонда аҳолини ишбилармонлик фаолиятига янада фаол жалб этиш, тадбиркорлик субъектлари фаолиятининг барча босқичида юзага келаётган муаммоларни ортиқча сарсонгарчиликларсиз ва қоғозбозликсиз тезкор ҳал қилиш, бизнес вакилларига сифатли давлат хизматлари кўрсатишнинг амалий механизмлари ўз ифодасини топган, — дейди Сенатнинг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси Б. Матмуратов. — Бундан ташқари, ушбу ҳужжат тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш борасида асосий ижрочи саналган Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси фаолиятида кузатилаётган камчиликлар ҳамда мавжуд бўшлиқларни бартараф этиб, сезиларли ўзгаришларга замин яратадики, бу жадал суръатдаги ислоҳотларнинг ҳозирги босқичида айни муддаодир.

Давра суҳбатида тадбиркорлик субъектларининг жавобгарлигини либераллаштириш ва тадбиркорлар билан мулоқот қилиш масалаларида ҳамон муайян камчиликлар кузатилаётгани танқид қилинди. Сенаторлар мана шундай ҳолатларга барҳам бериш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Солиқ, Хўжалик процессуал, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларининг тегишли нормаларига ўзгартиш ҳамда қўшимчалар киритиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш зарурлигини қайд этдилар. Шунингдек, тадбиркорларнинг ҳуқуқий саводхонлигини оширишда оммавий ахборот воситалари имкониятларидан янада кенгроқ фойдаланиш, соҳага оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ўзида жамлаган, фойдаланиш учун қулай бўлган электрон ресурслар, порталлар, мобиль дастурлар ва электрон ҳуқуқий маслаҳатхоналарни ташкил этиш, суд, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари ҳамда адвокатлар жойларда хусусий сектор вакиллари билан мунтазам равишда учрашувлар, семинар-тренинглар ўтказиб, янги қабул қилинган қонунлар, амалдаги қонун ҳужжатларига киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар юзасидан тушунтиришлар бериб бориши ҳаётий заруратдир.

Тадбир якунида тегишли тавсиялар қабул қилинди.

Фарида МАҲКАМОВА,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn